Бунга эса Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъулдир.
Ўзбекистонда 40 мингга яқин талабанинг онлайн таҳсил олишга имконияти йўқ. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Абдуллаев rost24.uz мухбирига маълумот берди.
Абдуллаевнинг далолат қилишича, талабаларнинг интернетга уланиш имкониятига бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъулдир.
“Республикамизнинг барча ҳудудларида интернет тезлиги бир хил эмас. Президентимиз қарорларига кўра, бунга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ҳисобланади. Айни пайтда босқичма-босқич интернет етиб бормаган ҳудудларга оптик толали тармоқлар етказилмоқда. Бу ҳозирда маълум бир босқичга етиб келган. Бироқ муаммолар ҳамон мавжуд. Биз статистикаларни олиб бордик. Натижалар, салкам 40 мингга яқин талабада онлайн ўқиш имконияти мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда айни пайтда 580 минг нафар талаба бўлса, уларнинг 50 – 40 минг нафари тўғридан-тўғри платформа ва вебинарларда қатнаша олмаган, улар учун шароит яратиб берилади. 1-4 курс талабалари ҳозирда анъанавий ўқишни давом эттирмоқда”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Абдуллаев.
Пандемия даврида олий ўқув юртларида масофавий таълим жорий этилди. Бунда барча ўқув юртларида дастурий таъминотлардан фойдаланилди. Бир вақтнинг ўзида онлайн таҳсил олаётган талабаларнинг интернет тармоғига уланиш бўйича муаммоларга дуч келаётгани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларни тўлдирди. Худди шу вақтда эса, АКТ вазирлиги Speedtest Global Index мобил алоқа интернет тезлиги жаҳон рейтингида Ўзбекистон мобил интернет тезлиги натижаларига кўра, яна 2 та позицияга кўтарилганини маълум қилган.
Ўзбекистон ҳозирги кунда интернет тезлиги бўйича 174 та мамлакат ичида 94-ўринни эгалламоқда.
Маълумот учун: Speedtest портали интернет тезлигини текшириш учун умумжаҳон интернет фойдаланувчилар томонидан ишлатилади. Портал фойдаланувчилар томонидан берилган маълумотлар асосида таҳлил олиб боради.