МУРОЖААТ: Ўринбосарим фирмамга тегишли бўлган катта ер майдонини ўзининг номига ноқонуний ўтказиб олди

31.03.2022 19:14

Олий суд барчасини кўрсатиб, асослаб берди. Аммо судьялар яна эътибор қилмади

СУДЬЯЛАР 19 ТА ФАКТНИ ИНОБАТГА ОЛИШНИ НЕГА ХОҲЛАМАЯПТИ?

Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайтига судьялар эътиборсизлигидан шикоят қилган «Бунёд» МЧЖ раҳбари Шавкат Юсупов қуйидаги (факт)ларни баён қилади:

Ўринбосарим Азадбай Бабажанов фирмамизга тегишли 1,32 гектар ер майдонини қалбаки ҳужжатлар орқали 2006 йил 7 февраль санаси билан ўзининг номига ўтказиб олган.

Фактлар асосида ҳужжатларни йиғиб тегишли ташкилотларга бердим. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2021 йил 30 апрелдаги ҳукми билан оқланиб, жиноят иши ҳаракатдан тугатилган. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 февралдаги ажрими билан мазкур ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Мазкур жиноят иши муқаддам биринчи ва апелляция инстанциялари судлари томонидан кўрилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 14.10.2021 йилги ажрими билан Тошкент вилояти суди апелляция инстанциясининг 19.07.2021 йилги ажрими бекор қилинган ва жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Бу борада Олий суд ишни қайтадан кўриб қуйидаги факт ва далилларга асосан қонуний қарор қабул қилиш лозимлигини таъкидлаган:

1.  Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси ЁАЖнинг 2006 йил 7 февралда олди-сотди аукцион шартномаси ҳақиқатда ўтказилганлигини ўрганиш;

2.  Аукционни ўтказган брокерларни шахсини аниқлаб, уларни сўроқ қилиш;

3.  Зангиота туман ҳокимининг 2010 йил 17 августдаги 586-сонли «Барокат» ТИЧ фирмасидан 4,5538  гектар ер майдони «Бунёд» МЧЖга ўтказиш ҳақидаги қарорини ҳозирги кунда ҳам қонуний кучдалигига аниқлик киритиш;

4.  Мазкур ерни топшириш ва ер чегарасини аниқлаш ҳақидаги 20.07.2010 йилдаги далолатномасида Зангиота туман Ер тузиш ва кўчмас мулк Кадастри бошлиғи сифатида А.Сагдуллаев имзо чекканлиги ҳолатини ўрганиб, Зангиота туман Ер тузиш ва кўчмас мулк Кадастрининг 2011 йилда 11-04-08-01-04 сон билан «Бунёд» МЧЖга нотурар жой бино-иншоотларни расмийлаштирган ҳужжатини ҳақиқийлигига баҳо бериш;

5.  Жиноят ишидаги ерни топшириш, қабул қилиб олиш, аукцион савдосидаги ва бошқа ҳужжатларидаги жабрланувчи Ш.Юсупов ва оқланган шахс А.Бабажанов имзоларининг ҳақиқийлигини ва имзо қўйилган вақтини қандай ҳолатда қўйилгани каби саволларга жавоб олиш учун жиноят иши юзасидан Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг хатшунослик экспертизасини тайинлаш.

Бироқ Олий суднинг ушбу кўрсатмалари Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни янгидан апелляция тартибида кўриш чоғида умуман эътиборга олинмаган.

6.  «Республика кўп тармоқли агросаноат биржаси» орқали 07.02.2006 йилда ўтказилган 36/2-А-сонли аукциондан умуман бехабар бўлганман.

7.  Аукциондан кейинги қабул қилиш-топшириш далолатномасидаги мени номимдан қўйилган имзо бошқа шахс томонидан бажарилган. Ҳужжатларга қўйилган муҳр кимга тегишли эканлиги текширилмаган.

8.  Ўша вақтларда «Агросаноат Биржаси» муҳри ким ёки кимлар масъул эканлиги, Агросаноат биржаси муҳри кимда ёки қаерда сақланиши, Агросаноат Биржаси масъул ходимлари кимнинг имзоси муҳри билан тасдиқланиши мумкинлиги ўрганилмаган.

9.  «Агросаноат» биржаси 2006 йилги ҳужжатларини Архивга топширилганлиги ҳақида хат берган, лекин Республика ЎзАрхив агентлигининг маълум қилишича, мазкур шартноманинг нусхалари архивда мавжуд эмас экан.

Республика суд экспертиза маркази шартномадаги имзо Ш.Юсупов томонидан қўйилгани, лекин қабул қилиш-топшириш далолатномаси айнан Ш.Юсупов томонидан қўйилганини аниқлашни имкони йўқлигини таъкидлаган.

Бироқ ишни кўриш чоғида бу тафовутни комиссиявий экспертизани тайинлаш йўли билан бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, биринчи ва апелляция инстанция судлари 2021 йил 25 февралдаги хулосага асосланган ҳолда қарор қабул қилган.

2016 йилда Зангиота ДСИ бошлиғига хат йўлладим. Ушбу хатга келган жавобда эса қуйидаги рақамлар келтирилган:

10.   Зангиота туман ҳокимининг 17.08.2010 йилдаги 586-сонли қарорига асосан «Бунёд» МЧЖга 4,5538 гектар ер майдони ажратилган, ушбу ажратилган ер майдонидан Азадбай Бабажановга 1,32 гектар ер майдонини сотиб олиши муносабати билан Зангиота туман ҳокимининг 2014 йил 13 январдаги 21-сонли қарорига асосан жамиятнинг ер майдони 3,2338 гектар деб ҳисобланганлиги баён қилинган.

Лекин негадир Тошкент шаҳар суди ушбу хатни ҳақиқийлигини текширмаган, хатдаги имзо юзасидан экспертиза тайинланмасдан, унда «BUNYOD» МЧЖнинг муҳри қўйилмагани ҳолатига баҳо берилмаган?

11.   Хатда «Бунёд» МЧЖ ўзига тегишли бўлган 1,32 гектар ер майдонини Азадбай Бабажановга сотилганлиги ёзилган. Бироқ Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ер олди-сотди муносабатларининг объекти бўлиши мумкин эмас! Фақат кўчмас мулк объектлари сотилганидагина, улар жойлашган ер участкалари сотиб олувчининг эгалигига ўтказилиши мумкин.

12.   Ўзбекистон қонунчилигига кўра, МЧЖ раҳбари жамиятга тегишли бўлган мулкни ўз ихтиёри билан тасарруф эта олмайди, асосий активларни сотиш билан боғлиқ битимларни (шу жумладан йирик битимларни) тузиш учун дастлаб бу битимлар Жамиятнинг барча иштирокчилари (таъсисчилари) умумий йиғилиши томонидан маъқулланиши бу ҳақда умумий йиғилишнинг тегишли баённомаси ҳамда Жамият раҳбарининг буйруғи расмийлаштрилиши лозим.

Бироқ биринчи ва апелляция инстанциялари судлари бу ҳолатга ҳеч қандай ҳуқуқий баҳо бермаган.

13.   2006 йил 07 февраль кунидаги 36/2 сонли шартномада ер майдони тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган, мулкнинг умумий майдони 161,98 кв метр эканлиги айтиб ўтилган.

Бу ҳолатда Фуқаролик Кодексининг 481-, 483- моддаларида кўчмас мулк сотилган тақдирда у жойлашган ер майдони ўтказилиши тўғрисида, яъни агар шартномада кўчмас мулкни сотиб олувчига топшириладиган тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган бўлмаса, сотиб олувчига ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан фойдаланиш учун зарур бўлган муайян қисмига эгалик ҳуқуқи ўтиши кўрсатиб ўтилган.

14.   Судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Зангиота тумани кадастр хизмати ходими фуқаро Бабажановга кадастр ҳужжати 2011 йилда расмийлаштирилгани, ушбу кадастрнинг бош жилдида қайси сана ёзилган бўлса, ўша сана кадастр ҳужжати расмийлаштирилган сана эканлиги ҳақида кўрсатув берди.

Бироқ 2006 йилдаги шартномада Бабажанов Азадбай Шержановичнинг номига 2011 йилда расмийлаштирилган кадастр рақамига ҳавола қилинган? Суд бунга ҳам эътибор бермади?

15.   Аукцион савдоларида сотилаётган мулкнинг бошланғич нархи бўлиши, бу нарх босқичма-босқич оширилиб ёки камайтирилиб борилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. 36/2А-сонли шартномада мулк 1 250 000 сўм эканлиги кўрсатилган. Бу мулк баҳоси қаердан шаклланган, мулкнинг бошланғич нархи қанча бўлган, ғолибга қанчага сотилганлиги билан ҳеч ким қизиқмаяпти.

16.   Брокерлик ташкилотига сотилган мулкдан 5 фоиз миқдордаги маблағ тўланиши керак экан.

Брокер юридик шахс бўлганини инобатга оладиган бўлсак, ушбу маблағ брокерлик ташкилотига пул кўчириш йўли орқали ўтказиб берилиши керак эди. Лекин бундай тўлов умуман амалга оширилмаган.

17.   «Бунёд» МЧЖ ҳисоб рақамига харидор Азадбай Бабажановдан 2006 йил давомида мулк сотиб олиш учун ҳеч қандай маблағ тўланмаганини ҳамда жамиятимиз ҳисоб рақамидан брокер ташкилотига ҳеч қандай маблағ ўтмаганини тасдиқловчи АТИБ «Ипотека» банкнинг маълумотномаси тақдим этилди.

Ушбу шартноманинг 2.2-бандида "Расчёт с "Подавцом" за приобретёную "Недвижимость" производится путём передоплаты 100 % в течении 90 дней с момента заключения настояшего договора купли-продажи на Республиканской агропромышленной универсальной бирже." деб аниқ кўрсатилган бўлсада, А.Бабажонов томонидан тўлангани тўғрисида биронта ҳам далил кўрсатилмади.

Ваҳоланки, олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди, дегани мол-мулк сотиб олувчи ихтиёрига ўтди дегани эмас.

18.   А.Бабажанов Зангиота туман ҳокими номига 27.08.2013 йилда ёзган «Қурилиши тугалланмаган элеватор биноси ҳамда Бостирма бино иншоотларини 07.02.2006 йилдаги 36/2-а сонли шартномага асосан сотиб олиш муносабати билан ер майдонини доимий фойдаланишга бириктириб бериш» тўғрисидаги аризасига (ариза жиноят ишида мавжуд) қуйидагиларни илова килган:

олди-сотди шартнома ва далолатнома;

ер майдони бириктириб бериш тўғрисида ҳоким қарори ва далолатномаси;

бино ва ер майдонини давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома.

А.Бабажанов 27.08.2013 йилдаги мурожаатида ҳавола қилган далолатнома 16.10.2013 йилда расмийлаштирилган, ҳоким қарори эса 13.01.2014 йилда чиқарилган. Бундан кўриниб турибдики, Бабажанов Азадбай ушбу далолатнома ҳамда ҳоким қарорини 27.08.2013 йилдаёқ олдиндан билиб аризасига илова қилган. Ёки 27.08.2013 йилда бошқа далолатнома ҳамда ҳоким қарори мавжуд бўлганми?

 19.  Энг қизиқ томони шундаки, 2010 йил 20 июлида «Барокат» ТИЧга қарашли элеватор ҳамда цех бино-иншоатлари (ер майдони 4,5538 гектар)ни сотиб олиш муносабати билан «Бунёд» МЧЖга топшириш ҳақидаги далолатнома расмийлаштирилиб, ўша йилнинг 17 август санасида туман ҳокими қарорига асосан Бунёд МЧЖга ушбу бино иншоатлар ҳамда ерга эгалик ҳуқуқи берилган. Мантиқан ўйлаб кўрилса, 4 йил олдин ўзимга тегишли бўлмаган бино ва иншоатларни Азадбай Бабажановга сотишим қайси қонун ёки мантиққа тўғри келишини ҳеч қайси судья ўйлаб кўрмаяпти.

Бундан кўриниб турибдики, 07.02.2006 йилдаги 36/2А-сонли олди-сотди шартномаси умуман бўлмаган.

Юқорида келтирилган фактларни судьяларимиз инобатга олмаяпти.

 «Бунёд» МЧЖ раҳбари Шавкат Юсупов.

* * * * * *

Эслатма: Мурожаатчи фикри таҳририят фикрини англатмайди. Мазкур масала бўйича иккинчи тарафга ҳам минбар беришимизни билдирган ҳолда мутасаддилардан муносабат кутиб қоламиз.

Ушбу муаммо юзасидан бўлаётган суд жараёнларини кузатиб борамиз ҳамда сайтимизда батафсил маълумот бериб борилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар