Ҳеч бир мансабни эплолмаган Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳрини бошқара оладими?

19.11.2021 13:03

Rost24.uz сайти Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими лавозимини эгаллаганда унга нисбатан ишончсизлик билдириб, бир қатор далилларни сабаб қилиб кўрсатган эди. (Қўмита раиси ва туман ҳокимлигини эплолмаган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳокимлик қилмоқда)

Бешинчи маротаба лавозими алмашган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокимлигидан ҳам бўшатилиб, Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Бир нечта лавозимларда каромат кўрсата олмаган Даврон Ҳидоятов саноат зоналаридан бири бўлган ва айни дамда катта ўзгаришларга муҳтож бўлган туманда ижобий янгиликлар қила оладими?

Кутилгандек, у вилоят ҳокимлиги вазифасидан озод этилди. Аммо, унинг янги эгаллаган ҳокимлик ўрни ҳам ўта масъулиятли.

Даврон Ҳидоятовни Чирчиқда қандай фаолият олиб боришига баҳо бериш учун уни шу бугунгача босиб ўтган йўлига назар солишнинг ўзи кифоя.

Бир неча бор танқид остига олинган, ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмагани учун юқори лавозимлардан ишдан бўшатилган, бугун эса Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан ҳам озод этилган Даврон Абдуфаттохович Ҳидоятовнинг амалдорлик карьерасига назар ташлаймиз.

Илк мағлубият

Даврон Ҳидоятов мансаб пиллапояларини 2014 йилдан 2017 йилга қадар “Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш” давлат қўмитаси раиси лавозимидан бошлаган ва айнан илк қадамдаёқ Президентдан дакки эшитиб мансабдан олинган.

2017 йилнинг апрель ойида ўтган видеоселектор мажлисида шахсан Президент Шавкат Мирзиёев Даврон Ҳидоятовни кескин танқид қилган ҳолда, унинг фаолиятидан норози эканини билдирган. 

Жумладан, қўмита ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятида самарали натижаларга эришилмагани, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 январдаги мажлисида берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан амалий комплекс чора-тадбирлар кўрилмагани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасини пухта ишлаб чиқишдаги шахсий интизомсизлиги учун Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимидан бўшатган эди.

Иккинчи мағлубият: амалга ошмаган “Бош режа”

Шундан сўнг танқид қилинган амалдор Ҳидоятов Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманига ҳоким этиб тайинланган. Аммо шу туман ҳокими даврида ҳам (2018 йил) фаолиятидаги камчиликлар сабабли яна ишдан олиниб, Чилонзор тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси даражасига туширилган.

Бироқ қисқа даврда иш давомидаги камчиликлари туфайли вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлаётган Ҳидоятов шу йилнинг ўзида (2018 йил) Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди ва 2018 йилдан 2021 йилга қадар ишлаб келди. Бу йиллар давомида Тошкент шаҳрида катта “снос”лар амалга оширилди, қурилишлар авж олди. Худди шу даврда депутат Расул Кушербаев томонидан ҳам фуқароларнинг хусусий мулкчилиги дахлсизлиги шаҳар ҳокимияти томонидан қўпол равишда бузиб келинган ва фуқаролар рози қилинмасдан “снос” қурбони бўлган. Бу камчиликни ўз вақтида Ортиқхўжаев ҳам қайд этган эди.

Даврон Ҳидоятов шу даврда Тошкент шаҳрининг бош режаси учун жавобгар амалдор ҳам бўлган. У ўз вақтида, яъни 2019 йил октябрь ойида пойтахтнинг бош режаси 2020 йилда тайёр бўлиб, жамоатчилик ва ҳукуматга тақдим этилиши ҳақида маълум қилган эди. Аммо, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, барчанинг диққат марказида турган Тошкент бош режаси ҳамон тасдиқлангани йўқ.

Ҳокимликдаги ягона шов-шув: мактаблар танг аҳволда лекин, ҳайкалимиз бор

2021 йил март ойига келиб Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими чиқарган баъзи бир қарорлари ҳам ижтимоий тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлган. Жумладан, жорий йил 6 ноябрда Даврон Ҳидоятов Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова ҳайкал мажмуасини қуриш учун 28,4 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича қарор чиқарди. Унга кўра, жами 34,4 миллиард сўм маблағ Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йил III-чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан “Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси” ДУКка ажратилади. Ваҳоланки бу ҳайкал 2020 йил Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи марказида очилган, шунингдек Зулфия Зокировага бағишлаб бадиий фильм ҳам яратилган эди. Аҳолида мана шу каби норозиликларга сабаб бўлган ташаббуслар муаллифи Даврон Ҳидоятов президент томонидан инновациялар ва инвестиция шаҳрига айлантириш зарур бўлган Чирчиққа ҳоким этиб тайинланди. У шаҳарни инновациялар ва инвестиция шаҳрига айлантира оладими?

Чирчиқ шаҳар бош режасини Даврон Ҳидоятов амалга ошира оладими?

Тегишли қарорларга кўра Чирчиқ шаҳри ва Тошкентни боғловчи метро йўлга қўйилиши ва яна бир қатор янгиликлар амалга оширилиши зарур. Бу ҳақида вазирлар маҳкамасининг қарори бор.

Унга кўра, шаҳарнинг атроф-муҳитини муҳофаза қилиш тизимини ишлаб чиқиш;

Чирчиқ дарёси ўзанини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш;

аҳолининг фуқаролик муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш;

биринчи навбатда қуриладиган массивларнинг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

уй-жой қурилишларини ва бошқа объектларини экология жиҳатидан ноқулай ҳудуддан бошқа жойга кўчириш тадбирларини амалга ошириш;

ўз функциялари бўйича ушбу ҳудудда жойлашишга мувофиқ бўлмаган объектларни реконструкция қилинадиган шаҳар марказидан босқичма-босқич кўчириш каби ишларни амалга ошириш лозим.

Мазкур йирик режани амалга оширишда Даврон Ҳидоятовга ишонч билдирилди. Бироқ, биз Даврон Ҳидоятовнинг шунча ваколатли вазифалари даврида – банкирликдан ҳокимликкача бўлган йўлида фавқулодда қилган йирик ижобий ўзгаришни излаб топа олмадик. Аксинча, унинг икки бор раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган вақтида танқид қилингани ва лавозимидан пастлаганига гувоҳ бўлдик.

*****

Ўхшаш мақолалар:

Тошкент вилоятида ҳокимлик Президент фармони билан найранг ишлатиб, 12 минг аҳолини мактабсиз қолдирмоқда

Президент ташаббусларини оёқ ости қилиш, фақат Тошкент вилояти ҳокимларининг қўлидан келади

Ўзбекистонда атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг 50 фоизи Тошкент вилоятига тегишли

ТАҲЛИЛ: Зоир Мирзаев Тошкент вилоятини Қашқадарё даражасига олиб чиқиш учун келдими?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.11.2021 18:16
Bo'ldi-da endi: uyat ham katta qishloq