Тошкент вилоятида ҳокимлик Президент фармони билан найранг ишлатиб, 12 минг аҳолини мактабсиз қолдирмоқда

18.08.2021 14:57

Бош прокуратура ноқонуний деб топган қарор бекор қилинмади, ҳокимга чора кўрилмади. Нима учун?

Ер бўйича энг кўп ноқонуний қарорлар Тошкент вилояти ҳокимликларидан чиқарилмоқда. Энг кўп коррупция ҳолати аниқланган ҳудудлар рейтингида Тошкент вилояти “фахрли” 3-ўринни эгаллаб келади.

Агар вилоят мутасаддилари иш тутуми шундай давом этаверса, демак бу борада вилоят энг олди ўринларни эгаллаб тураверади.

Президент фармонини пеш қилиб, ер бўйича ноқонуний қарор чиқарган Зангиота туман ҳокимига нега чора кўрилмади? Тошкент вилояти ҳокимлиги эса бу муаммога кўз юмиб келмоқда...

Йиллар давомида Назарбек қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5 та маҳалланинг 12 минг нафар аҳолиси мактаб ва боғчасиз қийналади. Болалар катта трасса ва хавфли йўллардан ўтиб узоқ йўллардан мактабга қатнашга мажбур бўлмоқда. Афсуски, мактаб ўқувчилари орасида бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлган. Аммо, Тошкент вилояти ва Зангиота тумани ҳокимлари аҳолининг мактаб ва боғча сўраб қилаётган мурожаатларини инобатга олаётгани йўқ.

Туман ҳокимининг найрангими бу?

Зангиота тумани, Назарбек ҚФЙ, “Форобий” маҳалласида Президентнинг "Беш ташаббус" лойиҳаси асосида тадбиркорга кутубхона ва мактаб қуриш учун ажратиб берилган ерга замонавий турар жойлар қурилмоқда. Зангиота туман ҳокимлигининг Президент фармони билан ишлатган найранги бу ишларни гўёки қонунан бажарилишига йўл очиб берган.

Республика прокуратураси жавобига кўра ноқонуний қарор чиқарган Зангиота тумани ҳокими 15 минг нафар аҳолини мактаб ва боғчасиз қолдирган. Назарбек ҳудудига кирувчи 4 та маҳалла – Форобий, Назарбек, Қиргузар ва Аҳилобод, қўшни Найман МФЙда жами 12000 нафардан зиёд аҳоли яшайди, шундан 2876 нафари мактаб ўқувчилари, 2374 нафари эса 7 ёшгача болалар, 1101 нафар боғча ёшидаги болаларни ташкил этади. Улар ҳозиргача мактаб ва боғчасиз яшаб келмоқда.

Ҳудуддаги ягона бўш қолган ва собиқ иттифоқ давридаёқ мактаб учун ажратилган ер Зангиота туман ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчиликка зид равишда тадбиркор учун замонавий турар жойлар қуриш учун ажратиб берилган.

Энг қизиғи туман ҳокимининг қарори Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Зангиота туман прокуратураси томонидан амалдаги қонунчиликка зид экани кўрсатилиб, протест киритилган бўлса-да, тадбиркорлар қурилиш ишларини бемалол давом эттирмоқда.

Зангиота туман ҳокимлиги Президентнинг беш ташаббусга оид фармони юзасидан мактаб, боғча, кутубхона қуриш учун тадбиркорга ерни 0 қийматда берган. Бир ҳафта ўтиб эса, туман ҳоким ер учун чиқарган қарорини “замонавий турар жойлар” қуриш учун кўринишида ўзгартиради.

Оқибатда тадбиркор 2.21 га. ернинг 90 фоиз қисмига замонавий турар жой ва 100 ўринлик боғча ва 200 ўринлик мактаб қуришни бошлаб юборган. Мактаб, боғча, кутубхона қуришни ваъда бериб ернинг асосий қисмига замонавий турар жой қураётган тадбиркор устидан норози бўлган фуқаролар бугун додини қаерга айтишни билмай ҳайрон.

Маҳалла фуқаролари мазкур масала юзасидан давлатимиздаги деярли барча инстанцияларга (президент қабулхонаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Бош прокуратура, қурилиш вазирлиги, адлия вазирлиги, коррупцияга қарши кураш агентлиги) мурожаат қилган. Шунга қарамай муаммо ҳал бўлган эмас.

Ушбу масала юзасидан rost24.uz сайти 2 ойдан буён Зангиота туман ҳокимлигига мурожаат қилиб келади. Бу орада ерни ноқонуний ўзлаштирган тадбиркорлар эса қурилиш ишларини бошлаб юборган.

 

Эслатиб ўтамиз,

Зангиота туман ҳокимлиги ва Миллий гвардия болаларни алдади”, 

Тадбиркорлар” табиатнинг табиий ўзанларига ҳам таҳдид қилмоқда",

Қўмита раиси ва туман ҳокимлигини эплолмаган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятида ҳокимлик қилмоқда” номли мақолалар сайтимизда эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.09.2021 19:54
Butun respublika bo'yicha shu holat.
19.08.2021 20:05
Бешта изоҳ езилибди, нега кўринмайди, ёки Сизлар хам .......
19.08.2021 04:30
Nega endi faqat Toshkent viloyati? Bunaqa bogʻcha maktabi uzoq 1000 lab qishloqlar bor. Nega boshqalari yoʻq. Taxmin: 1. bu qishloq muxbirning oʻzining qishlogʻi. 2. Muxbirga iltimos boʻlgan. 3. .... 4....
18.08.2021 20:53
Axir maktab, bolalar bog'chasi, kutubxona masjidday muqaddas joyku, ha nonko'rlar, nonko'rlar-a.
18.08.2021 20:46
Буланинг хар кандай конунга куйиб куйгани бор, чунки "ош худо, нон пайгамбар".