«Амирсой»да 700 туп дарахт кесилишида фақат «қоровул» айбдор бўлиб чиқди ва унга жиноят иши очилди

16.02.2022 07:00

Айбланувчига нисбатан ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлигини инобатга олиниб «инсонпарварлик принципи» ва «Одиллик принципи»қўлланилган.

Ўз ҳовлисидаги 2 туп қуриган дарахтни кесган оддий фуқаро 131 млн сўм жаримага, 700 та дарахтни кесгани учун «Амирсой» МЧЖ атиги 329 млн сўм жаримага тортилгани қайси мантиққа тўғри келади?

2021 йилнинг ёзида Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой»  курорт зонаси ҳудудини ва унга олиб борувчи йўлни кенгайтириш мақсадида 700 туп дарахт кесилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан барча керакли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва етказилган зарарни ундириш чораларини кўришни сўраб 2021 йил 30 июнь куни вилоят прокурорига тақдим этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман суди ўз биносида очиқ суд мажлисини ўтказган.

Эътиборлиси, «Амирсой»дек улкан курорт зонасида нақд 700 та дарахтнинг кесилишида фақат бир киши – «Амирсой» МЧЖ ҚК да хавфсизлик хизмати мувофиқлаштирувчиси (қоровул) бўлиб ишловчи 55 ёшли Хамраев Рустамжон Жўраевичга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддалари асосида жиноий иш қўзғатилган. 

«Амирсой» МЧЖ раҳбариятининг 700 та дарахтни «ўзбошимчалик» билан кесиб ташлагунга қадар хабари бўлмаслиги мумкинми? 

Суд қарорига кўра айбланувчи «Амирсой» МЧЖ ҚК да хавфсизлик хизмати мувофиқлаштирувчиси (қоровул) бўлиб ишловчи 55 ёшли Хамраев Рустамжон Жўраевич содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароити, иш ва яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, фуқаровий даъвогарнинг унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, иш бўйича моддий ва маънавий зарар мавжуд эмаслиги, кўп йиллик иш тажрибасига эга эканлиги, фидокорона меҳнати ва ташаббускорлиги, уни жиноят содир этишига сабаб бўлган шарт-шароитларини эътироф этиб, келгусида бунданда оғир оқибатларни олдини олиш, ҳуқуқий тарбиявий жиҳатларини кўзлаб унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 71-моддасини қўллаб, тайинланиши лозим бўлган жазодан озод қилишни лозим деб топилган. Бу ҳолат  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7-моддаси «Инсонпарварлик принципи» ҳамда 8-моддаси «Одиллик принципи» талабларига риоя қилган ҳолда бу иш ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят дея таснифланган. Қолаверса бу борада “Amirsoy” МЧЖ ҚК ходимлари (жами 73 нафар) томонидан берилган илтимосномаси ҳам инобатга олинган.

Шунингдек, “Amirsoy” МЧЖ ҚК томонидан етказилган моддий зарар миқдори 329 млн 831минг сўм деб топилиб, қўшма корхона томонидан Тошкент вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳисобига ундириб олинган. 

Маълумот ўрнида, «Амирсой»да 700 та дарахт кесилганидан 10 кун ўтиб Бекободда ҳовлиси ёнидаги 2 туп чинорни кесган оддий оила 131 млн сўм жаримага тортилган эди.

Кун.уз нашрининг ўтган йил сентябрь ойида эълон қилинган мақоласида бу зарар миқдори ҳисобланганди: Унга кўра кесиб ташланган 125 туп дарахт учун табиатга 141 млн сўм зарар етказилгани аниқланган, шунингдек, ҳукумат қарори билан белгиланган тартибда зарар 5 бараварга ҳисобланиб, жами 705 млн сўм ундирилиши белгиланган. Илдизи билан қўпорилиб, бекитиш мақсад қилинган 575 туп дарахт бўйича етказилган зарар 253 млн экани аниқланган ва ушбу сумма ҳам бешга кўпайтирилиб, жами 1 млрд 265 млн сўм ундирилиши белгиланган. 700 туп дарахт учун жами етказилган зарар 394 млн сўм бўлса, қонунга мувофиқ ундирилиши лозим бўлган сумма жами зарар 1 млрд 970 млн сўм бўлиши керак эди. Лекин, бугунги ҳолатда ҳисоб китоблар бошқача ва унда миллиардлар эмас, миллионлар ҳақида гап боради.

Оддий фуқаро ўз ҳовлисидаги қуриб қолган 2 та дарахтнинг ҳар бири учун 66 млн 600 минг жаримага тортилса-ю, тоғлар бағрида инсоният омилисиз ўсиб келаётган 700 та дарахтни кесгани учун «Амирсой» МЧЖ ҳар бир дарахт учун атиги  471 минг сўмдан жарима тўласа, бу қайси қонунга тўғри келади?

Ёки Ўзбекистон қонунлари «Амирсой» МЧЖ ҳудудида тўлиқ амал қилинмайдими?

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал сайтимизда «Амирсой» МЧЖ ходимлари журналистнинг курорт ҳудудида одамлардан чипта нархларининг қимматлиги ҳақида интервью олишига тўсқинлик қилгани, унинг телефонини мажбуран тортиб олиб, ичидаги видеоларни ўчириб ташлагани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
19.02.2022 10:28
Журналист, блогер хадеб хақиқатни ёритиб чиқавергани учун 6 йил. Амирсойни одамига жин хам урмайди. Яп янги Ўзбекистонни яп янги одил судловими бу.
18.02.2022 11:48
Хакикаттан нимага фукарога бошкача жарима коровулга бошкача??? Тенглик талаб киламиз! Конун хамма учун баробар!дейишади кани ижроси??? Амирсой мчж юридик ташкилот буб туриб оддий фукародан кам тулийдими?? Нега фукарога адолатсизлик килинди???
18.02.2022 00:30
Maqola muallifi qani og‘aynilar, topolmayapman?
16.02.2022 22:56
Янги Узбекистон судялари
16.02.2022 17:11
Максад нима? Амирсойни давлат томонидан тортиб олиниши керакми?
16.02.2022 13:13
Фукароларига алохида қонун, мансабдорларига алохида қонун чоралари амал қиладиган яп-янги.. Узбекистон