Амирсой назоратчилари нега журналистга таҳдид қилди? Улар нима ошкор бўлишидан қўрқади?

11.02.2022 10:02

Ўзбекистон Конституциясига бўйсунмайдиган яна бир ҳудуд – Амирсойми?
«Амирсой» МЧЖ атрофида одамлардан интервью олган rost24.uz мухбири телефони маскан назоратчиси томонидан олиб қўйилган ва барча видеолари ўчирилган. Видеоларда «Амирсой»даги нархлар аҳоли учун ўта қимматлиги ҳақида норозилик кайфиятидаги интервьюлар бўлган.

«Амирсой»МЧЖ назоратчиларининг айтишича, маскан атрофида тасвирга олиш учун қўшимча тўловлар бор, қолаверса танқидий мазмундаги интервьюлар тақиқланади.

Rost24.uz сайти мухбири «Амирсой Экспресс» дор йўлига сайрга борди ва аҳоли билан суҳбатдан сўнг улардан интервью олишга қарор қилди. Интервьюларда дор йўли нарх-навоси ҳақида салбий фикрлар янграгач, назоратчилар мухбирга "ҳужум" уюштирадилар. Қуйида мухбиримиз билан содир бўлган ҳодиса ҳақида батафсил танишишингиз мумкин:

Амирсойда мен билан юз берган воқеа ҳақида...

Яқинда дугоналарим билан Амирсойга дам олиш учун бордим. Тошкентда қиш қишдек ўтмаганидан кейин қор истаб шу жойларга боришга мажбур бўларкансан киши.

«Амирсой Экспресс» дор йўлига чиқиш учун чипта олмоқчи бўлдик. Кассада навбатда турсам одамлар чиптанинг нархини эшитиб ортларига қайтишяпти. Нарироқда шериклари билан маслаҳатлашиб яна норози кайфиятда чипта олишади. Одам кўп. Баъзилар бир-бири билан чипта нархларининг қимматлиги ҳақида гаплашарди. Журналистлигим тутиб улардан интервью олмоқчи бўлдим. Улар ҳам рози бўлишди. Телефонимга тасвирга ола бошладим. Чиптахона ходимлари тасвирга тушиб қолмаслиги учун ўз респондентларимни чиптахона фонида тасвирга олмадим.

Мен курорт зоналарга жуда қизиқаман ва кўплаб курортларнинг нархлари ҳақида маълумотга эгаман. Ўзбекистондаги дам олиш жойлари Марказий Осиёдаги энг қимматидир. Балки бу унинг янгилиги билан боғлиқдир. Аммо бари бир нархларнинг баландлиги Ўзбекистон шароитига тўғри келмайди, деб ўйлайман,- деди дам олишга келганлардан бири.

Яна бир кекса онахон:

Менинг ўғлим Тошкентда ўқийди. Уни ўқишга олиб келиб, квартирага жойлаштириб кетишга келган эдик, аслида. Қўймай шу ерга олиб келди. Бу канати ҳам 140 минг экан. Бу пулга 70 мингдан Қашқадарёга бориб келса бўладику. Майли, ярмигача чиқсак ҳам бўлар, ярмигача 70 минг экан, бизга бўлаверади - дея фикр билдирди.

Мен яна бир ўрта ёшлардаги, кўринишидан яхши даромад топадиган бир эркакка савол бердим:

- Чипта нархи қимматлик қилмадими?

- Қиммат, албатта. Мана оилавий келгандик ойлигимнинг ярми кетиб турибди. Ҳали тепадаги харажатлар қанча. Олмасак ҳам бўлмайди, қайтиб кетмаймизку? Мажбур шу пулни тўлайсан. Ўзи бир йилда бир марта келамиз ё келмаймиз, - деб жавоб берди.

Афсуски, мен интервьюни давом эттира олмадим. Чунки шу яқин атрофдаги назоратчилардан бири келиб тасвирга олишни тўхтатишимни ва у билан назоратчилар хонасига боришимни сўради. Унга ўзимни таништирдим, сайтда ишлашим, мухбирлигимни айтдим. У сўроқ қилинишим кераклигини айтиб қаттиқ туриб олди ва кимларгадир воқеани айтиб, чамамда қандай йўл тутиш кераклигини сўради. Мажбур назоратчилар хонасига кирдим, аммо киришим билан телефонимни тортиб олишди. Қаршилик қилсам ҳам фойдаси бўлмади. Журналист бўлсангиз ҳужжатингизни кўрсатинг дейишди. Мен эса уларга бу ерга дам олиш мақсадида келганимни, ҳужжатим ёнимда эмаслигини, аммо гувоҳномамнинг расмини кўрсата олишимни билдирдим. Назоратчилар рози бўлишмади ва бу ерда тасвирга олиш учун қўшимча тўловлар борлигини маълум қилишди. Кейин телефонимдаги барча кадрлар ўчириб ташланди.

Дам олишга дугоналарим билан келганим сабабли, уларнинг ортиқча вақтларини олмаслик учун ортиқ талашмадим. Уларга ҳали бу масалада алоҳида камера ва микрофон билан келишимни айтиб чиқиб кетмоқчи бўлдим. Аммо улар телефонимни қайтариб беришмади, чунки юқорида ҳам одамлардан интервью олишимдан қўрқишди. Журналист сифатида рухсатсиз хусусий ҳудудда тасвирга олишим хато бўларди. Аммо, мен кўчада интервью олаётган эдим. Шундай бўлсада мен видеога олмаслик шарти билан телефонимни қайтариб олдим ва хонадан чиқдим. Аммо юқорида ҳам оддий таомларнинг, балонда ва чанғида учишнинг қиммат нархларини кўриб тасвирга олмасликка ваъда берганимдан афсусландим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам «Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга»лиги белгилаб қўйилган. Тўғри, айнан шу моддада «Амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно" эканлиги кўрсатилган.
Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

«Амирсой Экспресс» атрофида, маскан ходимлари бўлмаган одамлардан интервью олиш билан мен кимнидир хусусий мулкига дахл қилмадим. Аммо, маскан ходимлари мени телефонимни қўлимдан тортиб олиб, уни титиб ва ичидаги видеоларни ўчириши эса мени хусусий мулкимга тажовуз бўлди. Бу тажовуз учун албатта, маскан назоратчилари устидан ариза ёзиб, тегишли жойларга мурожаат қилишни истардим.

Шунингдек, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Ахборот олиш кафолатлари ҳақидаги 3-моддасида ҳам ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланиши, ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилиниши белгиланган.

Шундай экан сўровнома ўтказаётган мухбирга ва ёки оддий фуқарога қаршилик қилишга, унинг шахсий қурилмасини тортиб олишга, у тасвирга олган видеоларни ўчириб ташлашга кимнинг, қандай ҳаққи бор?

Бу назоратчиларнинг билимсизлик натижасида йўл қўйган хатоларими, ёки чипта нархларининг ростдан ҳам қимматлиги учун аҳолининг норозилигидан қўрқиб олди олинган эҳтиёт чорасими?

Изоҳ: Назоратчи ва мухбир ўртасидаги суҳбат, диктофонга ёзиб олинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
16
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.02.2022 15:52
Амирсой назоратчилари нега журналистга таҳдид қилди? Улар нима ошкор бўлишидан қўрқади? - Nimadan qo`rqardi, bu joylar kimga tegishli ekanligi oshkor bo`lib qolishidan-da
13.02.2022 06:53
Хеч ким бормаса Нима буларкан? Укитувчиларни боришга мажбурласа керак
12.02.2022 20:26
Assalomalekum nazoratcilani bilmi past bolganda u yerga iwga olmasidi owa ozini jirnalistman deb taniwtirgan qiz xec qanday xat xujat korsata olmadi uyda qolgan yonimda yo telfonimda bor deb aladadi afsuskiy telefonidayam yog edi u yerdagi nazoratcila saviyasiz yoki be farq bolganda sizni noqonuniy video olganigizni korib uwlab olmasidi bu yedagi 70 fozi gapla boxyon owa nazoratci men bolaman
12.02.2022 03:44
Eh, bormoqchi bòlib yurgandim, fikrimdan qaytdim. 🙃
11.02.2022 16:24
Haddilaridan oshishibdi