Халқ мулки бўлган Геология музейи сотилмайдиган бўлди. Давлат активларини бошқариш агентлигининг rost24.uz сайтига хат орқали маълум қилишича, Т.Шевченко кўчаси, 11-уй манзилида жойлашган маъмурий бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиш билан боғлиқ ҳолатларга аниқлик киритилгунига қадар оммавий савдолардан ечилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ Геология музейи биносини очиқ савдога қўйилганини эълон қилгач, Rost24.uz ушбу бино маданий мерос объекти эканлигини эслатиб уни сотилиши қонунга хилоф эканлиги ҳақида мақола эълон қилди ҳамда бу қонун бузилиши борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасидан изоҳ сўради.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалдаги қонунларда сотилиши мумкин бўлмаган объект бошланғич нархи 27,6 миллиард сўм билан очиқ савдога қўйилган. Аммо, Rost24.uz сайтининг мақоласи туфайли бино оммавий савдодан олинди.
Эслатиб ўтамиз:
Тарас Шевченко кўчасида жойлашган Геология музейи 1928 йилда қурилган. Ушбу объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь санасидаги 846-сонли қарорига кўра, архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги қайд этиб ўтилган.
Мавзуга оид мақолалар:
Яна битта тарихий, ХАЛҚ МУЛКИ бўлган бино қонунга хилоф равишда сотувга қўйилди