Собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг хатосини энди ким тўғрилайди?

08.04.2022 10:57

Собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг нотўғри қароридан халқ жабр кўрмоқда. 5 гектарлик майдонда айни вақтда 25 қаватли бино қурилиши давом этмоқда. Кўплаб хонадонлар аллақачон бузилган, лекин компенсация пуллари тўланмаган. Шикоятлар эса натижа бермаяпти.

Rost24.uz сайтига Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани «Маҳатма Ганди» ва «Асака» кўчаларида яшовчи кўплаб аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди.
Улар ўз мурожаатларида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларининг поймол қилиниб,  турар жойлари ва тадбиркорлик субъектлари ноқонуний бузиб ташланаётганидан шикоят қилишган. Мухбиримиз шикоятчилар мурожаатини ўрганиб, видеорепортаж тайёрлади. 

 

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 12.11.2017 йилдаги 1652-сон қарори билан М.Улуғбек тумани Асака ва Маҳатма Ганди кўчалари оралиғида жойлашган ҳудудда жойлашган турар ва нотурар жой бинолари бузилиши ҳисобига ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб боришга рухсат берилган. Лекин бу ердаги хонадонлар бузилиши ҳақидаги ҳужжат илова қилинмаган.

 


Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан қабул қилинган қарорга кўра кўчмас мулк билан боғлиқ барча ҳаракатлар таъқиқланган. Яъни аҳоли ўз уйларини сотиши, таъмирлаши ёки янги қурилиш қилиши мумкин эмас, деб топилган. Қарор кўчмас мулк эгалари ва мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар билан келишувсиз қабул қилинган, биноларнинг мулкдорлари ва аҳолига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабар берилмаган.

Яна бир ажабланарли томони 2017 йилда қабул қилинган ҳоким қарорида оилаларни кўчириш ишлари “GOLDEN DREAMLANDS” хорижий сармоядор шаклидаги масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса, 2018 йил 6 февралдаги 197 сонли қарор билан “GOLDEN DREAMLAND” номи “GOLDEN DREAMLANDS” номига ўзгартирилади. Rost24.uz сайти мухбири ўрганиш натижасида бу икки ном остидаги икки хил корхона эканлигини аниқлади.

 

Мазкур ҳолатга изоҳ олиш мақсадида “GOLDEN DREAMLANDS” МЧЖ раҳбари Фарҳод Умаров билан боғландик. Аввалига интервью беришга рози бўлган тадбиркор кейинчалик негадир қўнғироқларга жавоб бермади. 

 5 гектарлик майдонда айни вақтда компания томонидан 25 қаватли бино қурилиши давом этмоқда. Кўплаб хонадонлар аллақачон бузилган, лекин компенсация пуллари тўланмаган.

 

Бундан норози бўлган аҳоли вакиллари Тошкент шаҳар ҳокимлигига (охирги мурожаат 2021 йил 29 декабрда 21-сон билан рўйхатга олинган) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (05/18-14-2/-сон) бир неча бор ариза билан мурожаат қилган. «Аммо мурожаатларимиз эътиборсиз қолмоқда»,- дейди жабрланувчилар.

 

Собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов йўл қўйган хатони энди ким тўғрилайди?

 

Мирзо Улуғбек туман ҳокимининг «Асака» маҳалласидаги ёрдамчиси Бунёдбек Ражабов бу муаммо қарийб 4 йилдан буён давом этиб келаётгани, ҳозирда ечим юзасидан ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда ноқонуний сносларга қарши курашиш бир неча йиллардан буён асосий кун тартибидаги масала бўлиб келади. Аҳоли уй-жойларини ноқонуний бузиб, тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари шунчалик авж олдики, бундай ҳолатга йўл қўяётганлар 2019 йилнинг 2 август куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёевнинг кескин танқидига учраганди:
«Қош қўяман деб кўз чиқардиларинг, бутун дунёга шарманда қилдиларинг. Қўлингдан келмаса нима қиласан бузиб? Бузишдан олдин ўзингни каллангни буз! Ёки мен сенларга шундай топшириқ бердимми? Одамларни рози қилиб, лойиҳа қилиб, Бош вазирга ҳисобот бериб, кейин амалга оширларинг деганман».

Шунингдек, президент ўша йиғилишда ҳеч ким бировнинг уйини унинг рухсатисиз бузиб ташлашга ҳаққи йўқ эканлигини таъкидлаган. Видеоселекторда бир қанча ҳокимлар гап эшитган, қаттиқ огоҳлантирилиб ҳайфсан олган. Аммо маълум муддат ҳоким бўлиб, аҳоли уй-жойларини тадбиркорга бериш ҳақида қарор чиқариб, қисқа қилиб айтганда «қилар ишни қилиб» кейин бошқа ишга ўтиб кетиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Юқоридаги ҳолат эса улардан бири холос. 

Қонунбузар амалдорларнинг мана шундай ҳаракатлари сабабли Ўзбекистон "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик" рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринда турибди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев 15 март куни берган маълумотига қараганда,  таркибида кўплаб ҳокимлар бўлган Сенат ҳокимларнинг ўзбошимчалигига чек қўядиган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни қайтармоқчи бўлган

Агар бу қонун кучга кирса ҳокимлар "снос" баҳонасида бизнес субъектларига ерларни бера олмай қолишади.
"Биз бу қонунни қанча тез қабул қилсак антиконституцион ва давлатчилик ҳурматига путур етказаётган бир қатор лоббистик қарорлар, шу жумладан айрим ҳокимлар амал ҳам қилмайдиган ҳукуматнинг 911-сонли қарори бекор қилинишига эришамиз" деган Кушербаев.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар