Ўлим ҳолати билан боғлиқ даҳшатли рақамлар “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоевнинг мудроқ кайфиятини сергак торттириб, курсидан туриб ҳаракат қилишга чорламагани ажабланарли...
***
Бугун Ўзбекистонда электр тизимидаги ҳолатлар жамиятнинг энг оғриқли мавзусига айланди.
Мамлакатнинг яқин тарихида биринчи бор аҳоли электр энергия тизимида бундай кенг кўламли узилиш ҳолатга гувоҳ бўлди. Бунинг сабаблари масъул идоралар томонидан бирмунча айтилган бўлса-да, ҳали жараёнлар чуқур ўрганилиб, мутахассислар томонидан якуний хулоса ҳам берилса керак.
Rost24.uz ахборот сайти мухбирлари ҳам тизимдаги муаммоларнинг кичик бир қисми юзасидан махсус суриштирув ўтказди.
Ўзбекистон ҳудудий электр тармоқларида нега ҳар ойда ўлим ҳолати рўй бермоқда? Бу ҳодисалар нима учун акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоевни хавотирга солмаяпти? Электр тармоқларида қачон реал ислоҳотлар амалга оширилади?
Ўзбекистон “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамиятида республика бўйлаб деярли ҳар ойда бахтсиз ҳодиса, яъни электр монтёрларининг ўлими кузатилмоқда. Электр монтёрлар кўп ҳолларда иш жараёнидаги эҳтиётсизлик туфайли ҳалок бўлади. Бундай эҳтиётсизликларнинг тизимли равишда рўй бериши эса кишини хавотирга солмасдан қўймайди. Ўлим бу оддий ҳодиса эмас. Ҳар қандай иш жараёнида инсон қадри, ходимларнинг хавфсизлиги биринчи ўринда бўлиши керак. Аммо афсуски, энергетика тизимида бундай эмас.
Rost24.uz “Ҳудудий электр тармоқлари”даги ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисаларга тегишли маълумот ва ҳужжатларни ўрганди.
Электр монтёрларининг маоши 4 миллион сўмга ҳам бормайди. Аммо кичик бир хато билан соҳа ходимлари ўлим билан юзлашиши мумкин. Ажабланарлиси, “Ҳудудий электр тармоқлари”да одатда ҳалок бўлган ходимнинг ўзи бахтсиз ҳодиса айбдорига айланади. Ҳар ҳолда бизда мавжуд бўлган бир йиллик йигирмага яқин ҳужжатларда бахтсиз ҳодиса сабабчиси сифатида асосан ҳалок бўлган ходим эҳтиётсизлиги кўрсатилган.
Ходимларнинг маълумот беришича зарур асбоб, резина қўлқоп ва махсус кийимлар билан ўз вақтида ва бепул равишда таъминланиш етарли даражада эмас. Қолаверса, ушбу тармоқ ходимлари доимий равишда маошлари камлигидан нолиб келади. “Бор йўғи 3 миллион сўм учун симёғочга кўтариламиз”, дейди “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходими. “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” 2022 йилнинг илк ойини ҳам ўлим ҳолати билан бошлаган.
24 январь куни электр хавфсизлик қоидаларини бузиш оқибатда электромонтёр ҳалок бўлган. Январь ойининг илк кунларида эса Жиззах ва Хоразм электр ҳудудий тармоқлари ходимлари жиддий жароҳат олган. Ҳужжатларда эса мазкур бахтсиз ҳодисалар ходимларнинг эҳтиётсизлиги сабаб рўй бергани қайд этилган.
Ўтган йилнинг ҳар бир ойида Самарқанд, Фарғона, Жиззах ва бошқа вилоятларда ҳудудий электр тармоқлари ходимларининг ўлими қайд этилган. Республика бўйича бу тармоқда ҳар ойда бир ўлим, жароҳат, куйиш ҳолатлари кузатилади. Бу ҳудудий электр тармоқларида хавфсизлик даражаси суст эканини англатадими ёки тизим эскирганми? Балки, тизимда реал ислоҳотларни амалга ошириш вақти келгандир.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган электромонтёрлар учун суғурта компаниялари маълум миқдордаги маблағ тўлаб бериши, касаба уюшмалари ёрдам кўрсатиши белгилаб берилган. Бироқ, ҳар ойда кузатилаётган ўлим ҳолатлари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда касаба уюшмаларини бефарқ қолдирмаслиги керак эмасмиди?
2021 йилнинг 11 ойлик маълумотига кўра, Республика бўйича 13 та ўлим, 6 та ногиронлик ҳолати қайд этилган. Ходимлар ўлими оқибатида етим қолган болалар сони 35 нафарни ташкил этган. Ушбу даҳшатли рақамлар Улуғбек Мустафоевнинг мудроқ кайфиятини сергак торттириб, курсидан туриб ҳаракат қилишга чорламагани ажабланарли.