Бахтиёр Сайфуллаев — Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, сенатор ҳисобланади. У 2017 йилдан 2020 йилнинг январь ойигача Ўзбекистон маданият вазири лавозимида фаолият юритган.
Б.Сайфуллаев Маданият вазири бўлган даврда вазирликда катта миқдордаги коррупцион ҳолатлар аниқланган эди. Хусусан, 2020 йилнинг ноябрь ойида Бош прокуратурада ташкил этилган коррупция масалаларига оид идоралараро йиғилишда Маданият вазирлигидаги жиноий схема фош қилинганини маълум қилган. Бу жиноят ишида грим учун ажратилган маблағга "Ўрикзор"дан арзон косметика сотиб олиниб, бюджетдан 2,3 миллиард сўм маблағ талон-торож қилингани қайд этиб ўтилганди. Маданият вазирлигидаги ушбу жиноий схемани амалга оширган гуруҳга нисбатан ҳозирда ҳуқуқий чоралар кўрилган. Аммо, эътиборлиси шундаки, жиноий схема айнан Бахтиёр Сайфуллаевнинг вазир бўлган даврида амалга оширилган. Хусусан, жиноий схемани амалга оширган вазирлик бош ҳисобчи муқаддам судланган шахс бўлган. Схемага кўра, театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиш йўли билан талон - тарож қилган.
Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон - торож қилинган.
Яқинда Rost24.uz сайтида ушбу сенатор ҳақида, “Сенаторлар энди ўйлаб иш қилинишини маълум қилди”, “СЕНАТОРЛАРНИНГ ДОИМГИ ВАЪДАЛАРИ: “кўриб чиқилмоқда”, “жойига чиқиб ўрганамиз”, “мақсад қилганмиз”, “режага киритамиз”…” номли мақолалар эълон қилинганди.
Жумладан, мазкур материалларда халқдан узоқ бўлган Сенат вакилларининг доимий ваъдалари ҳақида уларга савол берилган ва ҳар галгидек одатий жавоблар олингани жамоатчиликка ёритиб берилган.
Бугун эса ана шу узоқ йиллар давомида ҳукуматнинг асосий мулозимлари қаторидан тушмай келаётган сенатор Бахтиёр Сайфуллаевнинг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтидаги ректор вазифасида ишлаб келаётган фарзанди Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев раҳбарликнинг яна бир пағонасига кўтарилди.
Нодирбек Бахтиёрович Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимига тайинланди.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимига тайинланган Нодирбек Сайфуллаев 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йил Тошкент давлат Маданият институтини, 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, санъатшунослик фанлари номзоди.
Меҳнат фаолияти давомида “Ўзбектеатр” бирлашмаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош директори ўринбосари вазифаларида ишлаган. Шунингдек, ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат санъат институтининг Санъатшунослик кафедрасида педагоглик фаолиятини олиб борган.
2014 йил мартдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бош мутахассис, 2016 йил октябрдан Маданият ва санъат масалалари шўъбаси мудири лавозимларида ишлаган.