Тошкентда нуфузли халқаро ташкилот – ACCA (Сертификатланган бухгалтерлар ассоциацияси) ташаббуси билан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бош ҳомийлигида “Uzbekistan Future CFO” (Бўлажак молиявий директор) танлови бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг 30 та етакчи олий таълим муассасаси талабалари иштирок этди.


Турли шартлар орқали қатнашчиларнинг бухгалтерия, молия ва солиқ йўналишларидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда илк бор, Марказий Осиёда эса иккинчи марта ўтказилди.

“Бизнесни ривожлантириш банки”нинг мазкур лойиҳадаги иштироки банкнинг илм-фан ривожига ҳисса қўшиш, ёшларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш борасидаги эзгу интилишларини ифода этади.

Танлов якуни бўйича энг яхши натижа кўрсатган 8 нафар талаба банкда 3 ойлик амалийот ўташ имкониятига эга бўлди.
ACCAнинг Марказий Осиёдаги расмийлари ўз навбатида, “Ўзбекистоннинг бўлажак молиявий директори” миллий танловининг бош ҳомийси сифатидаги фаол иштироки ва беқиёс ҳиссаси учун “Бизнесни ривожлантириш банки”га алоҳида миннатдорлик билдираб, махсус сертификат билан тақдирлади.

“Банкнинг ёш молия мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда бухгалтерия ва молия касбининг ривожига қўшган ҳиссангиз юксак қадрланади”, — дейилади ACCA ахборотида.