Тошкент шаҳар “ГАИ” монополист билан ҳамкорлик қилмоқдами?

17.11.2025 08:35

Poytaxt parking аукциондан бутун шаҳарни сотиб олдими?

Бугунги кунда Ўзбекистон медиаси ва ижтимоий тармоқларини биргина муаммо мавзуси қамраб олган. Бу – автомашиналарнинг пулли тўхташ жойи.

Ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик айни шу масала ҳақида қайта-қайта бонг урмоқда. Аммо мутасаддилардан бирортаси ҳали расмий муносабат бермади.

Муаммонинг ибтидоси ҳам ноқонуний бошланганини иқтисодчи Отабек Бакиров исботлаб берди.

Poytaxt parking биринчи марта ўтказилган аукционни бекор қилган ҳолда, иккинчи уринишда янада арзонроқ нархга пойтахтдаги кўчаларга пулли “парковка” ҳуқуқини ютиб олган эди. Аммо, унинг қайси кўчаларни ютиб олгани аниқ кўрсатилмаган.

Бироқ, Бакиров таъбири билан айтганда, монополистнинг ваколатлари чексизлиги кун сайин ўз исботини топмоқда.

Назаримизда, монополист қайда машина тўхташ мумкин бўлса, шу жойга чизиқ тортмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги дод-фарёдлар кўламига кўра, ранги оқ бўлган бу чизиқ оддий чизиқ эмас, аксинча, пойтахт аҳолисининг эркинлиги ва ҳуқуқининг устидан шафқатсизларча тортилган қисмат чизиғини эслатяпти.

Шаҳарда тирбандликни камайтириш учун аввало жамоат транспортини кўпайтириш лозим эмасми? Жамоат транспортларимизнинг аҳволи эса ҳаммага аён. Қисқаси, қандайдир ислоҳот бошласак, ўртага дарҳол монополист суқилиб кириши анъанага айланган.

Машина тўхташ жойларини пулли қилишдан мақсад – пойтахтда машиналар оқимини камайтириш эди. Аммо бу эзгу ғоялар оддий бир баҳоналиги кун сайин аён бўлиб бормоқда.

Негаки, машиналар тирбандлигини камайтириш, жамоат транспортини ислоҳ қилиш учун қайта қурилган Шота Руставелли кўчасида ҳам пулли “парковка” қилинибди. Президент Шавкат Мирзиёев шаҳарда тирбандликни камайтириш учун шахсан ўзи тавсия ва таклифлар бермоқда. Бу тарафда эса, монополистларимиз ислоҳотлардан шахсий манфаатлари йўлида унумли фойдаланиб қолишмоқда.

Poytaxt parkingнинг ҳуқуқий томонларига кейинги сонларимизда алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса унинг ажабтовур ишларига қисқача ва имкон қадар соддароқ назар ташлаймиз.

Poytaxt parking пойтахтда пулли тўхташ жойларини эгаллади ва ўзининг чизиқларини тортди. Аммо нарх анчагина қиммат бўлгани боис, монополист чизиқларига машина қўйиш улар ўйлаганидек натижа бермади.

Шундан сўнг давлат ташкилотлари гавжум ҳудудлардаги машина қўйилиши мумкин бўлган бўш жойларни махсус устунлар билан ўраб чиқди, ва бу ҳолат ҳамон давом этмоқда.

Мисол учун, асосан давлат ташкилотлари жойлашган ҳудуддаги мана бу ҳолатга эътибор қилинг. Фақат маошга ишлайдиган фуқаролар машина қўйиш учун йиллар давомида фойдаланиб келаётган “Матбуотчилар” кўчасини Poytaxt parking сотиб олибди. Ва албатта, кўча ёнидаги текинга машина қўйиш мумкин бўлган бўш жойларни ҳам беркитиб чиқишни бошлашган. Мақсад – одамларни Poytaxt parkingга пул тўлашга мажбур қилиш. Янада аниқроқ қилиб айтганда, Тошкент шаҳрида машина ҳайдаш учун қўшимча ва ортиқча товон пули ундириш.

Президент шаҳар ва маҳаллалардаги ноқонуний тўсиқларни йўқотиш топшириғини берган эди. Аммо кўриб турганингиздек, баъзиларнинг манфаат топиш йўлидаги ҳаракатларини ҳар қандай қонун-қоида ва президент топшириғи ҳам тўхтата олмаяпти.

Ушбу бўш жойга асосан Вазирлар Маҳкамасининг ходимлари автоуловларини қўйишади. Улар кунига 10 соат машинасини қолдиришга мажбур. Демак Poytaxt parking қўйган нарх бўйича тўлов қиладиган бўлса, ҳар битта машина эгаси бир кунда 120 минг сўм, бир ойда 3 миллион сўм атрофида Poytaxt parkingга беришга мажбур бўларкан.

Энг ачинарлиси, Poytaxt parkingга Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ҳам ёрдамга етиб келиб, пиёдалар йўлагининг бир четига қўйилган автомобилларга жарималар ёза бошлашди. Тўғри, йўл ҳаракати қоидаларининг қайсидир бандлари бузилгандир, аммо айнан монополист пайдо бўлгандан кейин йўл четидаги автомобилларга қаторасига жарима ёзилишининг ўзи шубҳали эмасми?

Йўл четлари пулли бўлди, бўш жойлар сунъий ва онгли тарзда ёпилди. Энг сўнгги чора эса, ишга машинада келадиганлар қонунни айланиб ўтишга ёки бузишга мажбур бўлмоқда.

Бу услуб океандаги китларнинг айлана ҳосил қилиб, майда балиқларни бир жойга мажбуран йиғиш орқали овлаш сценарийсини ҳам ёдга солади.

Тошкент шаҳар “ГАИ” монополистни қўллаяпти дейишимизга яна бир сабаб шуки, йўл четларида 3.27 тўхташ тақиқланади белгиси қўйилган. Шу билан бирга, Poytaxt parking чизиқлари ҳам тортилган. Шу жойда Тошкент шаҳар йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармасига савол: соатига 12 минг сўмдан тўлаб, ҳам қоидани бузиш мумкинми?

Шаҳарнинг кўпгина жойларида  3.27 тўхташ тақиқланади белгиси ноқонуний тарзда ҳам ўрнатиб кетилаверган.

Қўпол қилиб айтганда, бу саҳналар пулини тўлаб, йўл қоидаларига ҳам тупуриб қўйиш мумкин деган хулосани пайдо қилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу видеода ҳам “ГАИ” ходимлари лотоклар устига ўрнатилган темир панжараларни олиб ташлашга ёрдам бермоқда. Бу ерда мулк дахлсизлиги деган қонунларни ҳам бир тийиндан қиммат, икки тийиндан арзон қилишмоқда.

Маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ва дўконлар ўзларининг олдидаги бўш жойлардан машиналар учун тўхташ жойлари яратишган. Аммо Тошкент шаҳар “ГАИ” монополист билан бирга текин жойларни йўқотиш ишларини тизимли амалга оширишмоқда.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, давлат ташкилотларининг қўллаб-қувватловисиз, ҳеч бир монополист бир кун ҳам яшай олмайди.

Poytaxt parking эса, ўзи яратган тизимни ва қўйган нархларини яна бир бор ўйлаб кўрган ҳолда, фақат қонун доирасида фаолият юритса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар