Водийдаги заправкаларда газ танқислигининг олдини олиш учун кўчма контейнерлар ишга туширилади

13.11.2025 14:15

Жорий қиш мавсумида водий вилоятларидаги метан заправкалар кўчма контейнерлар орқали газ билан таъминланиб, танқисликнинг олди олинади. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг йирик истеъмолчилар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Турғунбой Бекназаров маълум қилди.

“Ҳудудгазтаъминот” масъулининг ОАВ вакилларига маълумот беришича, ҳар йили қиш мавсумида водий вилоятларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги газ танқислигининг олдини олиш учун ҳукуматнинг пилот лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Қиш мавсумида ҳаво ҳарорати кескин пасайганда ва газ қувурларида газ танқислиги сезилган пайтларда улгуржи истеъмолчиларнинг маълум бир тоифаларига чекловлар жорий қилинади. Бу чекловлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган графикларга асосан киритилади. Бу йил ҳукумат томонидан янги лойиҳалар киритилдики, яъни водий вилоятларида АГТКШларда босим тушиши кузатилганда пилот лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирда водий вилоятларида 447 та жами АГТКШ бўладиган бўлса, газ танқис пайтда Андижон вилоятида 17 та туман учун бир донадан жами 17 та, Фарғонада 19 та туман учун 19 та, Наманган вилоятининг 14 та тумани бўлса, шу туманларнинг ҳар бирида биттадан жами 14 та, водий вилоятлари учун жами 50 та метан заправкалар ишлаб туради. Бу “заправка”лар кўчма контейнерлар орқали газ билан таъминланади, дейди Турғунбой Бекназаров.

Масъулнинг билдиришича, мазкур пилот лойиҳа Хитой давлатининг тегишли компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Бу пилот лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан олиб бориляпти. Бугунги кунга қадар ўша келишувлардаги 150 дона кўчма контейнер олиб келиниши керак бўлса, айни кунга қадар уларнинг 92 таси Ўзбекистон ҳудудига олиб келинди. 1 декабрдан улар ишга тушади. Қолган 58 тасини ҳам декабрь охирига қадар олиб келиш кўзда тутилган, дейди у.

Кўчма контейнерлар қандай ишлайди?

Кўчма контейнерлар водий вилоятларидаги газ танқис бўлган, ўта совуқ пайтда босим тушиб кетган жойларга водийнинг гази бор ҳудуди ёки Тошкент, Сирдарё томонлардан газни олиб, водийдаги заправкаларга етказиб беради. Шу орқали ушбу ҳудуддаги фуқароларнинг автотранспорт воситалари ва махсус транспортларни газ билан тўлдириш имкони яратилади. Бу ҳукуматнинг қиш мавсумида газ танқислигининг олдини олиш бўйича пилот лойиҳаси ҳисобланади. Агар бу ўзини оқлайдиган бўлса, бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади, дейди Турғунбой Бекназаров.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ масъули метан заправкалар уларга даромад олиб келувчи ташкилотлар ҳисобланишини қўшимча қилмоқда.
АГТКШлар бизга даромад келтирувчи ташкилот ҳисобланади. Шунинг учун уларни газ таъминотидан ўчиришдан “Ҳудудгазтаъминот” манфаатдор эмас. Аксинча, улар ишламаса, “Ҳудудгазтаъминот” ҳам фойдадан қолади. Улар ишласа, ўша қўлидаги 20 нафар ёки 50 нафар ходимни боқади. Давлатга солиқ тўлайди, ўз навбатида газга ҳам пул тўлайди. Шунинг учун биз имкон қадар уларнинг ишлашидан манфаатдормиз, дейди Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Турғунбой Бекназаров

Айни кунда Ўзбекистонда “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан газ харид қилиб, ҳайдовчиларга хизмат кўрсатувчи метан заправкалар 1500 дан ортган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар