Тошқулов мактабларда сифатсиз таълимга ким айбдорлигини айтди

06.03.2022 16:13

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Халқ таълимида иш кўнгилдагидек кетмаётганлиги учун олий таълим тизими айбдорлигини тан олди.

Бироз аввал эса Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Акрам Тагаев икки вазирлик ўртасида айб ағдариш занжири мавжудлиги ва бундан ҳали тўлиқ халос бўлинмаганини таъкидлаган эди:

«Олий таълим кўпинча мактаб битирувчилари сифатсиз битираётгани учун биз яхши кадр тайёрлай олмаяпмиз деб айтади, мактаб Олий таълимдан сифатсиз кадр келгани учун таълим сифатини кўтаролмаяпмиз».

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги бир-бирига айбни ағдариш занжирини узиш вақти келмадимикан?

ЮНEСКОнинг Осиё ва Тинч Океани маркази вакили Чонг Утак ҳам юртимиздаги таълим тизимини кузатиб, Ўзбекистонда таълим йўналиши бўйича учта вазирлик кўплигини хулосаларида қайд этганди. Шунингдек, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров ҳам юртимиздаги учала таълим вазирлигини бирлаштириш таълим стандартларини такомиллаштиришни тезлаштириши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган. Халқаро тажрибани ўрганган мутахассис уч вазирлик — мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини битта таълим ва фан вазирлигига бирлаштириш ғоясини таклиф қилган. 

Ҳозирда фан ва таълим бўйича уч бўғин таълимга оид вазирликлардан ташқари, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, шунингдек,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекцияси, Президент таълим муассасалари агентлиги каби қатор ташкилотлар шуғулланади. Таълим сифати эса йиллар давомида турли йиғинларда танқид қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда бу масалага оид мақола эълон қилинган бўлиб, Ўзбекистонда таълим йўналишидаги 3 та вазирликни қисқартирса бўладими, деган савол ҳукуматимиз олдига кўндаланг қўйилган эди. Ва унда таълим йўналишида бошқа ривожланган давлатларга нисбатан вазирликларимиз сони ортиқ бўлсада, бу соҳада илдамлаб кетаётганимиз йўқлиги танқид остига олинган.

«Учта вазирликни ягона тизимда бирлаштириш орқали молиявий харажатларни ҳам қисқартириш мумкин бўлади. Бу йўл билан ўқитувчиларнинг маошини кўтаришди яхши натижаларга эришишга ёрдам беради. Шунингдек, вазирлар сонини қисқартириш уларнинг масъулиятини ҳам оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, вазирларнинг кўп бўлгани масъулият ва жавобгарликни бошқа вазирликка юклашга имконият беради» дейилган эди мақолада.

Гувоҳи бўлганингиздек, сифатсиз таълим бўйича айбдорларни аниқланмоқда. Лекин, ҳисоботларда кўрсатиладиган натижалар  билан чекланяпмиз холос. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар