Аввал хабар берилганидек, кеча тунда ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Польшанинг Варшава шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича рапид йўналишида FIDE жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди.
Нодирбек мусобақада давомида кимларга қарши дона сурди ва якунда қанча миқдорда мукофот пули ишлаб олди?
FIDE жаҳон чемпионатида рапид йўналиши бўйича мусобақа якунланди. Унда чемпионга айланган Нодирбек Абдусатторов бир қатор кучли ва номдор рақибларга қарши дона сурди.
Жумладан, Ўзбекистон вакили россиялик жаҳон вице-чемпиони Ян Непомняший устидан ғалаба қозонди.
Шунингдек, мусобақа давомида ўзбекистонлик иқтидорли гроссмейстер дунёнинг энг таниқли шахматчилари, хусусан 5 карра жаҳон чемпиони ва амалдаги ғолиб Магнус Карлсен (Норвегия), жаҳон рейтинги пешқадамлари Фабиано Каруана (АҚШ), Левон Аронян (Арманистон), Борис Гельфанд (Исроил), қолаверса Виктор Михалевский (Исроил), Глеб Дудин (Россия) ҳамда Родаслав Войташек (Полша)ларни ҳам мағлуб этди.
Аҳамиятлиси, ҳамюртимиз нафақат энг ёш жаҳон чемпиони сифатида тарихга кирди, балки 60 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пулларини ҳам қўлга киритди.