"ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ": ЎЛГАНЛАРНИНГ ЎЗИ АЙБДОР

31.01.2022 14:23

ЁХУД «Ҳудудий электр тармоқлари» мутасаддиларидан келган жавоб хатидаги инсон ҳаётига бефарқликнинг даҳшатли кўриниши…

Электр тизимида ҳар ойда ўлимлар сони ортмоқда, мутасаддилар эса фожиаларнинг барчасига ўлганларнинг ўзи айбдор, демоқда.

Инсон қадри улуғланадиган ҳар қандай жамиятда биргина инсон тўсатдан вафот этса ҳам бутун тизим оёққа туради, сабаблар ўрганилади, оқибатлари билан курашилади, хулосалар чиқарилади.

Ўзбекистонда «Ҳудудий электр тармоқлари»да ҳам ҳар ойда электромонтёрлар ўлим топмоқда, энг ачинарлиси, инсон ҳаёти билан боғлиқ фожиалар сони бу тизимда ортиб бораётир. Бироқ, янада ачинарлиси, тизим раҳбарияти бу аянчли фожиаларга ўлганларнинг ўзини айбдор қилиб кўрсатмоқда. Хулоса чиқариш, сабаблари, оқибатлари билан курашиш эса иккинчи даражага тушган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти раҳбариятининг хулосаси шу: электромонтёрларнинг ҳалок бўлишида фақатгина марҳумларнинг ўзларигина айбдор ва иш берувчининг айби йўқ. Ўлим фактлари ҳақида маълумот берган сайтимиз эса масалага нохолис ёндашган эмиш. Жамият мутасаддилари ўлимлар учун на бир жамоатчилик олдида жавобгарлик сезмоқда ва на бир масъулият.

Яқинда rost24.uz сайтида «МАХСУС СУРИШТИРУВ: Электр энергия тизимида қанча ўлим ҳолати содир бўлганини биласизми?» номли мақола эълон қилинди. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамиятида республика бўйлаб ҳар ойда ўлим ҳолати кузатилиши эълон қилинган эди. Биздаги маълумотга кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖнинг Республика бўйлаб ҳудудларида 2021 йилнинг 11 ойида 13 та ўлим содир бўлган ва 2022 йилнинг илк ойидаёқ яна 1 та ўлим ва 1 та жароҳатланиш ҳолати кузатилган.

Сайтимизда бир иш жойида ҳар ойда ишчиларнинг ўлими кузатилиши бу корхонанинг ислоҳотга муҳтожлигидан далолат қилиши айтилади.

Бироқ,“Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти матбуот хизматининг билдиришича, ҳар қандай ишда ўлим ҳолати кузатилгани каби бу тармоқда ўлим бўлиши ҳам табиий ҳол эмиш. Қолаверса, уларнинг айтишича, электрмонтёрлик жаҳондаги энг хавфли касблардан экан. Бизнинг-ча, “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖда ҳар ой кузатилаётган ўлимларни оқлаш учун бу баҳоналар асосли эмас. Матбуот хизматининг далолат қилишича, ўлимларнинг олдини олиш мақсадида жамиятда бир йил давомида техника хавфсизлиги бўйича 452 та ўқув машғулотлари ўтказилган ва яна улар самара ҳам бермоқда. Қизиқ, ўлимлар сонининг ортиши ва бу йилда ҳам давом этиши бу ўша 452 та ўқув семинарнинг мевасимикан?

“Мавзу доирасида яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратсак. Содир бўлган ҳар бир бахтсиз ҳодиса “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан эмас, балки махсус ваколатли органлар, яъни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиши ва унга ҳуқуқий баҳо берилиши тизимдаги манфаатлар тўқнашувини истисно қилади. Ва таъкидлаш жоизки, махсус комиссия томонидан ҳозирги кунгача иш берувчининг айби билан бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиш ҳолатлари аниқланмаган», дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” матбуот хизматининг жавобида.

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 30 га яқин моддаси меҳнат хавфсизлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ.

Унга кўра, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишнинг ҳамма талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориш вазифаси иш берувчи зиммасига юклатилади.

Шундай қилиндими?

Иш берувчи ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини таъминлаши ва уларнинг билимларини текшириб туриши шарт. Тизимда қачон ходимлар билими текширилди?

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан, йўл-йўриқдан ўтмаган ва билимлари текширилмаган ходимларни ишга қўйиш тақиқланади. Соҳадаги ходимлар билими текширилдими?

Шу билан бирга халқаро меҳнат муҳофаза қилиш нормаларига кўра, иш жойи хавфсиз бўлган ишчиларни иш берувчи сўнгги русумдаги техника воситалари билан таъминлаб боришга мажбур ҳамда иш жойида ўлим ҳолати тез-тез кузатилса, бу ҳақида ишчиларни ва жамоатчиликни ҳам огоҳ қилиши ва сабабларини очиқлаши зарур. «Ҳудудий электр тармоқлари» сўнгги русумдаги техника воситалари билан таъминланганми? Тизимда кузатилаётган ўлим ҳолатлари билан ходимлар ва кенг жамоатчилик қачондир огоҳлантирилганми?

Саволлар кўп. Рақобатчиси бўлмаган ёки бошқача айтганда монопол бўлган “Ҳудудий электр тармоқлари”да ўлимларнинг тез-тез кузатилиши билан боғлиқ масала кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилиши зарур бўлган ва тегишли чоралар кўрилишини талаб этувчи масала.

Мазкур муаммо бир йил ичида ҳалок бўлган 20 нафарга яқин ходим ва 35 нафар етим қолган фарзандлар ҳақида. Аммо жамият матбуот котиби бунда журналистларни нохолисликда айблаган ҳолда ўлимларга қарши ўқув семинарлар билан курашилаётганини айтмоқда. Бу каби жиддий ҳолатга ҳаттоки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбариятининг биронта вакили ҳам чиқиб жавоб бермади ва ўзини ҳисобдор сезмади. Бу ҳам жамият раҳбариятининг кузатилаётган ўлимларни нақадар табиий ҳолатдек қабул қилишини кўрсатади. 

Мақолага жавоб қайтарган матбуот хизмати сайт мухбирлари уларга бирон марта расмий мурожаат қилинмаганини айтади. Бироқ, rost24.uz сайти муҳаррири 10 маротабадан ортиқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга мурожаат ва саволлар билан чиққан. Ахборотлаштириш тўғрисидаги Қонунга кўра, оғзаки сўровларга ҳам матбуот котиблари жавоб қилишга мажбурдирлар.

Шунингдек, сайтимизда эълон қилинган мақолага матбуот котиби жавоб қайтарар экан, ўлим ҳолатлари учун тегишли ташкилотлар томонидан тўловлар тўлаб берилаётганини иддао қилади. Демак, Жамият нуқтаи назарига кўра тўлов тўлаб берилса, кетма кет содир бўлаётган ўлимларга кўз юмиш мумкинми?

Rost24.uz оғзаки мурожаатлардан ташқари мана учинчи бор расмий сайт саҳифасида чиқиш билан “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ раҳбарият маошларини очиқлашини сўрайди. 

3 миллион сўм ойлик учун симёғочга чиқиб ҳар ой бир инсон ҳалок бўлаётган монопол ташкилот раҳбариятининг ҳам маошларини халқ билиши шарт, деб ўйлаймиз. Маошлар билан биргаликда жамият янги иш қуроллари, мажбурий берилиши шарт бўлган техника воситаларини қанчалар тез янгилаётгани, ходимлар иш шароити қандай эканини очиқлашга мажбур эмасми? Ҳар ойда бир ўлим кузатилаётган монопол ташкилот фаолиятига инсон ҳуқуқлари билан алоқадор ташкилотлар, касаба уюшмалари ва бошқа давлат органлари бефарқ бўлмаслиги керак, деб ўйлаймиз.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бу каби жиддий масалага матбуот котибининг “ўзини оқловчи” бир жавоб мақоласини эълон қилиш билан қутулиши ачинарли. Бу соҳада бутун дунё бўйича ўлим кузатилади, дея вазиятдан чиқиши бу ташкилотда инсон қадри қай даражада эканлигини кўрсатади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.02.2022 13:02
Хар доимгидек, яна тугри, долзарб мавзуни кутариб чикибсизлар. Яшанглар.. Маошлар канчалиги очикланиши..... хеч билмадим-да.. жавоб булишини... Ахир, булар канча маош олиши очикланса бу мамлакат микёсида номутаносибликни келтириб чикадику.. Монтерни 2-2,5 млн ойлигини олдида рахбариятнинг 8-20 млн маоши.. Рахбар одам - монтер одаммас..
31.01.2022 21:06
яшасин яяяяп-янги Узбекистон!