Аввал давлатга тегишли бўлган, яъни халқ мулки ҳисобланган бир қанча йирик объектлар Президентнинг мухсус фармонига кўра, 2021 йилда хусусийлаштирилди. Rost24.uz сайти ўтган йилда сотилган энг йирик объектлар рўйхатини жамлади. Халқ мулкини сотиб олганлар орасида ҳукумат вакилларига яқин шахслар ҳам бор.
1. Coca-cola Uzbekistan 252,28 миллион АҚШ доллари
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Кока-кола Ичимлиги Ўзбекистон» МЧЖ (Компания) устав капиталидаги 57,118 % давлат улушини «Coca-cola Içеcек компаниялар гуруҳига, 252,28 миллион АҚШ долларига сотиш (битим) бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
Ушбу компаниянинг сотилишига 2019 йилда давлат ҳиссаларини инвесторларга сотиш тўғрисидаги қарор асос бўлган.
2. Чилонзордаги ҳарбий шаҳарча 266,4 миллиард сўм
Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган ҳарбий шаҳарча даставвал 204,9 миллиард сўм бошланғич нарх билан аукционга қўйилган эди.
Деярли бир ярим соат давом этган савдода ушбу давлат мулки 266,4 миллиард сўмга “Do`mbirobod City Group” МЧЖга сотилган. Резерв ғолиб "Build power" МЧЖ.
Энг қизиғи, аукционда ғолиб бўлган “Do`mbirobod City Group” МЧЖ аслида 2021 йилнинг 2 декабрь куни очилган. Аукцион эса 13 декабрь куни бўлиб ўтган. МЧЖнинг устав капитали 1 триллион сўм.
Ҳарбий шаҳарча 1940 йилда қурилган бўлиб 27,86 гектар ҳудудни эгаллаган, ундаги бино ва иншоотларнинг умумий майдони 29,8 минг квадрат метрга тенг. Барча коммуникация – электр энергияси, газ, сув таъминоти ва канализация мавжуд. Объект ҳудудида қоровулхона, бир нечта бостирма, ошхона, маъмурий бино, омборхона, устахона, гараж, резервуарлар мавжуд.
Аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг фойдаланилмаётган автомототранспортлари ҳам сотувга қўйилган эди.
3. “Тошкент савдо маркази” 242,8 миллиард сўм
Халқ орасида “ГУМ” номи билан машҳур Тошкент Савдо маркази жорий йил январь ойидаёқ 242,8 миллиард сўмга сотилди.
Унинг нархи даставвал 273,1 миллиард эди. Бироқ аризалар йўқлиги сабаб ёзда унинг нархи 30 миллиард сўмга арзонлаштирилган. Уни сотиб олган “Буюк Эко Савдо” МЧЖ ягона аризачи бўлиб 2019 йилда халқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш мақсадида тузилган.
“Тошкент савдо маркази” сотилган вақтида Ўзбекистондаги онлайн-аукцион майдончаси фаолияти тарихидаги энг йирик ва қиммат лотлардан бири ҳисобланади. Савдо маркази 3,9 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, бинолар эгаллаган майдон 40,7 минг квадрат метрни ташкил этади. Бино аввалига “Давлат универсал магазини” сифатида қурилган. 2000 йилдан 2011 йилга қадар у ерда Туркуаз дўкони жойлашган эди.
4. ДХХнинг собиқ биноси. 210 миллиард сўм
Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси манзилида жойлашган собиқ "Марказий бино" бўйича 210 миллиард сўм сотиб олиш нархи билан "МЕТРОПОЛ ГРОУП" МЧЖ савдо ғолиби, деб топилди. Ушбу ғолиб МЧЖ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўғлига қарашли экани ҳақида маълумотлар бор.
Шунингдек, ОАВда мазкур бино маданий мерос сифатида рўйхатга олингани ва унинг ҳеч кимга сотилмаслиги ҳақида тегишли органлар ҳам муносабат билдириб ўтган эди.
5. «Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси» 78 миллиард сўм
Тендерда "Metro Plaza" компанияси ғолиб бўлган.
Мазкур бинони сотиб олиш бўйича тендерда ғолиб бўлган компания асосчилари қаторида ака-ука Мамасаидовлар ва Миродил Фазилов бор.
Маълумотларига кўра, “Metro Plaza” МЧЖ 2021 йил 21 апрелда 20 миллиард сўмлик устав капитали билан рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти - бизнес ва менежмент масалалари бўйича консалтинг. Компания асосчилари Миродил Фозилов (50%), Хасан Мамасаидов (25%) ва Ҳусан Мамасаидов (25%), раҳбари Оятулло Асқаров.
Оятулло Асқаров шунингдек, "Burchmulla resorts" МЧЖ га ҳам раҳбарлик қилади.
Ҳасан-Ҳусан Мамасаидовлар Office Market (полиграфия), «Dekos» (реклама маҳсулотлари ва бизнес совғаларини етказиб бериш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган) компанияларига ҳамда «МFactor» лойиҳаси (бизнес ва тадбиркорлик ҳақидаги ЮуТубе лойиҳаси)га асос солган таниқли тадбиркорлар ҳисобланади.
Миродил Фозилов ҳам турар жой бинолари қурилишига ихтисослашган Oazis Lux Investments (50 фоиз, Оазис меҳмонхонаси) ва Royal Centeral Development (100 фоиз) компанияларининг улушига эгалик қилади.
Бино пойтахтнинг Миробод туманидаги Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишмасида жойлашган. Умумий ер майдони 1,2 гектарни, бино ва иншоотларнинг майдони 19152 кв.м ни ташкил этади, шундан қурилиш учун 17863 кв.м ажратилган.
6. “Ичан қалъа” меҳмонхонаси 74,2 миллиард сўм
Бу йирик объект ҳам авваллари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Бироқ 2017 йилда давлат ҳисобига ўтказилган.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг жорий йил 17 июндаги ахборотига кўра Бирлашган Араб Амирликларининг “Kuadro” компанияси пойтахтдаги «Ичан қалъа» меҳмонхонасини сотиб олиш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бошқа ОАВ ҳам, меҳмонхона илгари Гулнора Каримовага тегишли бўлганлигини ёзишди.
«Ичан қалъа» мулк комплекси пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида жойлашган.
“Kuadro” компанияси – БААнинг тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси бошқарув компанияси “Kuadro Capital Partners”нинг бир қисми бўлиб, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларида ўсиш ва инқирозни бошқариш инвестицияларига ихтисослашган. Компания 2009 йилда "Троика Диалог" инвестиция компаниясининг вакиллари томонидан ташкил этилган.
Ўтган йиллар давомида “Kuadro Capital Partners” Россиянинг бир нечта лойиҳаларига, масалан, Fix Price дўконлари тармоғи, «Монетка» супермаркетлар тармоғи, MX Group, Fix club автомобил маҳсулотлари бозори ва бошқаларга сармоя киритган.
Бир сўз билан айтганда омадли сотувлардан бири айнан "Ичан қалъа" меҳмонхонаси бўлган
7. Чорвоқдаги икки давлат активи. 15,576 миллиард сўм
“Геобуртехника” дам олиш маскани ва “Гидроенергетик” спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ҳам 2021 йилда сотилган давлат активлари қаторига киради.
Бўстонлиқ туманида жойлашган, “Геобуртехника” аукционида атиги 2 нафар талабгор иштирок этган ва натижада 8,499 миллиард сўмга сотилди.
Шунингдек, бошланғич нархи 3,574 миллиард сўм бўлган “Гидроенергетик” спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ҳам 7,077 миллиард. сўмга хусусий секторга сотилди.
Аукцион ғолибида 5,2 гектар эр майдонига эга бўлган ушбу объектда 24 ой мобайнида туристик хизмат кўрсатиш мажмуаси, шу жумладан, 3 юлдузли, камида 3 қаватли, 100 ўринли меҳмонхона фаолиятини ташкил этиш мажбурияти мавжуд.
Айримлар унинг сотилган нархи жуда арзонлигини айтса, бошқалар бу қачонлардир болаларнинг дам олиши учун жуда қулай жой бўлганини айтишган.
Шунингдек, ҳозирда Чорвоқнинг ўзи ҳам тўлалигича сотувга қўйилган.
Буларнинг ҳаммаси эҳтимол яхшидир. Ахир давлат активининг хусусий секторга берилиши бу бозор иқтисодиётидан дарак. Бироқ уларни сотишдан тушаётган маблағлар нималарга йўналтириляпти? Давлатнинг муҳим, йирик объектлари шаффоф аукцион орқали сотиляптими, мана шу савол ҳам очиқ қолмаслиги керак назаримизда.