Хоразмда мурдаларни сўроқ қилиб, жазолаган судьяларга Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров нима учундир кўз юмиб келмоқда.
Хоразмнинг айрим судьялари мурдаларни сўроқ қилишни ва ҳатто жазолашни ҳам уддалайди. Энг қизиғи бунинг учун уларни ҳеч ким жавобгарликка тортмайди. Судьялар Олий кенгаши раҳбарияти мурдадан кўрсатма олган судья Ж. Султоновага чора кўрилмаслигини маълум қилган. Кенгашнинг билдиришича мурдадан кўрсатма олиш иши узоқ 2016 йилда содир бўлган шу сабабли, судья Ж. Султоновага чора кўрилмайди.
Жорий йилнинг 31 май куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Rost24.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши масъулларига “мурдани сўроқ” қилган судья масаласида савол берган эди. (Rost24 - Ўзбекистон суд тизимида “мурдани сўроқ қилган” судьялар ҳам ишлаб келмоқда). Яъни, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди раиси Ж. Султонова никоҳни бекор қилиш масаласида судга мурожаат қилган фуқарони (аёл) гўёки судда сўроқ қилиб, даъвосидан воз кечганини асос қилган ҳолда ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаради. Кейинчалик судда даъвосидан воз кечгани айтилган аёл суд мажлиси бўлган санадан ўн кунча аввал вафот этгани фош бўлади.
Матбуот анжуманида Судьялар олий кенгаши масъуллари “мурдани тирилтирган судья” бўйича кенгаш Суд инспекцияси томонидан алоҳида ўрганиш олиб борилиши ва натижаси бўйича Rost24.uz сайтига ахборот берилишини маълум қилганди.
Орадан кўп ўтмай Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби Турсунали Акбаров "мурдани сўроқ қилган судья" масаласини ўрганилганда тасдиғини топганини билдирди ва бундай ўта қўпол хатога йўл қўйган судьянинг жавобгарлик масаласи Кенгаш кун тартибига киритилиб, коллегиал ҳал этилишини билдирди. («Мурдани тирилтирган» судьяга нега чора кўрилмаяпти?).
Орадан икки ойга яқин вақт ўтгач, 17 август куни Судьялар олий кегаши томонидан “Судьялар олий кенгаши фаолиятидаги шаффофлик, судьяларни лавозимга тайинлашнинг механизмлари ҳақида” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда мурдани тирилтирган судья Ж. Султоновага чора кўрилмаслиги очиқланди.
Мурдаларни тирилтирган судьялар жазоланмаганлиги сабаблими, Хоразмда марҳумларни сўроқ қилиш ва уларга жазо тайинлаш урф бўлган кўринади.
Хоразмда “марҳумни сўроқ қилиб”, ҳатто унга “жазо тайинлаган” яна бир судья фаолият кўрсатгани маълум бўлди. Энг қизиғи, бундай ақлга сиғмас ҳолат ҳақида айнан Турсунали Акбаров матбуотда бонг урган экан. Унинг бу ҳақидаги мақоласи бундан роппа-роса икки ярим йил аввал “Xabar.uz” сайтида чоп этилган “Хоразмча чархпалак? Ҳовва!” сарлавҳали фельетонида жиноят ишлар бўйича Боғот туман суди раиси Е.Бердиев “бир марҳумни (!) суд қилиб, жазо тайинлаворгани”, шунга қарамай ўша “сеҳргар” судья кўп ўтмай Хўжайли туман маъмурий суди раислигига лойиқ кўрилгани ҳайрат билан қайд этилади.
Яқин-яқингача суд тизимидаги муаммолар ва судьяларнинг камчиликлари ҳақида ўткир танқидлар ёзиб, Судьялар олий кенгашининг матбуот котиби лавозимига тайинлангандан кейин уларнинг беминнат ҳимоячисига айланган Т. Акбаровни бир пайтлар ўзи ёзган фельетон баҳона яна безовта қилдик.
Турсунали Акбаровнинг аввалги мақоми (“Xabar.uz” махсус мухбири) билан ҳозиргиси (Судьялар олий кенгаши матбуот котиби) ўртасида катта фарқ борлиги, айни пайтда айтадиган гапи унинг шахсий фикри эмас, Кенгаш нуқтаи назарини билдиришини айтиб, саволдан ўзини олиб қочди.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, саволларни сайт орқали билдиришни лозим топдик.
Саволлар Т. Акбаровга берилса-да, аслида Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоровга қаратилган.
Демак:
1. “Мурдани сўроқ” қилиб, даъвосидан воз кечгани ҳақида сохта ажрим чиқаргани тасдиқланган фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суднинг собиқ раиси (ҳозирги кунда Хоразм вилояти маъмурий судининг судьяси) Ж Султоновага нега чора кўрилмади?
2. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси Е. Бердиев жазога тортган “марҳум” ким ва унга қандай жазо берилган? Шу кунларда судья Е. Бердиев тизимда ишлаётгани ростми?