Хабарингиз бор Украинада уруш бўлаётганига 40 кундан ошди. Бугунги кунда ҳам турли ҳудудларда ҳарбий амалиётлар давом этмоқда.
Кўпчилик давлатлардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 23 мартига қадар 6000 дан ортиқ юртдошимизни махсус эвакуацион рейслар орқали бепул Ватанга қайтишига шароит яратиб берган эди. (Маълумки, деярли барча мамлакатлар фуқаролари ўз ҳисобидан Украинани тарк этган.)
Бироқ Ўзбекистонга давлат ҳисобидан бепул келиб олган айрим фуқаролар эндиликда Украинага яна қайтиб кетиш тараддудини кўрмоқда.
Ҳар бир йўловчи учун қанча маблағ сарфлангани борасида Транспорт вазирлигидан сўраганимизда, якуний ҳисоб китоблар фақат чартер рейси эмас, балки Украинанинг ўзида ҳам автобуслар йўлга қўйилгани сабабли аниқ айтиш қийинлигини маълум қилди. Лекин, чартер рейс харажатлари одатдаги рейслардан кўпроқ сумма бўлади, деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов.
Бу эвакуация жараёни харажатлари, албатта, кичик сумма эмас ва улар солиқ тўловчиларнинг гарданига тушади. Шу кунларда эса озчилик бўлса-да, айрим юртдошларимиз Украинага қайтиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида сўрашмоқда. Бу сўроқлар Украинадаги ўзбеклар учун очилган махсус гуруҳда билдирилган. Албатта, ҳамманинг ўз сабаби, ўз асоси бор. Лекин ҳали ҳам уруш давом этаётган мамлакатга қайтиш учун қандай катта сабаб бўлиши керак? Ёки урушнинг турли талқинларда ёритилаётгани бу жойларда тинчлик аллақачон ўрнатилди, деган фикрни уйғотяптими? Иш ўринлари йўқлиги ёки борларида ҳам маошнинг камлиги балки уларни қайтишларига сабаб бўлаётгандир. Бу саволларга жавоб олиш мақсадида гуруҳда ёзган одамларнинг ўзларига мурожаат қилганимизда бизга жавоб беришни исташмади.
Уруш бошлангандан буён ўзбекларга волонтёр сифатида ёрдам бераётган Темур Юсупов билан биз яна боғландик. Унинг айтишича, ҳали Украинада 150-200 нафар атрофида ўзбекистонликлар бор ва улар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганлар бу ёғига ўз ресурслари билан келишади. Эвакуацияни сўнгги кунида рейс йўловчилари жуда кам бўлган ва бу рейсга етарлича ҳамюртларимиз йиғилиши учун бир неча кун кутишга тўғри келган. 6000 нафар фақат эвакуация қилинган юртдошларимиз сони, ҳозирда Европанинг турли давлатларига ўтган ҳамюртларимиз ҳам бор, улар асосан норасмий ҳаракатланганликлари учун сони аниқ эмас, дейди у.
Украинага қайтиш истагидаги ўзбекистонликларга жарроҳ Темур Юсупов, қайтмасликни маслаҳат бериб, уруш ҳали давом этаётганини эслатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз фуқароларини бепул олиб келди. Қозоғистоннинг фуқаролари сони Ўзбекистонникидан бир неча баробар кам эди. Туркманистон сайловларни баҳона қилди, Тожикистон ва қирғиз элчихоналари маслаҳат бериш даражасида иш олиб боришди. Энг кўп фуқароларини эвакуация қилган биз бўлдик. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қандай катта иш қилинганини мен гувоҳиман деди, волонтер Темур Юсупов.
Суҳбатни аудиода тўлиқ тинглаш мумкин:
Маълумот учун: Халқаро Миграция Ташкилоти ҳисоботига кўра, Украинадаги уруш туфайли 11 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган.