БИР ДАҚИҚАЛИК ШАХСИЙ ФИКР
“Ўзбекистон келажаги буюк давлат”, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно, ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”. Билмадим мен бу тезисларни қачон эшитганман, қачондан бери биламан, балки 20 йил бўлгандир, балки 25 йил...
Аммо орадан шунча йил ўтса-да, шу айтилган келажак яқинимизга ҳам йўламаганини биламан. Бахтли яшашини истаган фарзандларимизни шунча йилларда ҳам бахтли қила олмаганимизни биламан.
Бироқ менга яна бир нарса алам қилади. Ўша давр тезисларни ёзган мирзолар, халқни шу шиорлар остида умрини ўтказган ҳукумат вакиллари ҳозир қаерда? Улар ҳали ҳам ҳукумат тепасидами ёки уялганларидан истеъфога чиқиб кетишдими?
Агар уларда виждон бўлганда шундай қилишарди... Аммо афсуски, улар ҳатто ўзини гўёки олдинги сиёсий хатоларда айбдормасдек тутишади.
Бу саволларни қўзғашим бекорга эмас.
Ёзда мактаб ёшидаги ўғлим Бухородаги ўқув курсида таҳсил олди. Тошкентдан вилоятга борган болага рости жуда қийин бўлди. Пойтахтда улғайган, дунёнинг турли жойларига бориб кўниккан фарзандимнинг боши бу ердаги шароитларни кўриб айланиб қолди.
Аммо унга ювиниш, ётиш, яшаш учун имкон даражасида ўша ерда шароит яратиб берган эдик.
Ўғлимга биз у ерда яратиб берган оддий шароитни кўриб тенгдош ўқувчилари лол қолибди.
Ўғлимнинг курсдошлари унинг ёстиқлари, кўрпалари ва шампунь, ювиниш гелларини кўриб ҳайрон қолишибди. Ёстиқ ва кўрпаларини ҳидлаб бунақа момиқ ва нафис ҳидли ўринларни билмасликлари, улар фақат кир совун ва совуқ сувда ювиниб кетаверишларини айтишибди. Болада улар, фарзандим ётган ўриндиққа ҳавас қилиб, бирин кетин юмалар эмиш, ёстиқларини қучоқлаб ҳидлар экан. Ийманганлари эса аста келиб, секингина “ўрнингда мен ҳам бир марта ўтирсам майлими”, деб сўрар экан... Болада ҳавас қилаётган нарсани қаранг.
Эшитиб кўзимдан ёш чиқиб кетди... Бу ўғлим айтиб берган вазиятдан бир парча холос.
Унинг барча оддий нарсалари ўртоқлари учун шохона туюлипти. Ваҳоланки, мен ҳам оддий оила сифатида ўғлимга оддий нарсалар олиб берганман. Қишлоқнинг болалари учун эса бу бир ҳашаматдек туюлишини мен ҳам билмапман. Хўрлигим келди, бўғзимга нолам тиқилди...
Биз кутган, биздан-да яхши ва фаровон яшаётган келажак авлодларимизнинг аҳволи шуми? Оддий нарсаларни шохонадек қабул қилган, совуқ сувда кир совунга ювиниб юрган шу болалар ўша 25 йил айтилган буюк келажагимизми?
Совуқ сувда кир совунда ювиниб юрган шу болаларнинг мақсади бир. У ҳам бўлса яхши ўқиб буюк келажак ваъда қилиб келган шу юртдан узоқроққа кетиш. Улар нажотни илм олиш ва кетишда, деб билмоқда. Улар учун оддий ипак пахтали тоза тўшаклар ҳашамат. Улар қандай шароитда катта бўлган? Наҳот шу оддий шароитни билмаган?
ТВ, газета ва радиода биз "буюк келажак" ҳақида қанча кўп гапиргандик. Биздан фаровонроқ яшаши керак бўлган ўша ёшлар, гўдаклар ҳали ҳам кир совунга чайиниб юрибди. Қани ўша бизга буюк келажакни ваъда қилган амалдорлар? 30 йил давомида буюк келажак ҳақида қалам тебратган “Мирзо” ўз сафсаталаридан ўзи ҳам уялармикан?
Келажагимиз буюк деган ҳукумат вакилларининг ҳақиқатан келажи буюк бўлди. Фарзандлари минбарларда, 10-12 та лавозимларни эгаллаб юришибди. Истаган пайти бу юртни тарк этиб, истаган мамлакатида яшашга шаротини қилиб қўйгандир.
Уларнинг бири бугун марказдаги уйидан ишга велосипедда қатнашини кўз-кўз қилади. Яна бирлари қонун доирасида давлатларини кўпайтирганларини айтиб сайрашади. Улар ҳам кир совунга чайиниб, катта бўлган болаларни билармикан?
Оддий шароитдан ҳайратланадиган гўдаклар ҳаққини еганлар бугун қаерда? Бу шароитларга шунча йил жим юрганлар ҳам жавобгарми? Совуқ сувда кир совунга ювиниб катта бўлган болаларнинг ҳаққини еганлар ҳукуматдан узоқлашдими? Қани улар?
Саволларимга жавоб топа олмаяпман. Мен йиғлаяпман. Сиз-чи?..