Иқлим ўзгариши сабабли аввал учрамаган ҳудудларда ҳам яшин уриши кузатилмоқда. Бизда ундан ҳимоя тизимлари борми?

12.03.2022 00:57

Айни кунларда Ўзбекистонда серёғин об-ҳаво ҳукмрон, Ўзгидромет дам олиш кунларида ҳам ёмғир ва кучли шамол билан ўтиши, тоғли ҳудудларда қор ёғиши, қор кўчиши ва сел келиши хавфидан огоҳлантирди.
10 март куни Қашқадарёда уч кишини яшин уриб, улардан бири вафот этди.

Ўзбекистонда яшин уриши ҳодисаси тез-тез такрорланадими?

Бундай ҳолат шаҳарларда ҳам юз бериш эҳтимоли қай даражада, бизда яшин қайтарувчи ускуналар мавжудми? Уларнинг ҳолати қандай, улар яшин уришидан қанчалик сақлайди?

Маълум бўлишича, яшин уриши Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида камдан кам кузатиладиган ҳодиса ҳисобланади. Гидрометеорологлар бу ҳолатнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқлигини таъкидламоқда.

Бутунжаҳон Метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер сайёрасининг (бошқа сайёраларда ҳам чақмоқ уриш ҳодисаси кузатилган) атмосфера қатламида ҳар секундда 40-45 марта чақмоқ уриш ҳодисаси кузатилади, яъни бу кўрсатгич йил давомида ҳисобланганда 1,4 миллиард мартага тўғри келади. Ҳар йили ер юзида чақмоқ уришидан 6000-24000 одам ҳалок бўлади ва 240 000 дан ортиқ одам жабрланади. Жами чақмоқ урган одамлардан 9-10% қисмининг тақдири ўлим билан якунланади.

Яшин уриши ҳодисасини мукаммал ўрганиш жуда мушкул жараён, сабаби чақмоқ қайси вақтда ва қаерда уришини аниқ айтиб беришнинг имкони йўқ. Чақмоқ уриши натижасида ҳосил бўлган заряднинг ток кучи 10-500 минг ампергача, кучланиши эса 10 миллиондан бир неча миллиард вольтгача етиши мумкин.

Яшин қайтариш тизимлари бизда мавжудми?

ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқовга кўра, бундай мосламалар баланд бинолар ва иншоотлар, минораларга ўрнатилади. Шу сабабли ҳам, шаҳарларда чақмоқ уриши ҳодисаси деярли учрамайди. Сабаби, бу ерда баланд бинолар ва иншоотлар бор. Масалан, Тошкент телеминорасига яшин қайтариш мосламаси ўрнатилган, яшин келиб урилганда ҳам ускуна токни ерга ўтказиб юборади ва яшин ҳодисаси юз берганда ҳатто бу ерда турганлар ҳам сезишмайди.

Яшин қайтаргич бино ва иншоотларни яшин уришидан сақлайдиган қурилма бўлиб, у одатда ҳимоя қилинадиган объектнинг устига ўрнатилади. Яшин қайтаргичнинг иши атмосферада момақалдироқ бўлган вақтда ҳосил бўладиган кучли электр майдон зарядлари бино олдида тўпланишига йўл қўймай, уларни ерга ўтказиб туради ва бинони яшин зарбларидан сақлайди.

Тунукаси ерга уланган тунука томли бинолар, марказий сув билан иситиладиган, водопровод ва ер остидан электр ўтказилган бинолар яшиндан етарлича сақланган бўлади ва уларга яшин қайтариш мосламаси ўрнатилмайди.

ФВВ матбуот котибининг маълум қилишича, айни вақтда Ўзбекистонда яшин қайтаргич тизимли ускуналар сони қанчалиги аниқ эмас, аммо уларнинг барчаси баланд бино ва иншоотларга, минораларга ўрнатилган. Яъни, туманларда, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида бундай ускуналар ўрнатилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Яшин уриши ҳодисаси асосан тоғли ҳудудларга хос ҳисобланади, ялангликда чақмоқ уриши камдан кам юз беради. Аммо сўнгги йилларда ушбу ҳодиса тез тез такрорланмоқда ва олимлар бунга сабаб сифатида иқлим ўзгаришини кўрсатишяпти.

Мутахассисдан эслатма: Чақмоқ уришидан ҳимояланиш учун чақмоқ пайтида имкони бўлса ташқарига чиқманг, агар ташқарида бўлсангиз тезроқ ёпиқ бино ичига киринг. Автомобилда бўлсангиз тўхтаб, чақмоқ тугагунича ичкарида бўлиб туринг. Агар тоғда, дала-даштда бўлсангиз якка турган дарахт тагида беркинманг. Очиқ ва имкон қадар пастқам, металл буюмлардан узоқроқ, қуруқ жойда бошингизни тиззалар орасига олиб, бош устини қўл билан беркитиб, ўтириб олинг. Ёпиқ бинолар ва автомобиль салони чақмоқ уришидан яхши ҳимоя жойи бўлиши мумкин, бироқ бино ичидаги ерга уланган металл қисмлар ва автомобилнинг металл қисмларига асло тегиш мумкин эмас.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар