Ўзбекистонда 1 июндан нималар ўзгаради?

01.06.2026 10:43

2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида аҳоли, тадбиркорлар ва давлат идоралари фаолиятига дахлдор бўлган қатор муҳим ўзгаришлар кучга кирди. Янги тартиблар энергетика, солиқ сиёсати, меҳнат муносабатлари, қурилиш, фармацевтика ва божхона соҳаларини қамраб олади.

1 июндан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг янгиланган тарифлари амал қила бошлади. Бунда амалдаги табақалаштирилган тизим сақлаб қолинди.

Оддий маиший истеъмолчилар учун ойига 200 кВт/соатгача электр энергияси 650 сўмдан ҳисобланади. Табиий газ учун эса иситиш мавсумида 500 куб метргача, қолган даврларда 100 куб метргача бўлган ҳажм 1100 сўмдан белгиланди. Ушбу меъёрлардан юқори истеъмол қилинганда оширилган тарифлар қўлланади.

Кичик бизнес учун муҳим янгилик сифатида ҚҚС ва фойда солиғи тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилди. 

Меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун нақд пул қабул қилиш ҳуқуқи қайтарилди.

1 июндан кўмир ижтимоий аҳамиятга эга стратегик товарлар рўйхатидан чиқарилди. Натижада, унинг нархи талаб ва таклиф асосида шаклланади.

Кўмир маҳсулотлари асосан биржа савдолари орқали сотилади. Йирик истеъмолчилар ва иссиқлик электр станциялари эса ўртача биржа нархларида харид қилиш имконига эга бўлади.

Халқаро сертификат ва малакага эга бўлган солиқ хизмати ходимларига ҳар ой лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида устама тўланади.

Мазкур қўшимча тўловлар Солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Эндиликда умумий овқатланиш муассасалари ходимларни бир кунлик, бир неча кунлик ёки ҳафталик муддатларга ҳам расмий ишга қабул қилиши мумкин.

Янги тартиб меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган шаклда амалга оширилади.

Угом дарёси давлат гидрологик табиат ёдгорлиги сифатида муҳофаза қилинади.

Шу муносабат билан дарё соҳиллари ва сувни муҳофаза қилиш ҳудудларида қурилиш ишлари, сунъий иншоотлар барпо этиш ҳамда гидротехник объектлар қуриш тақиқланди.

Қурилиш соҳасида жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Қурилиш объектларида шаҳарсозлик қоидаларининг қўпол бузилиши аниқланганда нафақат пудратчи, балки техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи мутахассислар ҳам жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий объектлар ва йирик қурилишлар онлайн камералар орқали назорат қилинади.

Маҳкум ёшлар рақамли касбларга ўқитилади. Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида «Иккинчи имкон» лойиҳаси бошланди.

Лойиҳа доирасида маҳкум ёшларга дастурлаш, рақамли технологиялар ва хорижий тиллар ўргатилиб, курс якунида электрон сертификат берилади.

Коррупция хавфи юқори лавозимлар текширилади. Инспекцияларда коррупциявий хавфи юқори деб баҳоланган вазифаларда ишловчи ходимлар махсус диагностикадан ўтказилади.

Агар ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси паст деб топилса, у бошқа лавозимга ўтказилади.

Фармацевтика соҳасига янги имтиёзлар белгиланди. Дори воситалари ишлаб чиқарувчилари халқаро GMP сертификатларини олиш билан боғлиқ харажатларининг ярмигача компенсация олиши мумкин.

Шунингдек, маҳаллий олимлар томонидан яратилган янги дори воситалари учун клиник синов ва рўйхатдан ўтказиш харажатларининг катта қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Маркировка кодлари ўзаро тан олинади. Ўзбекистон ҳамкор давлатлар билан сув ва салқин ичимликлар учун рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш тизимини жорий қилди.

Бу маҳсулот ҳаракатини кузатиш ва ноқонуний айланмага қарши курашиш имкониятларини кенгайтиради.

Божхона тўловларини кечиктириш имконияти пайдо бўлди. Тадбиркорлар учун божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий этилди.

Шу билан бирга, божхона аудитида «маслаҳатчи-аудитор» тамойили қўлланиб, тадбиркорларга аниқланган камчиликларни мустақил бартараф этиш имконияти берилади.

Шу билан бирга, қурилиш, коррупцияга қарши кураш ва экологик муҳофаза соҳаларида назорат механизмлари кучайтирилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар