ТАҲЛИЛ: Зоир Мирзаев Тошкент вилоятини Қашқадарё даражасига олиб чиқиш учун келдими?

18.11.2021 16:17

Қашқадарё вилоятининг бу ҳокими кимнинг хотирасида қандай қолгани бизга маълум эмас, аммо унинг ортида вилоятда бир дунё ечилмаган муаммолар қолмоқда.

Бугун Зоир Мирзаев Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланди. Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан пойтахтга яқинроқ вилоятга келган Зоир Мирзаев аввалги ҳокимлик даврида вилоятни обод қила олганмиди? Rost24.uz ахборот сайти мухбирлари Мирзаевнинг марказга яқинлашишини оқлайдиган ишларини ва Қашқадарё ҳокимлигидан Тошкент вилоятига ўтказишда қандай мантиқ яширинганини топишга уриниб кўрди.

Икки йил ичида бир вилоятни ўзгартириш ва ривожлантиришда катта ишлар қилиш мумкин. Агар мумкин бўлмаганда, балки юқорида ҳокимлар бу қадар тез алмаштирилмаган бўлармиди. Ахир, Зоир Мирзаев куйлаган мақомлари ёки отда юриб кўпкари ўйнашлари билан пойтахтга яқинлашмагандир.

Шов-шувли кетиш

Зоир Мирзаевинг янги лавозими ижтимоий тармоқларда яхшигина шов-шув бўлди. Унинг Қашқадарё ҳокимлигига тайинланиши ҳам жуда кўп эътирозларга сабаб бўлганди. Чунки, Зоир Мирзаев Бош вазир ўринбосари бўлган вақтида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга туширгани учун жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан Мирзаев Зоир Тоирович Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилган. Бироқ Фармонда Зоир Мирзаевнинг ишдан олинишига сабаб қилиб "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани" кўрсатилган ва айнан Оққўрғонда фермер ва маҳаллий расмийларни сувга туширишга мажбурлагани ҳақида гап кетмаган.

Шундан сўнг Зоир Мирзаев чекка бир туман ҳокими, бир йил ўтмай Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу жараённи Миллий Масс-медиа раҳбари Комил Алламжонов ўзининг “Алламжонов айбдор” китобида қуйидагича эслайди: “Мирзаев ишдан олиниб, чекка бир туманга ҳоким қилиб қўйилди. Унинг қўл остида ишлаб юрганлар энди унга раҳбар бўлиб қолди. Бу жуда оғир, аммо адолатли сабоқ эди.
…Зоир Мирзаев бир йил ичида яна Президентнинг ишончини қозониб, вилоятга ҳоким бўлиб қайтди”. Бироқ Алламжонов ҳам у айнан қайси иши, амаллари учун Президент ишончини қозонганига аниқлик киритиб ўтмаган.

Қашқадарё ишсизлик билан мақтана оладими?

Ишсизлик даражаси энг юқори кўрсаткичи Қашқадарёда бўлиб (9,4 фоиз) ва қашқадарёлик ёшларнинг 26 мингдан ортиғи ишсиз ҳисобланади. Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрлангани, аҳолининг атиги 50 фоизи ичимлик суви билан таъминлангани, вилоятнинг 88 мактабида «смена» кўрсаткичи юқори, лекин бир нечта мактаб филиали биноси пахсадан қурилган бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам 1000 дан ортиқ шифокорлар етишмаслиги таҳлил қилинган. Шунингдек, вилоят ҳокимининг кичик бизнес вакиллари билан етарлича мулоқот қилмаётгани танқид остига олинган.

Вилоятнинг бу кўрсаткичлари сабаб, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида Қашқадарёнинг бир неча масъулларини ишдан бўшатган ва Зоир Мирзаевга  “Хайфсан” берганди. Шунингдек, агар чорак якунигача вилоятда ўзгариш бўлмаса, қатъий огоҳлантириш олганлар ишдан бўшатилиши айтилган. Орадан чорак вақт ўтса-да, Қашқадарёдаги ишсизлик ўзгармади, муаммолар камаймади…

Бироқ орадан ўтган вақт ичида ҳукуматнинг Зоир Мирзаевга нисбатан муносабати ўзгарган кўринади. Президент Қашқадарёга қилган сайлов олди сафарида қашқадарёликларга қарата “Мана танлаб-танлаб, бошқа жойдан, тажрибали ҳоким олиб келдимки, энди бундай яшаб бўлмайди. Олдинги вилоят ҳокими ҳеч балони қилолмади, одамларни ишонтиролмади, эргаштиролмади”, дея Зоир Мирзаевга ишонишини билдирган.
Зоир Мирзаев “Дарё” мухбирига берган интервьюсида “Қани энди имкони бўлса-ю, қашқадарёликлар билан узоқ вақт ишласам. Лекин барибир раҳбар сифатида ҳар қандай вазифага тайёр турганман. Ва такрор бўлса-да айтаманки, раҳбар сифатида тўрт-беш кишининг юрагида қолсам ёки қилган ишим унинг хотирасида қолса, менга шу кифоя”, деган эди. Бугун Қашқадарё вилоятида ҳоким кимнинг хотирасида қолгани бизга маълум эмас, аммо унинг ортида бир дунё ечилмаган муаммолар қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Зоир Мирзаев Қашқадарё ҳокими бўлгунга қадар  Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокими, — Самарқанд шаҳар ҳокими (2008-2010), Самарқанд вилояти ҳокими (2010-2016), Бош вазир ўринбосари  (2016-2018), Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими(2018-2019) вазифаларида ишлаган.

  1. “Қашқадарё қишлоқларида бошпанасиз аёллар, оғир шароитда ўзига уй қуришга мажбур бўлмоқда” 
  2.  Қашқадарёдаги қишлоқда аёллар туғруқхонага "Тез ёрдам" ўрнига эшакда ташиб келинмоқда

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
19.11.2021 02:25
Ko'targanimi, tushurganimi? Nima bo'lsa ham oxiri baxayr bo'lsin. Maslahatim, ko'proq eshak va ot tayyorlab qo'ying~ot hokimga, eshaklar homiladorlarga. Oqqo'rg'onliklarga sabr tilayman
19.11.2021 00:42
Кадини урсин
19.11.2021 00:40
Отда йурган хар кандай одам ешак минади,лекин ешак миниб йурган хар кандай одам хам от мина олмайди...
18.11.2021 23:56
Рахмат сизга хакикатни ёзганингиз учун