Ўзбекистонлик мигрантларнинг соғлиғи ва ҳаётини суғурта қилиш йўлга қўйилиши мумкин

10.11.2025 12:02

Хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини ихтиёрий суғурта қилиш тизимини жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа таваккалчиликларни суғурта қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Унга кўра, суғурта компанияларига меҳнат мигрантлари учун имтиёзли тарифлар бўйича хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш ишлаб чиқиш ва жорий этиш тавсия қилинди.

Суғурта шартномаси шартларига кўра қуйидагилар суғурталаниши лозим:

ишга жойлашишга патент ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни бир йилгача бўлган муддатда расмийлаштира олмаслик таваккалчилиги (Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш учун авиа (эконом класс) ва темир йўл (плацкарт вагонлар) чипталари ҳақини тўлаш);
муайян муддатда соғлиги ёмонлашиши таваккалчилиги (тиббий ёрдам кўрсатиш (даволаш) билан боғлиқ харажатлар учун тўлов);
хорижда қийин аҳволда қолиш таваккалчилиги (адвокат хизматлари, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар учун тўлов);
соғлиғи ҳолатига кўра оғир беморларни ташиш ҳолатларида (Ўзбекистонга қайтиш бўйича, шу жумладан, оғир беморларни ташишнинг алоҳида шартларини ҳисобга олган ҳолда);
муайян муддатда бахтсиз ҳодиса ёки соғлиги ҳолати туфайли вафот этиши таваккалчилиги (репатриация харажатларини қоплаш учун тўлов).
Томонлар келишувига кўра бошқа таваккалчиликлар ҳам қамраб олиниши мумкин.

Суғурта жавобгарлиги суғурталанган шахс Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтгандан сўнг, агарда ҳаво транспорти орқали учганда суғурталанган шахс учишни бошлаш учун ҳаво транспорти бортига чиққан вақтдан бошланади.

Хорижга вақтинча ишлаш учун кетаётган меҳнат мигрантлари билан суғурта шартномаси вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширадиган муддатга тузилади ва суғурта шартномаси амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилган суғурта полиси берилади.

Суғурта шартномаси бўйича суғурта суммасининг энг кам миқдори шартнома тузилаётган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараварини ташкил этади.

Миграция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 17 ноябрга қадар давом этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар