Ўзбекистон саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар ўнталигида, аммо ҳожатхоналар ҳамон муаммоли, улар кам, борлари ҳам пулли

17.02.2022 22:31

Буюк Британиянинг машҳур «The Independent» интернет-нашри 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар ўнталигини эълон қилган, рейтинг саёҳатчиларнинг тавсиялари асосида тузилган бўлиб, бу рўйхатга Норманд ороллари, Шимолий Ирландия, Канада, Испания, Италия, Туркия, Миср, Бутан ва Ўзбекистон киритилган эди.

Саёҳатчилар оқимидан катта даромад кўрадиган ушбу давлатлар рейтингида Ўзбекистонни ҳам кўриш қувонарли албатта. Аммо биз катта кўламдаги саёҳатчиларни қабул қилишга тайёрмизми? Саёҳатчилар чиндан ҳам Ўзбекистонга саёҳат қилишни танлашадими?

Юқорида келтирилган мақолада муҳаррир Хелен Коффи Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратиб, мамлакат Ипак йўлининг марказида жойлашганини, Ўзбекистон бир неча йил аввал Буюк Британия паспорти эгалари учун виза талабини бекор қилгани ва Британия фуқаролари мамлакатда 30 кунгача визасиз қолиши мумкинлиги таъкидлаган.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистонга боришни режалаштирган саёҳатчиларга 2022 йилда ўтказиладиган халқаро фестиваль ва бошқа йирик маданий тадбирлар рўйхати берилган.

Аммо, шу пайтгача ташриф буюрган кўплаб сайёҳларнинг Ўзбекистондаги нотекис йўллар, пулли ҳожатхоналар ёки умуман топилмайдиган, топилса ҳам талабга жавоб бермайдиган ҳожатхоналар ҳақидаги эътирозларига қарамасдан, уларни ҳал қилиш юзасидан ҳамон жиддий қадамлар қўйилмади.

Жумладан, сайёҳларни жалб этувчи ижтимоий роликлар суратга олиш, намойиш қилиш, тарғибот масаласи ҳам кўнгилдагидек эмас. Ижтимоий тармоқларда хорижликларнинг кўп ҳолларда Ўзбекистон ҳақида деярли тасаввурга эга эмасликларига дуч келамиз, бунинг асосий сабаби нимада?

Хорижлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини Ўзбекистон ҳақидаги баъзи фикрларини эшитсангиз, бизда туризм ривожига тўсиқ бўлаётган қандай муаммолар борлиги яққол намоён бўлади.

- Ўзбекистон ҳақида фақатгина бундан икки йил олдин, университетда ўзбек талабасидан эшитганман. Эшитишимча, Ўзбекистон ёзда жуда иссиқ, қишда жуда совуқ мамлакат экан. Тўғриси, бундан кейин ушбу мамлакат ҳақида ҳеч қандай маълумотларга кўзим тушмади. Шунинг учун ҳам у ерга саёҳат қилишни ҳали ўйлаб кўрмаган эканман, - дейди 30 ёшлардаги Британия фуқароси бўлган Муҳаммад Имран.

-Бундан икки йилча олдин, Хитойга иш бўйича саёҳат қилишимга тўғри келган эди. Имкониятдан фойдаланиб Буюк Ипак йўли мамлакатларидан бири -Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги туғилди. Виза олиш жараёнларини ўрганиб чиққанимдан кейин бормасликка қарор қилдим,-дейди норвегиялик 50 ёшлик Mеҳмет.

- Саёҳатчиларга тавсиям, Ўзбекистонга қовуғингизни кенгроқ қилиб келинг - жамоатчилик учун қурилган ҳожатхоналар дунёдаги энг ёмони бўлиб, пашша ва чивинларга тўлган. Улар қурилган кунидан бери тозаланмаган кўринади, - Михал Данзигер, сайёҳ ва режиссёр.

2018 йилда Швециянинг Danfo ширкатига Ўзбекистонда жамоат ҳожатхоналари тизимини ташкил этиш таклиф қилинган эди, 2021 йилда эса Сингапурда жойлашган "World Toilet Organization" - WTO (Бутунжаҳон ҳожатхона ташкилоти) Ўзбекистонда саммит ўтказишни таклиф қилди.

Аммо, билдирилаётган турли эътирозлар, сайёҳларнинг турли ҳудудларда ҳожатхоналар топилмаслиги ҳақидаги фикрлари, ёки «Ҳожатхона ҳам пулли бўладими?»деган ҳайратларига, ҳукуматнинг туризмни ривожлантириш, сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш ҳақидаги кўплаб қарор ва фармонларига қарамасдан, бу борадаги айтарли бирор ўзгаришларга дуч келмадик.

Туризм ва спорт вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб талаб даражасидаги санитария-гигиена хоналари бўлмаган ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларининг фаолият кўрсатишига йўл қўймаслиги эълон қилган эди. Лекин, уларни талабга жавоб бериш-бермаслиги ўрганилмади шекилли, бирон ҳисоботларда акс этмади. 

Яқинда “Тошкент метрополитени” мутасаддилари ҳам ваниҳоят одамларнинг ҳожатхонага эҳтиёжини эслаб қолган шекилли “Чилонзор” метро бекатида тажриба тариқасида ҳожатхона қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилди. Хабарда агарда бу ўзини оқласа бошқа бекатларда ҳам амалда татбиқ этилиши кўзда тутилгани айтилган. 

2018 йилда Ўзбекистон бўйлаб автоном ҳожатхоналар ўрнатилаётгани таҳорат хоналари, имконияти чекланганлар учун алоҳида хоналар бўлиши ҳақида лойиҳа тақдим этилганди. Унинг натижаларини ҳам билмаймиз.

Мутасаддилар Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай имкониятлар яратиш ва шу асосда янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга муаммо сифатида қараётганига ишонч билдирган ҳолда, қандайдир ҳаракат қилиш учун алоҳида пухта тайёргарлик кўрилаётганига умид қиламиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар