Йил бошидан бери ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 46 та нохуш ҳолат содир бўлган, уларда 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган.
Ҳар гал шундай нохуш ҳолатлар юз берганда айбдорлар қидирилади ва аксарият ҳолатда айбдор вафот этган жабрланувчи бўлиб чиқади
2021 йилги давлат дастурига асосан, аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашга доир президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Йил якунланмоқда, аммо ҳамон лойиҳадан дарак йўқ.
Жорий ҳафта охирида яна ҳаво совиши мумкинлиги ҳақидаги ахборот тарқалди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам. Аслида XXI асрда 14-16 даражагача совуқ бўлиши унчалик ҳам хавотир уйғотмаслиги керак. Лекин, қишлоқларда бу ҳақиқий “фожиа”га айланади.
Технологиялар асри дейилган бир даврда Ўзбекистонда одамлар ҳамон тезак ва кўмирдан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этишаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бу ҳолат қачонгача давом этади? Бунга ким айбдор?
Бир неча йил аввал Қарши шаҳрида бир хонадонда 7 киши, жумладан 5 ва 3 ёшли қизалоқлар ҳам ис газидан заҳарланиб жон беришгани ҳақидаги хабар барчанинг қалбини ларзага келтирган эди. Шундан буён ҳам ҳолат ўзгармади, ҳар йили ҳаво совиши билан одамлар уйларини иситиш дардида турли усуллардан фойдаланишади, совуқдан жон сақлаш мақсадида топилган йўлларнинг баъзиси ис гази “қопқони”га тутилиш билан якунланади.
Жиноий ишлар қўзғатилади, турли тушунтириш ишлари олиб борилади, мажлислар ўтказилади, ҳисоботлар берилади, кимлардир ишдан бўшатилади, ваъдалар берилади, аммо вазият ўзгармайди, аҳоли ис газидан, уйни иситиш мақсадида қилинган турли ҳолатларда чиққан ёнғинлардан вафот этаверади.
Рақамлар эса даҳшатли. Аммо ундан ҳам ёмони бу статистикалар тўлиқ эмас, барчага маълум бўлганларидан ташқари яна қанча ҳолатлар бор.
Шу йилнинг 20 февралида Хоразм вилоятининг Шовот туманида бир оила ис газидан заҳарланди. Уч киши вафот этган, улардан икки нафари болалар эди. 27 февраль куни Юнусобод туманида ижарада яшаган беш талабанинг мурдаси топилди, хонадон эгаси 3 йил муддатга қамалди. 6 март куни Тўрткўл туманида яшаган ота ва унинг уч фарзанди, шунингдек уларнинг уйига меҳмонга келган бир фуқаро хонадондаги иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди. 28 март куни Самарқанд шаҳрида ис газидан 5 киши заҳарланиб, улардан 4 нафари вафот этган. Уларнинг барчаси ёш йигитлар эди.
Октябрь ойида Самарқанд вилоятида тўртта ҳолатда 8 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди, уларнинг 5 нафари ёш болалар эди.
Фарғона вилояти Фарғона туманида 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди. Самарқанд вилоятида «Агрокимётаъминотсервис» компаниясига тегишли контейнердан икки ишчининг жасади топилди, уларнинг ўлимига қўлбола печкадан чиққан ис гази сабаб бўлгани аниқланди. Яқинда Қорақалпоғистонда бир нафар талаба ис газидан заҳарланиб вафот этди.
26 ноябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида икки фуқаро – 26 ва 24 ёшли келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар яқинда турмуш қуришган эди. Бу каби мисоллар қанчадан қанча умидларни сўндириб, қанча тақдирларга таъсир кўрсатган экан? Айбдорлар эса бемалол юраверади.
Йил бошидан буён 96 киши!
Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 8 ойида республикада 6691 та ёнғин содир бўлган, 97 киши оламдан ўтган ва 159 нафар шахс жароҳатланган. Ёнғинларнинг 31 фоизи электр ускуналар носозлиги, 28 фоизи очиқ оловдан фойдаланиш, 22 фоизи иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, 10 фоизи болалар шўхлиги оқибатида юз берган.
Йил бошидан бери ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 46 та нохуш ҳолат содир бўлган, уларда 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган.
Ҳар гал шундай нохуш ҳолатлар юз берганда айбдорлар қидирилади ва аксарият ҳолатда айбдор вафот этган жабрланувчи бўлиб чиқади. Сабаби, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, иситиш печларидан фойдаланиш кўрсатмаларига амал қилинмаган. Мутасаддилар кўплаб мажлислар ўтказишади ва ўта кулгили бўлган шундай ҳисобот билан ишни ёпишади. Жуда бўлмаса энг қуйидаги қайсидир “айбдор” жазоланади.
Тезакдан қутулмаган аёллар...
21 аср, вилоятларда, туманларда, кўплаб қишлоқларда табиий газ йўқ. Одамлар исиниш учун дарахтларни кесишади, тоннаси 400 минг сўмдан бўлган кўмир кукунини сотиб олишади, чунки кўмирнинг ўзи қиммат. Ёз бўйи қишлоқлардаги аёллар тезак тайёрлашади, қишда эса уни ёқиб, уларнинг баъзилари шу тезакдан ёки кўмир кукунидан чиққан ис гази оқибатида фарзандларини ҳам қутқаролмай вафот этишади.
Газ бор бўлган ҳудудларда ҳам газ таъминотидаги узилишлар одамларни қўлбола печлардан фойдаланишга мажбур қилади. Қиш келиши билан газ қуйиш шахобчаларида ҳам узлуксиз навбатлар, турли чекловлар бошланади.
Бундай ҳолатлар ҳар йили такрорланади, аммо худди бу мутлақо ечимсиз муаммодек индамай ўтиб кетишга одатланганмиз.
Бу ҳол қачонгача давом этиши мумкин?
“Ҳудудгазтаъминот” ва энергия таъминоти идоралари ҳар йили ишчи гуруҳлар, таъмирлаш-тиклаш отрядлари ташкил этади. Бошқарма бошлиғи аҳолини хонадонларда газдан фойдаланишда эътиборли бўлишга, носоз электр иситиш мосламаларидан фойдаланмасликка, турли нохуш вазиятларда дарҳол 104 рақами орқали хабар беришга чақиради. Аслида бу ечиммикин?
Муаммога халқнинг ўзи ечим излайди
Яқинда Ургут туманида бир фуқаро почвон печка номи билан аталувчи печка ясаб сотаётгани, унинг печкаси қўшни вилоятларда ҳам машҳур бўлиб, одамлар уни олиш учун ойлаб навбат кутаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазият жиддий бўлгач, одамлар ўзларига шундай йўллар топишади, ўлмаслик учун турли усуллардан фойдаланишади.
Бизда Инновация вазирлиги бор. Улар, Инновациялар ҳар бир ҳудудга етиб бориши учун катта кўргазмалар қилишади. Лекин, бу инновациялар фақат кўргазмалар учун яратилгандек. Ривожланган инфратузилмани эса халқ ҳануз свет ёниқ бўлганда, экранлардан кўраяпти, холос. Ҳолат ҳамон “Ўзинг учун ўл етим” ҳолида қолар экан, аҳолининг ҳукуматга, юқори идораларга ишончи кундан кунга камайиб бормайдими? Бизнинг қишлоқларга қачон инновациялар етиб боради?