Жаҳон чепионатидан катта ғалаба билан қайтган Нодирбек Абдусатторовни аэропортда ҳеч бир мутасадди раҳбарлар кутиб олмагани, чемпионга бошқа спорт турлари ғолиблари каби муносабатда бўлинмагани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган эди.
Rost24.uz мухбири бу ҳақида, яъни Нодирбекнинг муносиб кутиб олинмагани, мутасаддиларнинг муносабати борасида унинг отаси Фазлиддин Очилов савол берди.
— Бундай дабдаба керак эмас. Бизга энг асосийси, Нодирбекнинг шахмат бўйича ривожланишига, дунёни забт этишига шароит яратилиши, манашу карнай-сурнай дабдабадан устун туради. Шунинг учун биз бу ҳолатдан ҳеч норози, хафа эмасмиз, – деб жавоб қайтарди Фазлиддин Очилов
Бугун, 3 январь куни Миллий Олимпия қўмитасида тезкор шахмат (рапид) бўйича энг ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов, Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.
Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 2 хонали уй калити ҳамда 250 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, мураббийларга 100 миллион сўмдан, Варшавадаги жаҳон чемпионатида блиц йўналишида иштирок этиб, соврин учун курашган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион сўм, турнирда иштирок этган бошқа шахматчилар - Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидовга ҳам пул мукофотлари берилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин сайтимизда “Энг ёш жаҳон чемпионига айланган Нодирбек қанча мукофот пулини қўлга киритди?” мақоласи эълон қилинган эди.