Ўзбекистоннинг энг фаол журналистлари ва блогерлари томонидан ўтказилган “ЙИЛ ТАНЛОВИ — 2021”да “Ўзбекистонда ЙИЛ ОДАМИ” аниқланди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Италиянинг “Рома” клубида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов “ЙИЛ ОДАМИ” дея эътироф этилди.
Ўтган 2021 йилда Элдор Шомуродов, деган ном чин маънода дунёга таралди. Европа майдонларида, катта жамоада тўп сураётган юртдошимиз ўзбек, Ўзбекистон номини жаҳонга танитишга муносиб ҳисса қўшди.
Кеча Ўзбекистонда Элдор Шомуродов йил одами сифатида эътироф этилаётган бир пайтда у Италия кубогида “Лечче” жамоасига қарши гол ҳам урди.
Тантанали маросимда совринни Олий Мажлис депутати, 2020 йилда “ЙИЛ ОДАМИ” номига муносиб кўрилган депутат Расул Кушербоев топширди ҳамда Элдор Шомуродовнинг акаси Санжар Шомуродов мукофотни қабул қилиб олди.
Маросимда онлайн тарзда футболчимиз Италиядан Ўзбекистон журналистлари ва блогерларига, ҳалқимизга миннатдорлик йўллади.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 1995 йилнинг 29 июнида Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида туғилган. Футболдаги илк сабоқларини “Машъал” академиясидан олган.
Профессионал карьерасини ҳам шу клубдан (2014 йил) бошлаган. Кейинчалик “Бунёдкор” (2015-2017), “Ростов” (2017-2020) ва “Женоа” (2020-2021) жамоаларида тўп сурган.