Ўзбекистон ахборот қуроли кимнинг қўлига ўтмоқда?

01.02.2022 16:06

Ёхуд “Колизей ҳукмдорлари” аниқ бўлмоқда

Ўзбекистонда ҳам оммавий ахборот воситалари монопол кучлар атрофида бирлашадими?

Медиа майдонни йирик тадбиркор ёки медиа мутахассислари томонидан монополлаштириш жараёни Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқдами? 

Россия, Беларусь каби давлатларда ҳукуматга яқин одамлар оммавий ахборот воситаларини хусусийлаштириш, акционерлик жамиятига айлантириш орқали бўлиб олишган эди. Бу вазият танқидий қарашлар кўламини нисбатан камайтирган ва ОАВга эгалик қилаётган ҳукуматга яқин кишиларнинг бошқа соҳаларда ҳам монопол бўлишини оммавий муҳокама бўлишидан  қутқарган.

Бугун, ўзбек медиа майдони “катта”лари ҳам Россиядан андоза олиб ҳаракатланаётгандек. Сўнгги кунларда  “Сабрия” баҳонасида очилган ўйиннинг кульминацион нуқталарига етиб келгандекмиз.    

Бугун медиа соҳасида икки ўзгариш юз берди: Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов асос солган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раис сифатида сайланди. Фирдавс Абдухолиқов кўп ташкилотлардан туширган пулларини айнан ЎЗЭОАВМ орқали ҳаракатланишини йўлга қўйган. У ташкилотда “Халқаро пресс клуб”дан кўра кўпроқ маблағ айланиши ҳеч кимга сир эмас. Бу жиҳатдан олиб қаралса Қудратхўжа “яхши” жойга ўтди. 

Энди яна икки лавозим, Фирдавс Абдуҳолиқовнинг Ўзбекистон кинематография агентлигидаги раҳбарлик ўрни ва Қудратхўжанинг ректорлик лавозими борасида ҳам турли миш-мишлар оралай бошлади. 

Бироз аввал Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжоновнинг ғолибона боқиб турган “маъноли” сурати билан изоҳсиз пост жойлаганда айрим ўзгаришлар ҳақидаги муждалар кела бошлаганди. 

Бу медиа майдонда навбатдаги монополияни бошланишига ишора эмасми? Албатта бўлиши мумкин. 

Нега айнан “Севимли”

Биламизки, бир қанча рейтингларда  “Севимли” ва “Зўр” телеканали телевидение тармоғи ўртасида етакчилик қилади. rost24.uz ўтказган сўровномада ҳам бир неча бора айнан ушбу канал мухлислари кўпроқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Бу эса бошқа телеканаллар эгаларининг ғашига тегиши аниқ. “Сабрия” сериали машмашалари ортидан прокуратура Коррупцияга қарши кураш агентлигининг фавқулодда тезкорлиги асосида киритилган тақдимномага кўра текширувларни бошлаб юборди. Ваҳоланки айни дамда “Миллий Тв” да намойиш этилаётган “Золим Истамбул” сериалидаги ака-укалар ўртасидаги хотин алмашиш сюжетлари бизнинг миллийлигимизга мосдек, эътибор ҳам қилинмади. 

Бу ҳақда биз аввалроқ икки медиа лидер ўртасида бўлаётган “жанг” ҳақидаги мақолада ёзгандик. Шу сабабли узоқ тўхталиб ўтирмаймиз.

“Ўзбеккино” машмашалари

Бизга келган муждаларга кўра Фирдавс Абдуҳолиқов ўзига тегишли буюмларни Кинематорграфия агентлигидаги хонасидан йиғиштиришни бошлабди. Бу билан кино ютади-ютмайди қабилидаги муҳокамалар ҳам бошланиб кетди. Абдуҳолиқовнинг кучли талабига дош беролмаган, киночилар албатта хурсанд. Чунки қаттиққўл раҳбар қўл остида ишлаш стрессига ижодкорлар кўникмаган. Уларга эркинроқ муҳит қулай. Кино конвейердек ишлаб чиқарилмайди. Лекин техника янгиликлари билан ишлайдиган янги авлод хафароқ, чунки Абдуҳолиқов раҳбарлиги вақтида, техник жиҳатдан тизим янги даврни бошлади. Тизимга бириктирилган бинолар тўлиқ реконструкция қилинди. 

Турли тарафлар ўз версияларини қўйишда давом этишаяпти. Ҳар жойда ўзингизга яқин ва ишончли одамларни жойлаштирган маъқул. Шундай эмасми?

“Ректорликдан ҳам кетса-я?”

“Ҳозирча бундай хабар бизда йўқ. Бу фақат саволлар даражасида.  2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) таркибига ўтказилиши маълум қилинган эди. Қудратхўжа бу гапни инкор этди ва бизга берган интервьюсида, “журналистика олийгоҳи АОКА таркибига киритилмайди", дея ишонч билан жавоб берганди. Бу гапи кимгадир тегиб кетганми, сал ўтиб унинг “лайклар” ҳақидаги овози тарқатилди. Унинг ортидан юзлаб Қудратхўжани оқловчи постлар қўйилган бўлсада,  ўқ нишонга тегиб улгурган бўлса керак, ректорлик лавозими борасидаги саволлар кун тартибига қўйила бошланди. 

Алламжонов ғолибми?

Монополияга қарши курашганимиз билан медиа майдондаги шахмат ўйинида ҳозирча Алламжоновнинг қўли баланд келиб турибди. Сайловдан кейин Президентнинг расмий ташрифлари ортида ҳам унинг суратлари кўрина бошлади. Масс-медиа фонди раиси Президент расмий ташрифларида нима қилаётгани ҳақида расмий ахборот берилдими? Қачондан нодавлат ташкилот фонд раислари Президентнинг барча расмий ташрифларига ҳамроҳ бўлишига одат тусига кириб улгурди?  Лекин, бу узоққа чўзилмаса керак. “Солиқинфо”, “Автотест”, “Турон24” мисолида ҳам кўргандик.    

Оммавий ахборот воситаларини монополлаштириш катта куч. Масалан бу куч билан қачонлардир танқидлар кучи билан сиқиб чиқарилган “Автотест” монополлигини ҳам қайтариш мумкин. Бунга хос блогер аскарлар ҳаракатни ҳозирдан бошлаб юборгани ҳам факт. 

Оммавий ахборот воситаларини монопол кучда бирлашиши худди оилада ота-она ҳукмронлик қилганидек нима яхши ёки ёмонлигини бир икки  шахс белгилайди, тушунтиради ва тарқатади.  Бу вазият кўпинча амалдаги ҳукуматга нисбатан ишончсизликни уйғотади. Ривожланган давлатлар, коррупциясиз жамиятларни вужудга келишида доим эркин, мустақил ва турли танқидий қарашга эга оммавий ахборот воситаларининг хизмати катта бўлган. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
28
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
04.02.2022 16:21
Ростан ҳам иккита учта жойда ишлашга қандай улгуришади? Туризм вазирини ҳам мисол қилса бўлади. Ўзи бир жойда ўтирмайди аммо учта тўрта ташкилот раҳбари. Товба
03.02.2022 10:15
Ф.Абдухалиқовни самарқанддаги фаолиятидан яхши биламан нимагадир эришса ҳалол меҳнат, савобли ишлари орқасидан қўлга киритган. Алламжоновни ўзшаб пасткашлик йўлини тутмайди.
03.02.2022 00:38
Rost 24 nomi rost ekan xolosda a ??? Firdavschon O'ZBEK ni qancha nonini tuya qilgani xaqida ham yoz
02.02.2022 14:36
хаммаси яхшиликкадир. Ф. Абдухаликов бир кадам чекинди, холос. Он нереалный стратег, у него все ходы вперед продумано. Шахматный доскада у факат ва факат биринчи. Вакт курсатади хали.
02.02.2022 00:43
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг аъзолари умумий йиғилишида ассоциация раиси Фирдавс Абдухолиқов ўз хоҳишига биноан лавозимидан озод этилди. Аммо у ҳалиям Кинематография агентлиги («Ўзбеккино») бош директоридир. Хуллас, Фирдавс Абдухолиқов бир лавозимни қурбон қилдилар ва эвазига иккинчи АМАЛ КУРСИСИни сақлаб қолдилар!
01.02.2022 21:57
Изохга хожат йўқ!