Ирқий камситиш (дискриминация) – бу инсонларни уларнинг ирқи, териси ранги, келиб чиқиши ёки миллатидан келиб чиққан ҳолда камситиш ёки уларга нисбатан тенгсиз муносабатда бўлишдир. Бундай ҳолат инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши қаратилган жиддий қонунбузарлик ҳисобланади. Шу боис ирқий камситишга қарши курашиш халқаро ҳамжамиятнинг устувор вазифаларидан бирига айланган. Шунга кўра халқаро ва миллий даражада турли йилларда унинг ҳуқуқий асослари яратилди, халқаро механизмлар ишлаб турибди.
Халқаро миқёсдаги кураш тизими. Ирқий камситишга қарши халқаро ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) фаолияти билан бевосита узвий боғлиқ. БМТ Уставининг 1-моддасида ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири - инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни, ирқ, жинс, тил ёки диндан қатъи назар, барча учун тенг равишда таъминлаш эканлиги белгилаб қўйилган. Бу норма халқаро ҳуқуқда ирқий камситишни тақиқлашнинг илк асосий манбаи ҳисобланади.
“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” (1948 йил)да “Барча одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Ҳеч ким ирқи, тери ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкдорлиги ёки бошқа ҳолатларига кўра камситилиши мумкин эмас”, деб белгиланган. Бу ҳужжат ҳам халқаро ҳуқуқда ирқий тенглик тамойилини мустаҳкамлаган энг муҳим меъёрий манбалардан биридир.
1965 йил 21 декабрда қабул қилинган “Барча турдаги ирқий камситишни тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция” ушбу соҳадаги асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Конвенция давлатларни ирқий камситишнинг ҳар қандай шаклини тақиқлаш, уни амалга оширган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш, ҳамда барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга мажбур қилади. БМТ қошидаги Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмита (CERD) ушбу конвенциянинг бажарилишини назорат қилади. У давлатлардан доимий ҳисоботларни қабул қилади ва тавсиялар беради.
“Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” (1966 йил)нинг 2-моддасига кўра, иштирокчи давлатлар ҳеч қандай камситишсиз барча шахслар учун ҳуқуқларни амалга оширишни таъминлаши шарт.
Пактнинг 26-моддасида эса: “Қонун олдида барча тенгдирлар ва қонун ҳимоясидан тенг даражада фойдаланадилар. Ҳеч ким ирқи, ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкдорлиги ёки бошқа ҳолатларига кўра камситилиши мумкин эмас”, деб белгиланган. Бу меъёрлар ирқий камситишни тақиқловчи ҳуқуқий мажбуриятларни халқаро даражада мустаҳкамлайди.
ЮНЕСКОнинг ирқий камситишга қарши декларацияси (1978 йил)да таълим, фан ва маданият соҳасида ирқий ксенофобия ва миллатчиликка қарши мафкуравий курашни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Бу ҳужжат ирқий бағрикенглик ва миллатлараро дўстликни тарғиб этишнинг маданий-тарбиявий асосини белгилайди.
БМТнинг “Дурбан декларацияси ва ҳаракат дастури” (2001 йил) Жанубий Африкада ўтказилган БМТ конференциясида қабул қилинган. Мазкур декларация ирқий камситишга қарши курашишда давлатлар, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни кўзда тутади. Унда ирқий камситишнинг янги шакллари- ксенофобия, мигрантларга нисбатан нафрат, диний асосдаги нафрат каби муаммоларга ҳам эътибор қаратилган.
Африка инсон ва халқлар ҳуқуқлари хартияси (1981 йил) ирқий камситишни қатъий тақиқласа, Европа инсон ҳуқуқлари конвенцияси (1950 йил) 14-моддаси ирқ, дин ёки келиб чиқишга кўра камситишни тақиқлайди.
Биз сўз билан айтганда ирқий камситишга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асослари БМТ Уставидан бошлаб бир қатор декларация, конвенция ва пактларда ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатлар давлатларга ирқий тенгликни таъминлаш, камситишни жиноийлаштириш, ҳамда инсон қадрини ҳимоя қилиш мажбуриятини юклайди.
Миллий даражадаги чора-тадбирлар. Ўзбекистон Республикаси ҳам мазкур Конвенцияга 1995 йилда қўшилган ва унинг қоидаларини миллий қонунчиликка жорий этган. Ўзбекистон Конституциясининг 18-моддасида шундай дейилади: “Барча фуқаролар ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ёки шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.”
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Инсон ҳуқуқлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларда ҳам ирқий ёки миллатчилик асосида камситишни тақиқловчи нормалар мавжуд.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиялар ирқий камситиш ҳолатларини ўрганиш ва бартараф этишда муҳим рол ўйнайди.
Жамият ва таълим тизимининг роли. Ирқий камситишга қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки маънавий-маърифий жараён ҳамдир. Бу соҳада таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари катта аҳамиятга эга. Улар орқали миллатлараро бағрикенглик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғоялари кенг тарғиб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, ирқий камситишга қарши кураш – бу фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар бир шахснинг ҳам бурчидир. Инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллатлар ва ирқлар ўртасида тенглик тамойилини қарор топтириш орқали барқарор ва адолатли жамият барпо этиш мумкин. Шу маънода, ирқий камситишга қарши курашиш нафақат ҳуқуқий, балки маънавий мажбурият ҳам бўлиб, у умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлайди.
Бобоқул Тошев
Одил судлов академияси профессори