Масъуллар таътилларнинг узайтирилиши сабабини ОАВ журналистларига аниқ айта олмади.
АОКАда мамлакатда аниқланган "Omicron" штамми ва тизимдаги бошқа масалалар юзасидан матбуот анжумани бўлди.
Унда эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Аммо, матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутасаддиларнинг тўлақонли жавоби қайтарди, деб бўлмайди. ОАВнинг аниқ саволларига биронта масъул аниқ жавоб бермади, бошқа сўз билан айтганда, ҳар бири турлича жавоб қайтарди.
Масалан, мактабларда қишки таътил муддатининг узайтирилишининг асосий сабаби коронавирус, унинг янги штамми "Omicron" эмас, оддий грипп эканлиги маълум бўлди.
Олий таълим муассасаларида эса таътилнинг узайтирилиши сабаби грипп ҳам, коронавирус, "Omicron" ҳам эмас. Олий таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг айтишича, таътил муддатининг узайтирилишига ўқитувчи-профессорларнинг «Кредит-модуль» тизими бўйича малака оширишлари, тизимда биринчи семестр давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш сабаб бўлиб касалликнинг эса бунга умуман дахли йўқ экан.
Шунингдек, Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов давлат мактабларида ишловчи ўқитувчилар таътил даври учун маошлари тўлиқ тўлаб берилишини айтган. Аммо, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раиси ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов бу борада хусусий мактаблар ҳеч қандай имтиёзларга эга эмаслигига ишора қилди.
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан хусусий мактабларга ҳам қишки таътил муддатини 24 январга қадар узайтириш таклиф этилди ва бу вақт давомида ота-оналардан таълим учун тўлов ундирмаслик тавсия қилингани айтилди. Лекин, хусусий мактаблар ўзини ўзи молиялаштиради. Ўқитувчилар эса маош олишлари керак. Бу борада давлат тарафидан хусусий мактаблар учун қандайдир имтиёзлар бериладими? Rost24.uz мухбири мазкур саволни ўртага ташлади.
Унга таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раиси ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов қуйидагича жавоб берди:
«Бугунги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда нодавлат таълим ташкилотлари, ўрта таълим муассасаларида хусусий йўналиш бўлишидан қатъий назар айнан давлат стандартлари асосида бевосита фаолият юритади. Пандемия, хавф-хатар ҳолатлари эълон қилинган вақтда ваколатли органлар томонидан қарор қабул қилинади. Шундан келиб чиққан ҳолда бунга ҳамма эътибор қилиши мажбур ҳисобланади. Шу йўналиш бўйича Вазирлар маҳкамасининг 10/28 қарори бор. Қарорда хусусий таълим муассасаларининг яъни шартномаларнинг низоми ишлаб чиқилган. Шартномада бевосита кейинги талаблар қўйилган ва ўша таълим муассасаларида педагог ходимларда, шунингдек, кейинги масалаларда ўзларининг шартномаларини қилиши керак. Шартномаларда бевосита талаблар қўйилган. Айнан шу шартномада «Форс-мажор» ҳолатлари келтирилади. Шу сабабли биз хусусий мактабларда ҳам, давлат мактабларида ҳам ўқитувчилар билан пул ва озиқ-овқат масаласини келишиб олиш ҳақида яна таклиф киритдик».
Шунингдек матбуот анжуманида, ниқоб, тадбирларни ташкиллаштириш, масаласига ҳам аниқлик киритилмади.