ЁХУД Алламжонов ва Абдухолиқов ўзбек медиаси ҳукмронлиги учун курашмоқда
Можароли сериалларнинг ҳаётий сценарийси эса Ўзбекистон медиа бозорида монополия ўрнатишга қаратилганми?
Айни кунларда ижтимоий тармоқларда трендга чиққан сериаллардаги ёқимсиз саҳналар “сценарийси” прокуратура ва Антикоррупция агентлиги аралашадиган даражагача кўтарилди. Аниқироғи, шу даражагача олиб келинди.
“Севимли” телеканалида қандайдир хато кетишини кутиб ўтиришган шекилли, кимлардир кутган саҳна пайдо бўлиши билан жамоатчилик эътиборига олиб чиқилди. Барчага кўз-кўз қилиниб каттагина шов-шув яратилди.
Бу борада Комил Алламжоновга қарашли бўлган барча ОАВ бирданига ҳаракатни бошлаб юборди. Ваҳоланки, сериаллардаги бундай саҳналар К.Алламжоновга тегишли телеканалларда ҳам мавжуд эди. Аммо улар ҳақида эса лом-мим дейилмади.
Сериаллардаги саҳналар муҳокамаси прокуратура аралашиш даражасигача олиб чиқилишда кинолардаги тарбиясизликларга чек қўйиш, деб ўйлаймиз. Аслида эса асл мақсад бошқа бўлиши ҳам мумкин. Асл мақсадни юрак ютиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон медиа бозорида ҳам монополия ўрнатиш учун ҳаракатлар бошланди. Олдиндан огоҳлантириш сифатида шуни айтиш жоизки, ОАВ учун бу яхши янгилик эмас.
Бугун Ўзбекистон медиасида катта кураш бошланган. Бу кураш медиа бозордаги яккаҳокимлик тақдирини ҳал қилади.
Тарихдан маълумки, Комил Алламжонов бошлаган ҳар бир ишини монополияга айлантириш қобилиятига эга. У монополияни жуда хуш кўрадиган шахсдир. Мисол учун ҳайдовчиликка ўқитишнинг Алламжоновча тизими – “Avtotest”ни олайлик. Бу тизим Алламжонов сиёсат саҳнасидан туширилгунча фаолият юритди. Айни кунларда иқтидорга қайтиши билан автоҳалокатларда ҳалок бўлаётган одамлар сони йўл қоидасига амал қилмасликда, дея бонг урилмоқда. Бир замонлар у юритган “Солиқ-инфо” газетаси ҳам солиқ тўловчи юз минглаб одамларнинг мажбурий обунаси орқали каттагина даромад манбаига айлантирилганини яширишнинг имкони йўқ.
У Президент матбуот котиби лавозимига кўтарилгач ҳукуматдаги ахборотларни ҳам монополлаштиришга киришди. Президент атрофидаги янгилик ва хабарларни ҳам ўзи ташкил этган “Turon24” интернет нашри орқали тарқатилишини ташкиллаштирди. Ҳаттоки, ҳукуматнинг расмий сайти – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигини ҳам четлаштиришга эришди.
Комил Алламжонов қўл урган ҳар бир соҳасини монополияга айлантиришда ҳар қандай хатарли қадамни ҳам ташлашдан чўчимайди. Унинг айни шу довюраклик хислатига тан бермасдан иложимиз йўқ.
Бугун эса у танлаган монополия йўлидан Фирдавс Абдухолиқов чиқиб турибди.
К.Алламжонов ташлаётган илдам ва шахдам қадамларига қараганда Ф.Абдухолиқовга жуда оғир бўладиганга ўхшайди.
Айни кунда Ўзбекистон медиа маконида иккита медиа лидер пайдо бўлгани барчага аён. Ф.Абдухолиқов бошқараётган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцацияси (ЎзЭОАВМА) ўтган 2021 йилда медиа маконда каттагина ҳудудни қамраб олишга эришди. ЎзЭОАВМА билан ахборот тарқатиш бўйича ҳамкорлик қилишни истаган ташкилотлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. “Ўзбекнефтгаз” каби йирик ташкилотлар ҳам ЎзЭОАВМА билан шартнома тузган. Бу пуллар эса Алламжоновга тинчлик бермаётган бўлса ажаб эмас.
Сериаллар можаросининг ортида К.Алламжонов турибди, дейишимизга яна бир асос шуки, Алламжонов ўзининг телеграм каналида Ф.Абдухолиқов шахсига нисбатан ўзига хос бир билдирги берди.
Бу пост унинг Абдухолиқовга қарши тезкорликда ҳужум бошлаганини англатади. Мен Алламжоновнинг ана шу хислатларини ҳурмат қиламан. У кимгадир айтадиган ёқимсиз сўзи бўлса ҳам дарҳол юзига шартта айтади, қўяди. Қоғозга ўраб ўтирмайди.
Ф.Абдухолиқовга қарши ҳужумлар шу даражада шиддат билан кетмоқдаки, хатто ўтмиши ҳам титкиланиб, унинг Гулнора Каримова ёнида тушган расмлари ижтимоий тармоқлар орқали қайта элга дастурхон қилинмоқда.
Яна бир шубҳали факт шуки, Алламжоновга тегишли бўлмаган “ZO’R” телеканалидаги “Ёр-ёр” кўрсатувига чора кўриш масаласи ҳам махсус одамлар орқали Президент олдига ҳам олиб чиқилди. Худдики, Президентга айтиладиган бошқа муаммо қуриб кетгандай...
“ZO’R” телеканали Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Алламжонов медиа бозорда биргина телеканалига эга Тошкент ҳокимини ҳам сиғиштирмаслиги аён бўлади.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ф.Абдухолиқовга келганда ўлик қонунлар ҳам ишлаб кетган кўринади. Коррупцияга қарши кураш агентлиги қисқа фурсат ичида Кинематография агентлиги томонидан қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади ва чора кўриш учун ҳужжатларни Бош прокуратурага юборди. Худди шундай ҳодиса, яъни манфаатлар тўқнашуви Хоразм вилояти ҳоким ўринбосари билан содир бўлганда прокуратура томонидан чора кўрилмаган эди. Қолаверса, давлат харидлари, субсидия ва тендер ўтказишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилишига Абдухолиқов ягона мисол эмас. Шу вақтгача бу борада оммавий ахборот воситаларида ўнлаб мақолалар эълон қилинган.
P.S. Ушбу фикрлар билан кимнидир қоралаш ёки кимнингдир ёнини олиш ниятидан йироқмиз. Биз айни кунда муҳокамада турган мавзунинг асл моҳиятини ва мақсадини очиқлашга ҳаракат қилдик, холос.