2025 йилнинг январь-октябрь ойларида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Марказий идораси Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва маданий-маърифий ҳаётини бойитиш йўналишида қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Банкда жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра 3 222 нафар ходим фаолият юритмоқда, шулардан 3 154 нафари Касаба уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

Ходимлар соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 126 нафар ходим спорт-соғломлаштириш мажмуаларига ариза тақдим этди. Шу билан бирга, банк “Ёшлик” спорт мажмуаси билан ҳамкорликда футбол майдонидан ходимлар учун бепул фойдаланиш имкониятини йўлга қўйди.

Жамоа шартномаси доирасида жорий йилда 111 нафар ходим турли ҳаётий вазиятлар муносабати билан моддий ёрдам олди. Бу ёрдам фарзандли бўлган, тўй қилган, яқинларини йўқотган ва юбилей муносабати билан табрикланган ходимларга берилди.

Ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида 13 нафар ходим хорижий тил курсларига имтиёзли тарзда жалб этилди. Шунингдек, икки йилда бир марта имтиёзли дам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш доирасида 85 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар билан таъминланди.
Ёз мавсумида болалар учун “Сокол”, “Оқтош”, “Қувноқ ёз” ва “West Camp” оромгоҳларига жами 157 нафар фарзанд йўлланма орқали юборилди.

“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ходимлар учун Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига қизиқарли саёҳатлар ташкил этилди.
Йил давомида қатор маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди:
8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами;
21 март — Наврўз умумхалқ байрами;
1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан совғалар тарқатилди;
“Заковат” интеллектуал ўйини ва “БРБ Кубоги” шахмат мусобақалари ўтказилди;
Театр ва концерт дастурларига имтиёзли чипталар тақдим этилди.

Шунингдек, “Кристалл Ресорт” дам олиш маскани билан ҳамкорликда шартнома имзоланиб, ходимларга йил давомида имтиёзли йўлланмалар берилиши таъминланди.
Банкда фаолият юритаётган “БРБ Нафис аёллар” клуби доирасида ҳозиргача 200 нафар аёл ходим раҳбарлик қобилияти бўйича махсус ўқувларда қатнашди ва уларнинг кўпчилиги бугун раҳбар лавозимларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Шу тариқа, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Касаба уюшмаси қўмитаси 2025 йил давомида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, ишга бўлган иштиёқни ошириш, спорт ва соғлом турмушни тарғиб қилиш йўналишларида самарали фаолият олиб борди.