Бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича форум бошланди

24.11.2026 17:44

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Корпоратив университети ташаббуси билан Тошкент шаҳрида «Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги икки кунлик форум ўз ишини бошлади.

Форум мамлакатимиздаги йирик компаниялар таъсисчилари ва раҳбарлари, тадбиркорлар, тегишли давлат идоралари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар ҳамда бизнес таълими соҳаси мутахассислари учун очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш майдони сифатида ташкил этилди.

Асосий мақсад иштирокчиларга бозордаги ўзгаришлар ва давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериш, бизнесни ривожлантириш ва бошқаришнинг замонавий воситаларини тақдим этиш, шунингдек, банк, ҳамкорлар ва халқаро экспертлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдан иборат.

Форумнинг очилиш маросимида «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ раҳбарияти ва Корпоратив университет вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакат иқтисодий сиёсатининг бугунги кундаги устувор вазифалари, давлат аҳамиятига молик муҳим тармоқлар ва замонавий бошқарувда кадрларга бўлган талаб ҳақида фикр билдирдилар.

Анжуманнинг биринчи кунида компаниялар таъсисчилари, кузатув ва бошқарув кенгашлари аъзолари, бош директорлар ҳамда юқори бўғин раҳбарлари учун стратегик ривожланиш ва корпоратив бошқарув масалаларига бағишланган муҳокама ва тақдимотлар ўтказилди.

Унда Москва бошқарув мактаби — SKOLKOVO ректори Александр Ким, мактаб профессори Евгений Плаксенков, таклиф этилган ўқитувчи Антон Аверянов, фахрий профессор Елизавета Садова ҳамда бошқа экспертлар маъруза ва амалий машғулотлар билан иштирок этди.

Кун тартибидан компанияларда корпоратив маданиятни шакллантириш, раҳбарлар тайёрлаш, глобал мегатрендларнинг бизнесга таъсири, халқаро музокараларда маданиятлараро мулоқот, компания стратегияси ва бизнес моделини такомиллаштириш, маҳаллий брендларнинг глобал бозордаги рақобатбардошлигини ошириш каби мавзулар ўрин олди.

Форумнинг иккинчи кунида бевосита тадбиркорлар ва ривожланаётган бизнес вакиллари учун амалий масалаларга йўналтирилган тақдимотлар ўтказилади.

Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, Бизнесни ривожлантириш банки мижозлари, тадбиркорлар, «Yandex Uzbekistan», «Тадбиркор аёл» (Business Woman) ва бошқа ташкилотлар вакиллари, шунингдек, SKOLKOVO бошқарув мактаби экспертлари иштирок этиши режалаштирилган.

Иккинчи кун доирасида тадбиркорликни кенгайтириш учун зарур молиявий ресурслар, янги бозорларга чиқиш, малакали кадрларни жалб қилиш ва бизнес ҳамкорликларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, лидерлик, шахсий самарадорлик, раҳбарнинг замонавий бошқарув компетенциялари ва сунъий интеллектнинг раҳбарлик фаолиятига таъсирига алоҳида эътибор қаратилади.

Иштирокчилар танлови асосида ўтказиладиган тематик секциялар ҳамда «Культурали» номли бизнес ўйин ҳам дастурдан ўрин олган. Ушбу машғулотлар турли ишбилармонлик маданиятлари билан ишлаш, жамоавий ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Форум давомида экспертлар ва иштирокчилар ўртасида фикр алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, банк ҳамкорлари билан учрашувлар ва нетворкинг тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда.

Мазкур форум тадбиркорлар ва бизнес раҳбарлари учун янги билим ва бошқарув тажрибасини эгаллаш, ўз фаолиятида замонавий ёндашувларни қўллаш, истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда бизнесни ривожлантиришнинг янги имкониятларини кашф этишга хизмат қилади. Форумда муҳокама қилинган мавзулар ва тақдим этилган дастурлар келгусида Бизнесни ривожлантириш банки Корпоратив университети фаолиятида ҳам қўлланилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар