Ўзбекистонда 10 йил аввал жамоат жойларида тамаки чекишни чекловчи қонун қабул қилинган, жарималар миқдори аниқ қилиб белгиланган, лекин Самарқанддан бошқа ҳеч жойда мазкур чеклов бўйича фуқаролар жаримага тортилмаган.
Rost24.uz сайти мухбири 10 йил ичида Ўзбекистонда жамоатчилик жойларида тамаки чекканлик учун қанча фуқаро жавобгарликка тортилгани билан қизиқиб, суриштирув ўтказди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра жамоат жойларида тамаки чекиш мумкин эмас. Бу тўғрисидаги қонун дастлаб 2011 йилда қабул қилинган, аммо махсус жазо чоралари белгилаб қўйилмаган эди. 2016 йилдан бу муаммо бартараф этилиб жамоат жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун жарима миқдори энг кам иш ҳақининг бирдан уч қисмигача белгиланди.
Бироқ иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим ва соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин хавфи кучли жойлар ва бошқа жамоат жойларида сигарет чекиб турувчиларни кўп учратишимиз мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки қонунчиликда чекиш таъқиқланган жойларга “чекиш мумкин эмас” белгиси ўрнатилмаган.
Мазкур ҳуқуқий маъёрни назорат қилиш вазифаси ички ишлар органларига юклатилган. Бироқ, журналистик суриштирувимизга кўра, ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати жамоат жойида тамаки чекканлик учун жаримага тортилганлар сони йўқлиги ва бу борада статистика юритилмаслигини маълум қилди. Профилактика инспектори ҳамда жамоат тартибини сақлаш инспекторлари ҳам бу бўйича статистик маълумотга эга эмасликларини айтишди. Айни дамда давлат статистика қўмитасида ҳам бу бўйича махсус статистика юритилмаслиги маълум бўлди.
2019 йил маълумотларига кўра, Самарқандда тақиқланган жойда сигарета чекканлар 115 миллион сўмдан ортиқроқ жарима тўлаган.
Самарқанддан ўзга ҳудудларда жамоат жойларида тамаки чекканлик учун биронта фуқаро жаримага тортилмагани Ўзбекистонда ҳеч ким бу тартибни бузмаслигини англатадими ёки қонун ишламаганидан далолатми?