Жорий йилнинг 31 декабрь куни соат 17:00 да Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Қораянтоқ» МФЙ Қораянтоқ қишлоғида жойлашган ҳаммомда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда ҳаммом биносининг том қисми қулаб тушган.
Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли хизмат ходимлари етиб борган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Rost24.uz сайтида бундан олдин "Муаммони ҳал этиш учун Давлат дастури бор, аммо ижроси йўқ. Одамлар эса ҳалок бўлмоқда" мақоласи эълон қилинган эди. Унда ҳар гал шундай нохуш ҳолатлар юз берганда айбдорлар қидирилади ва аксарият ҳолатда айбдор вафот этган жабрланувчи бўлиб чиқади. Бу ҳолат қачонгача давом этади? Бунга ким айбдор? Дея савол қўйилган эди.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан бери ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 46 та нохуш ҳолат содир бўлган, уларда 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган.