Ҳукуматдан ҳайдалган "катта кланлар". Ҳозир улар қаерда?

16.04.2022 10:00

Парпиев, Азимов, Жўрабеков, Ғаниев, Острогожская... 

Бир вақтлар бу фамилияларни эшитган ҳар қандай тизим сергак тортгани ҳақиқат. Бу ном остидаги амалдорлар қаерда ишламасин, гўёки ҳукуматдан ҳеч қачон кетмайдигандек, тебранмас кадр сифатида тасаввур қолдирган эди. Шуниси аниқки, энг залворли лавозимларни эгаллаган бу шахслар ўшанда Ўзбекистон тақдирини ҳал қилишда муҳим рол ўйнаб келган. 

Бироқ янги даврда уларнинг айримлари лавозимдан кетди, айримлари эса сиёсий марказдан (сиёсий майдондан) узоқлаштирилди. Rost24.uz сайти Мирзиёев даврида ҳукуматдан кетган амалдорлар рўйхатини эълон қилади.

Элла Острогожская

Элла Острогожская, Давлат бюджети бош бошқармасининг 20 йиллик собиқ бошлиғи.

"Мана битта мисол: ўтган 2016 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда маҳаллий бюджетга бир сўм ҳам пул қолмаган. Бир сўмниям бермаган Острогорский-Мастрогорский-Састрагорский-Гастрогорский деган бир команда бор. Фақат мендан қўрқарди улар, ҳозир ҳаммасини ҳайдавордим”, деган эди Президент Мирзиёев 2016 йилги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатномасида. Шунингдек, президент Молия вазирлиги 20 йил давомида унга ўхшаган ноинсофлар қўлида бўлганлиги, ҳайдалиб кетганидан кейин ҳам то ҳозирга қадар ҳисоботлардан Острогорскийнинг ҳиди келиб турганини қўшимча қилган. 

Шавкат Мирзиёев айтган шахс Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасининг собиқ бошлиғи, "Меҳнат шуҳрати" ордени совриндори  Элла  Острогожскаядир. Президент танқидидан сўнг Элла хоним ҳақидаги хабарлар барча ОАВ дан жой ола бошлади. Президент танқидигача, Острогожская ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. У собиқ Молия вазири Рустам Азимов билан тил бириктириб иқтисодий рақамларни сохталаштириш орқали ёлғон маълумотлар бериш ва давлат бюджетига катта зарар етказишда айбланган.

“Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаган. Шу ўринда бир далил: 2016 йилги давлат бюджетида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун бор-йўғи 483 сўм кўзда тутилган. Мамлакатимиз бўйича дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 229 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу рақамларни таққослаш учун 2018 йилги давлат бюджети параметрларида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 5 минг сўм ёки дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 915 миллиард сўм (4 баравар кўп) режалаштирилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. Энди тасаввур қилинг, тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 483 сўм белгилаган бу «жонкуярлар» наҳотки кетадиган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олмаган бўлса?”, дейилади ўша вақтда эълон қилинган хабарда.

Бироқ унга ва унинг собиқ раҳбари Рустам Азимовга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. 

Исмоил Жўрабеков, собиқ вазир, Президент маслаҳатчиси

Ислом Каримов бошқарув даврининг илк йилларида Ўзбекистон ҳукуматида энг қудратли шахслардан бири бўлган, қишлоқ хўжалик соҳасининг "ҳукмдори" дея аталган Исмоил Жўрабеков фаолиятидаги сирлар ҳалигача тўлиқ очилмаган. 

У 1994 йилдан 1998 йилгача Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари — қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. Кейинчалик бир муддат яъни, икки йил давомида умуман кўриниш бермаган. Унинг қаерда ва қай аҳволдалиги ҳақидаги хабарлар ҳам ошкор этилмайди. 2000 йилда эса Жўрабеков тасодифан Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. У бу лавозимда 4 йил давомида ишлаган ва “Каримовдан кейинги иккинчи шахс” деган номни олишга улгурган эди. Аммо орадан вақт ўтиб, 2003 йилда Жўрабековнинг курсиси қимирлаб қолди ва 2004 йилда истеъфога чиқарилди. 

2015 йилнинг 15 феврал куни эса "Халқ сўзи" газетасида Ўзбекистон Бош прокуратураси бўлим бошлиғи Э. Менглиев имзоси билан мақола чоп этилади. "Қишлоқ хўжалиги: қарз ва масъулият" номли мақолада бир неча йил Исмоил Жўрабеков бошқарган, деб кўрилувчи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммолар "фош қилинган". Мақола муаллифи Исмоил Жўрабековни мансабини суиистеъмол қилишда, катта миқдорда давлат ва жамоатчилик мулкини ўмаришда айблайди. Бош Прокуратура бундан ташқари Исмоил Жўрабеков давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган вақтда ҳукумат ваколатларига кирган масалаларни ўзича ечгани, бошқарув идоралари фаолиятларига асоссиз аралашгани, ноқонуний буйруқлар бергани ва буларнинг ҳаммаси салбий оқибатларга олиб келганини ёзган. Натижада, Бош прокуратура Исмоил Жўрабековга Жиноят кодексининг 3 моддаси бўйича жиноий иш очган.Бироқ Жўрабековнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, унинг ёши ва соғлиғини инобатга олиб Ўзбекистон Президентининг Конституция куни муносабати билан чиқарган амнистия фармони асосида жиноий иш тўхтатилган.

Кўп ўтмай бир нечта собиқ амалдорлар қатори Исмоил Жўрабеков номи ҳам оқланади ва «Дўстлик» ордени билан мукофотланади.

Шундан сўнг Исмоил Жўрабеков бир неча бор мансаб пиллапояларига яна қайтишга уринди. Масалан, Каримов даврида телевидениеда умуман кўриниш бермаган собиқ амалдор марказий телеканал орқали кўрсатилган лавҳада Жиззахдаги Шароф Рашидов ҳайкали очилиш маросимида сўзга чиқиб Рашидов ва Мирзиёевни мақтайди.

Шунингдек, ОАВ вакиллари билан тез-тез интервьюлар ташкиллаштиради. «Халқ сўзи» газетасида Президентнинг «Қишлоқ ва сув хўжалигида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазмун моҳиятига бағишланган «Обиҳаёт — ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз» номли мақола эълон қилади. 2020 йилнинг 24 январида  эса Шавкат Мирзиёевнинг парламентга  мурожаат йўллаган маросимга ҳам келади. Аммо унинг бу ҳаракатлари қимматбаҳо ва баланд курсисини қайтариши учун асос бўла олмади. 

Рустам Азимов, собиқ молия вазири

Каримов даврининг узоқ йиллик Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Рустам Азимовни кўплаб хорижий таҳлилчилар Каримовнинг “сиёсий вориси” деб биларди. Чунки, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти ёнида тез-тез кўриниш бериб турадиган Азимов ҳукуматга жуда мустаҳкам ўрнашиб олган эди. У 1998 йилдан 2000 йилгача, сўнг 2005 йилдан 2016 йилгача молия вазири, Бош вазир ўринбосари лавозимида бўлган. 

2016 йилдаёқ унинг Молия вазирлигидан кетгани ҳақидаги хабарлар тарқаб бўлганди. Аммо, Ўзбекистоннинг халқаро молиявий ташкилотлар билан кўп йиллик тажрибага эга музокарачиси, деб ҳисобланган Азимов осонликча ҳукуматдан кетмади. 

Бироқ мамлакатда янги ислоҳотларни бошлаган Президент Мирзиёев тизимига жавоб бера оладиган, янги куч ва катта ислоҳотларни бошлашга қодир кадрлар керак эди. Президент 2017 йилда Молия вазирлигини кескин танқид қилади ва вазир Рустам Азимовни "ҳаётдан узилиб қолганлик" ва "молия-кредит тизимини барбод қилиш"да айблади. Шу йилнинг июнида Р. Азимов ишдан кетади. У ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида Ўзбекистонда пул-валюта ислоҳотини амалга оширишга ишонтириб келган эди. Бироқ халқ бу даврда қандай қийналганини билиш учун биргина пластик карталарни нақдлаштиришдаги муаммони эслашнинг ўзи кифоя. 

Ҳозир ҳам Рустам Азимов расман «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида бош директордир.

Юқори лавозимга қайтишга умид боғлаган шекилли, 2021 йилнинг 15 октябрь куни орадаги узоқ йиллик жимликдан сўнг Рустам Азимов Президентнинг беш йиллик ислоҳотларини таърифлаб Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида мақола эълон қилган.

У ўз мақоласида Мирзиёевнинг 5 йиллик ислоҳотларидан ҳайратда эканини билдирган. “...мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кейинги 5 йилда бўлган ўзгаришларни ўйлаганда одам ҳайратда қолади”, деб ёзади Рустам Азимов.

 

Элёр Ғаниев, собиқ бош вазир ўринбосари

2012 — 2017 йилларда, беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, 2017 йил ноябридан Президент девонида сектор бошлиғи, 2018 йил августидан — Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.

Кейинроқ унга яна масъулиятли вазифа берилади. 2019 йилнинг январидан 2020 йилнинг январигача Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари, 2020 йилнинг февралидан Очилбой Раматов ўрнига Транспорт вазири  лавозимида ишлаган. 2021 йилдан жамоатчилик нигоҳидан панада бўлган Элёр Ғаниевнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этаётгани сабаб сифатида кўрсатилган. Бироқ айнан қайси ишга ўтаётгани аниқ айтилмаган. Спот.уз нашрининг ёзишича, Элёр Ғаниев ҳозирда «AG Mentors Group» компаниясини ташкил қилган ва ушбу компания яқинда Fantom Foundation билан Ўзбекистонда блокчейнни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Вазир бўлса-да ўзбек тилида музокара олиб боришни хушламаган, Ўзбекистондаги энг катта олигархлардан бўлган Ғаниевнинг бойликлари ҳақида жуда кам ёзилган, ёзилганлари ҳам блокланган. 

Ботир Парпиев, собиқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари

Ўзбек сиёсатидаги катта “бўри”лардан ҳисобланган Ботир Парпиев 1946 йил 23 декабрда Андижон шаҳрида милиционер оиласи туғилган. Унинг отаси Рахмат Парпиев милиция генерал-майори унвони олган ва Андижон вилояти ИИББ бошлиғи лавозимигача ишлаган.

Унинг бошланғич йиллардаги иш фаолияти ҳақида очиқ маълумотлар кам — фақат 1978 йилда Тошкентдаги СССР ИИВ бош мактабини (ҳозирги ИИВ академияси) тамомлагани тўғрисида маълумот мавжуд.

Собиқ Иттифоқ даврининг сўнги йилларида Парпиев илк катта лавозимга ўтади — 1989 йилда Асака тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланади. 1992 йилда эса вилоят ички ишлар бошқармасига раҳбар бўлиб тайинланади.

1996 йилда Ботир Парпиев бевосита ИИВнинг марказий аппаратига ўтади ва ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланади.

1998 йилда Парпиев ички ишлар вазир ўринбосари лавозимига тайинланади ва 2002 йил июн ойигача ушбу лавозимни эгаллайди.

2002 йил июн — Ботир Парпиевнинг Ички ишлар вазирлигида сўнги ойи бўлади.

Аввал у фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланади, ушбу лавозимда ярим йил бўлади. 2003 йилда эса Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига ўтади.

2003 йилнинг ўзида божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олади.

Кейинги йилда Парпиев яна бошқа лавозимга ўтказилади — у Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланади.

2017 йил якунида бир қатор ОАВлар яқинда 71 ёшини қарши олишидан аввал Парпиев истеъфога чиқишга ариза берганлиги ҳақида хабар қилишди. Генерал ўз қарорини соғлиғи ёмонлашди, деб тушунтирди.

2018 йил 11 май куни божхона хизмати генерал-лейтенанти, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Тўнғич ўғли Дилмурод — отаси йўлидан бориб, милиция ходими бўлади. Асака тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимигача боради. 2016 йилда эса "GM Uzbekistan иши" бўйича ҳибсга олинади. Ўша вақтда Ўзбекистон МХХ коррупция ва фирибгарликда гумон қилинган ўнлаб кишиларни, хусусан, GM Uzbekistan бош директори Тохиржон Жалилов, унинг ўринбосари, оддий ходимлар ва орган ходимларини қўлга олади.

Кенжа ўғли Дилшод Парпиев дипломат сифатида ишлашга қарор қилиб, 2017 йил декабрь ойида вазирликнинг консуллик бошқармасига раҳбар бўлади (бунга қадар Сингапурда элчихонада маслаҳатчи бўлиб ишлайди).

Яна бир фарзанди Бобур Парпиев 2016 йил февралда Orient Finans Bank раҳбар бўлади. 2000 йилларда у илм-фан билан шуғулланганлиги маълум. Бобур Парпиев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Иқтисодиёт бўйича номзодликни ҳимоя қилган. Банкда иш фаолияти билан бирга докторлик диссертацияси устида иш олиб борган.

Яқиндагина Ўзбекистон ҳукумати ўзининг энг кекса амалдорлардан бири Ботир Парпиев билан хайрлашди. 

Даставвал, қайта ташкил этилган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири этиб Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худейбергенов тайинлангани хабар қилинди. Кейин эса Худейбергеновга учта ўринбосар тайинланиб, уларнинг орасида шу давргача Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ботир Парпиев йўқлиги аниқ бўлди. 

 

Козим Тўлаганов, собиқ Тошкент ҳокими, Қурилиш вазири ўринбосари.

Козим Тўлаганов 1997 — 2001 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими, кейинроқ бош вазир ўринбосари ва Тошкент вилояти ҳокими (2005 йилгача) сифатида ишлаганди. Бошқалардан фарқли ўлароқ Козим Тўлагановнинг ҳукуматдан четлатилиш сценарийси бошқача тузилган эди. У Каримов даврининг ўзидаёқ яна бир қанча раҳбарлар қатори турли жиноятларда айбланган ва уларга нисбатан турли чоралар кўрилган эди. Бироқ мамлакатнинг янги раҳбари Мирзиёев даврида Тўлаганов ва яна бир қатор ҳукуматда ишлаган амалдорларни оқланади ва айримлари иш фаолиятига қайтади. Тўлагановнинг қурилиш соҳасидаги улкан тажрибасини инобатга олиб, ҳукумат таркибига қайтарилди.

Козим Тўлаганов 2017 йилдаёқ Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан Давлат назорати бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланади. 2017 йилдан эса Қурилиш вазири ўринбосари сифатида иш бошлайди. Аммо 2021 йилда лавозимдан озод этилади. Бунга Президентнинг 2021 йил 3 апрелдаги ПҚ-5053 сонли қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб «Қурилиш вазирининг ўринбосари – Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи» лавозими тугатилиб, «Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи» лавозими жорий этилгани сабаб бўлган. Шавкат Мирзиëев Тўлаганов зиммасига пойтахтни ривожлантириш дастури устидан назорат этиш вазифасини топширган. Козим Тўлаганов бугунги кунда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда.

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
34
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
21.04.2022 03:43
Хаммасини мол-мулкини декларциядан утказиш керак. Бойликларни каердан олганлигини асослаб беришни талаб килиш керак. Иш заки билан шунча бойлик ортириб булармикан.
18.04.2022 21:53
Хаммаси хам етарлича халкни пулини у́злаштириб бойлик орттирган .. Нарги дунёда жавобини беришади албатта
16.04.2022 18:42
Бу бури-амалдорлар амал курсисини осонликча бушатмайди, факатгина улим ажратиши мумкин буларни амалидан. Мансабидан ажраган куни улади, бир умр хукуматни энг зур имтиёзларидан фойдаланиб шунга урганиб колган булар @