Совет иттифоқининг бўлинишини энг катта геосиёсий хато деб ҳисобловчи Путин мана 23 йилдирки мамлакатни бошқариб келмоқда. Бу йиллар давомида собиқ КГБ ходими – Путиннинг сиёсатида СССРни янги форматда тиклашга интилишни кўришимиз мумкин. Кремль бу даъвосини сўнгги вақтларда очиқ-ойдин айтишни бошлади. Бунда тарғиботчи сифатида Россия сиёсатчилари ва телеканалларидан фойдаланилмоқда.
Мисол учун «Россия 24» канали «30 лет без СССР» махсус рукни остида кўрсатувлар бера бошлади. Кремлнинг энг машҳур жарчилари ичида Кисельёв, Соловёв, Захарова ва асосан Марказий Осиё давлатларига тез-тез луқмаларини ташлаб турадиган Жириновскийлар "фавқулодда" фаоллик билан ажралиб туришади. Шу кунларда 75 ёшли Владимир Жириновскийни коронавируснинг “omicron” штамми билан касаллангани ва аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Собиқ иттифоқ давлатларига, хусусан, Марказий Осиё давлатларига нисбатан кескин чиқишлари билан танилган Владимир Волфович Жириновский асли қозоғистонлик. Россияда машҳур сиёсатчи сифатида танилган, Либерал-демократик партияси асосчиси ва раиси. У фаолияти давомида Россия президентлиги сайловларида 6 маротаба қатнашган.
Жириновскийнинг асоссиз шаъмалари
«Ким рус тилига, рус маданиятига қарши бўлса, бизни ёқламаса, куч ишлатамиз. Биз янги киберҳужумларни ишлаб чиққанмиз. Масалан, сизда ҳозир электр бор, бир оздан кейин у йўқ. Электр йўқ бўлса, коммунал хизматлар ишламайди. Ҳамма нарса издан чиқади. Ким қилган? Тополмайсиз».
Жириновскийнинг юқоридаги баёноти ўтган йили ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Маълумот учун жорий йилининг январь ойи охирида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудлари, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг эса қатор вилоятлари электр энергиясиз қолди. Электр узилишининг сабаби тизимдаги носозлик экани айтилган.
Январь ойи бошида Жириновский Қозоғистондаги тартибсизликларга муносабат билдираркан «Қозоғистонда содир бўлган воқеа барча собиқ Совет республикаларида: Беларус, Украина, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, ҳаммасида содир бўляпти. Навбат Қозоғистонга келди, улар шунчаки навбатда туришган» деган. Ушбу жараёнларда оммага кўриниш бермаган Нурсултон Назарбоевга нисбатан «Менимча, у аллақачон ўлган ва дафн қилишган», дея изоҳ ҳам билдирган.
Сиёсатчи Қозоғистон ҳақида гапирар экан қозоқ тили ва ёзуви аслида бўлмагани, Қозоғистон ерлари СССР совғаси эканлигини айтади. Сиёсатчининг асоссиз фикрларига кўра, Марказий Осиё давлатлари қачондир ўз ерларини қайтаришдан қўрқиб яшайди. У бошқа бир нутқида «Рус дунёси, рус ҳудуди ўз чегараларини тиклайди ва тартиб ўрнатади», деб айтган.
Кремль жарчиси минтақада кечаётган ҳар бир вазиятга ўз луқмаларини ташлаб тураркан, НАТО Афғонистондан қўшинини олиб чиқиб кетгач Толибон Тожикистонга киришини башорат қилган эди. Қирғизистон ҳақида эса Қирғизистон Россиядан олган қарзлари эвазига Иссиқ-Кўл берилишини даъво қилади. Унинг фикрича минтақа учун битта судья керак ва у Россия бўлади.
Собиқ иттифоқнинг яна бир аъзоси Беларуснинг 2010 йилги сайловларини Жириновский шундай таърифлайди:
«Лукашенко кеча ва сайлов куни минглаб намойишчиларни тирқиратиб, Белоруссияда демократия қандай аҳволдалигини кўрсатди. Юзлаб одамлар, жумладан, рус журналистлари ва бошқа давлат фуқаролари панжара ортига ташланди. Бу ҳаммаси – давлатнинг нотўғри сиёсати оқибатидир. Диктатор ҳокимиятда қолди. У ўз курсисини 2015 йилда ҳам, 2020 йилда ҳам ҳеч кимга бермайди».
Жириновский тўғри айтган. Лукашенко ҳозиргача ҳокимиятни ҳеч кимга топширмади. Ва бугунги кунда Александр Лукашенко ҳар қандай ҳолатда Россиядан паноҳ топади. ОАВлардаги чиқишларида Марказий Осиё давлатларини Россия атрофида бирлашишга чақиради.
Аввалбошдан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларга нисбатан ҳақорати билан танилган Жириновский 2018 йил Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Бир муддат аввал «Миллий тикланиш» партияси етакчиси ТИВдан Ўзбекистон санкциясидаги шахслар рўйхатини тузишни сўраганди. Партия вакилларига кўра, рўйхатга биринчи навбатда Россия Либерал-демократик партиясининг раиси Владимир Жириновский кириши керак.
Алишер Қодиров Жириновский чиқишларига жавоб бераркан Уинстон Черчиллнинг «акиллаган лайчалар» ибораси унга қарата айтилганини таъкидлайди.
Жириновский Кремль сиёсатининг бир вакили деб ҳисобласак ХХI асрда ҳар қандай информацион ҳужумларга қарши тайёр туриш ва уларга вақтида жавоб қайтара олиши шарт.
Маълумот учун бир муддат аввал сайтимизда минтақа давлатлари Россиядан қандай ҳимояланиши кераклиги ҳақида мақола эълон қилган эдик.