ЁХУД МУХБИРНИНГ МАШИНАСИГА ҚОРАДОРИ ТАШЛАГАНЛАР 22 ЙИЛДАН БУЁН ТОПИЛМАЯПТИ
22 йилдан бери очилмаган жиноят
Мен айбсизлик призумпцияси асосида ЎзЖПКнинг 83-моддаси 2 қисми билан жиноят ишининг менга тегишли қисми бекор қилинган бўлсада, қорадорининг ҳақиқий эгасини топишни сўраб дастлаб Қўшработ туман ички ишлар бўлимига, мақола чоп этилгач эса, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи А.Шарофуддинов имзоси билан “Ҳуррият”да чоп этилган жавобда айтилишича, аниқланмаган шахсни топиш ишини жадаллаштириш Самарқанд вилоят ИИБга топширилган. Орадан йигирма икки ярим йилдан кўроқ вақт ўтди ҳамки, номаълум шахс, топилиши исталмаган шахс сифатида қолмоқда. Чунки республика прокуратураси ҳам, республика ички ишлар вазирлиги ҳам бирор маротаба ўз ходимларининг жиноятини очмаган. Бундай шахслар доимо жиноятни вазифасидан кетгандан сўнг содир этган деб расмийлаштиришган. Бинобарин, журналистнинг хизмат вазифасини бажариши чоғида унга қилинган бу мудҳиш таҳдидни кейинги 30 йил давомида минг-минглаб одамларга маъмурий органлар томонидан қилинган суиқасдлардан бири деб тушуниш керак.
Гарчи мен хизмат вазифамни бажаришда давом этаётган бўлсамда, мақола чоп этилгунга қадар ўтган бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида таҳририятлар “Инсон ва Қонун”, “Халқ сўзи” ва бошқа нашрлар ғаладонида ётди. Тўғрироғи газета муҳаррирлари ўзларига бош оғриқ орттириб олишларидан чўчишди. Ниҳоят “Ҳуррият” газетаси “Қуруқ туматдан халос этган республика прокуратурасига раҳмат” деган ёрдамчи сарлавҳа остидагина мазкур мақолани чоп этишга журъат этди. Мақола ўз даврида ниҳоятда катта шов-шувга сабаб бўлди. Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда муҳокама қилинди. Бироқ мақола юзасидан бирон-бир журналист ҳамкасбимиз мулоҳаза юритишга на журъат ва ё нашр топмади.
Бугун ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланганлиги журналист ва блогерларнинг ҳар бир воқеа-ҳодисага вақтида ўз муносабатини билдириш имконини бермоқда.
ЯЛҒОШ САРИЕВ, журналист
***
1998 йилнинг ёз ойи бошларида журналистлар орасида миш-миш тарқади: эмишки, “Адолат” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбири Ялғош Сариев ҳибсга олинди. Машинасидан “қора дори” топилибди. Бу нохуш хабар қалам аҳлини жиддий ташвишга солди. Наҳотки?.. Шукрки, тобора ажабтовур гапларга кўп ўтмай нуқта қўйилди. Куфрнинг умри қисқа экан, ҳамкасбимизга қўйилган айблар судга чиқиш у ёқда турсин, дастлабки терговдаёқ ўз исботини топмади...
Бироқ бир неча ҳафталик пинҳоний тазйиқ, сўнг ҳибсдаги маънавий азоблар ўз таъсирини кўрсатиб улгурди: Я.Сариевнинг руҳи лат еди...
Куни кеча Ялғош ака таҳририятимизга кириб келди. Кўришдик. Қисқагина суҳбат сўнгги яна эски гапга бориб тақалди, “Бўлиб ўтган воқеаларни қоғозга туширсангиз бўлармиди?”, дедик журъатсизгина. “Туширдим — деди Я. Сариев. – Бироқ чоп этасизларми?”
Бўлмаса-чи?!
Мана, азиз муштарий, ваъдамизни бажо қилишга киришдик...
“ҲУРРИЯТ”
Юзага чиққан адолатнинг лаззати ўзгача бўлади. Айниқса, камерадаги сенга қўйилган инсонийлик қадр-қийматингни бир пул қиладиган айбловдан сўнг лаҳзаси соч оқартирадиган “ширингина” азоблар, ҳар куни терговчига, ўз-ўзингга берилган сўроқлар, сохта гувоҳлар, терговчининг тиржайган башараси...
Бир савол тинмай миямни титкилайди. Ажабо, 22716-жиноят иши қандай қилиб 11301-жиноят ишига айланиб қолди? Қандай қилиб мени жиноятчига айлантиришди? Воқеалар, саналар миямга михланиб қолгандай...
1998 йил 3 март. Собиқ терговчи Абдуаҳад Ортиқовнинг Қўшработ туман прокурори Абдуғани Абдуллаевнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳақида “Адолат” республика газетасига шикоят-аризасини текширишга киришдим. Туманда номларини ошкор қилмаслик шарти билан 22716-жиноят ишига тегишли бўлган учта ажабтовур ҳужжат – Эргаш Жуманбулбул ўғли номли хўжалик раиси Турсунқул Рустамовни айланувчи тариқасида жавобгарликка тортиш ҳақида қарори, айбланувчига ЎзРЖКнинг 41-43 моддаларида кўрсатилган ҳуқуқларини тушунтириш ҳақида протокол, эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида қарорни қўлимга тутқазишди. Ушбу ҳужжатлар асл нусха экани, бир пайтлар қайсидир жилдда бўлгани, игна, ип ўринлари, прокурор ва айбланувчи имзолари аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Бу 22716-жиноят ишига қизиқишимни оширди. Самарқанд вилоят прокуратураси умумий бўлими бошлиғи Муҳиддин Баҳриддинов, вилоят суди раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Очил Мардонов ҳузурида бўлдим. Улардан хатни текшириш учун 22716-жиноят иши билан танишишга рухсат сўрадим. Ниҳоят, Қўшработ туман суди раиси Қаҳрамон Ўлжаев ижозати билан “дело” қўлимга тегди. Тахмин тўғри чиқди.
Қўлимдаги ҳужжатлар худди шу жилддан олинган экан. Турсунқул Рустамов аввалбошдан айбланибдию, ҳисобчи Файзулла Эшаевга ҳукм ўқилибди. Ҳар иккаласи ҳам муддати ўтмаган 54895 та алоҳида аҳамиятга молик ҳужжатларни 261-фактура билан Нурота туман тайёрлов идорасига макулатурага топширишда айбланибди. Терговда Баҳрон Жўрақулов деган архивчининг номи ҳам тез-тез учрай бошлади. Бу шахс ким ўзи? Нуротага бориб, архив бошлиғи Надоршин ва тайёрлов идораси раҳбарлари билан учрашдим.
1998 йил 22 март. Хатда номи келтирилган собиқ котиба билан қариндошлари иштирокида суҳбатлашдим. Назаримда, фожеам шу кундан бошлангандай.
1998 йил 24 март. Туман ҳокими, прокурори вакили уйимга келиб текширишни тўхтатишни, акс-ҳолда бир балога йўлиқишимни айтган.
1998 йил 29 март. Собиқ ҳисобчи Файзулла Эшаев хатдаги фактлар учун ундан гумонсирашаётганини, ташвишу таҳликада қолганини айтди.
1998 йил 30 март. Хизмат сафари билан Навоий вилоятига боришда Нурота йўлида машинамни йўлдан сиқиб чиқаришга интилишди.
1998 йил 7 апрель. Тинимсиз таъқиб ва исканжага олиндим. Оиламдан ташвишдаман. Ўзим-ку майли, уларнинг туман марказида яшаши хатарли бўлиб қолди. Ҳолислар қавму қариндошларимни ҳам тинмай безовта қилишаяпти.
Яна вакил келди. Эмишки, агар текширишни тўхтатмасам, ўзим ва оиламга ёмон бўлармиш. Уларнинг қўли узун, пули ҳам, юқорида қўлловчилари ҳам кўп эмиш. Маънодор айтишича, улар билан ҳоли гаплашиб олсак, ёмон бўлмас экан. Ундан қутулишнинг ягона йўли – розилик. Эртага 8 апрель – ҳайит куни. 9 апрель эрталаб вакил уйимга келадиган ва учрушув жойини тайин қиладиган бўлдик. "Чиройим очилганини" кўриб вакил яйраб кетди. “Мазза қилиб яшамайсанми, азамат!”, - деди елкамга қоқиб.
1998 йил 9 апрель. Эрта тонг соат 5.00 да ўрнимдан турдим. Келинингизга “Ҳали замон вакил келса, таҳририятнинг шошилинч чақириғи билан йўлга чиққанимни айтиб қўй”, - деб тайинладим.
1998 йил 10-13 апрель. Муҳаррир мақола тайёрлашга рухсат берди. 2 – 3 кун қоғоз қоралаб, “22716 – сонли жиноят иши ёки Турсунқул Рустамовнинг жазодан қандай қутулиб қолгани хусусида” сарлавҳали мақола ёздим. Мақолани юрист мутахассисларга ўқитдим. Республика бош прокурорининг матбуот ишлари котиби Султонмурод Норхўжаевга учрашдим. Унинг тавсияси билан 13 апрель куни мақола ва борқа ҳужжат нусхалари муҳаррирнинг кузатув хати билан республика прокуратурасига юборилди.
1998 йил 25 май. Ҳаётимда энг қора кун бўлиб қолди. У кунларни эслаш, ёзиш ҳам азоб. Қатағондан жони сабил қолган адиблар нега бу мавзуда узоқ ёзолмай юрганига энди тушундим. Нима бўлса ҳам ўша қора кунлардан тезроқ узоқлашишни, дилингдаги жароҳатлар тезроқ битишини истаб қолар экансан киши.
Яна хизмат сафарига отландим. Уйим, машинам кузатувга олинганини, ўргимчак тўри тўқилганини ҳали билмасдим.
Ўша куни укам ва мени қамоққа олишди. Аввалига ДАН постида инспектор Холмурод Эргашев, навбатчи милиционер Баходир Ирзақуловлар томонидан машинам тўхтатилиб, эрталаб 9.30 ларда ИИБ ҳовлисига олиб келинди. Соат 10-10.30 ларда “машинамга қора дори ташлайсизлар, кўз олдимда текширинг” деган қаътий талабимдан сўнг навбатчи Ғофур Равшанов машинани далолатнома асосида қабул қилди. Сўнг “милиция ходимини қора дори ташлайсизлар, деб ҳақорат қилгансиз” дея изоҳ сўраб тушунтириш хати ёздиришди. Ҳеч бир асоссиз ИИБ бошлиғи Ҳасан Қодиров хонасида техник паспорт, талон ва гувоҳномамни олиб қўйишди. Қайта текшириш ўтказишга келишилди. Мен 2-3 соат олдин машина тўла текширувдан ўтказилганини айтиб яна эътироз билдирдим. “Ҳеч нарса қилмайди”, деди Ҳасан Қодиров шприцдан қўрққан болага “оғритмайди” дегандай.
Соат 12.30 чамаси қайта текшириш ўтказиш учун бизни ҳовлига машина ёнига олиб чиқишди. Ниҳоят, руль остидаги тўшама тагидан эски целлофанга ўралган бир чайнам сақичдек “қора” топилгач, ИИБ ЖҚБ бошлиғи Ғофур Қаршиев тантана қилди.
- Ҳидланглар-чи, қорадорими?!
Шўрлик Колумб ҳам Куба соҳилларини кўриб бунчалик қувонмагандир.
Шу лаҳзадан биров билан гаплашиш, телефон қилиш, бинодан чиқиш тақиқланди. Ҳайриятки, дипломатдаги ҳужжатларни чиқариб юборишга, уйга, қариндошларга хабар қилишга улгурдим.
Ўша куниёқ мухбирнинг машинасидан 18 грамм қорадори топилгани ҳақида махсус маълумот тарқатишади. Ҳоким ва прокурорни бу қониқтирмайди шекилли, 27 майга келиб, 61,1 граммга чиқаришади. “Шу йилнинг 25 май куни эрталаб соат 9 ларда Э. Сариев бошқарувидаги машина ДАН ходимлари томонидан тўхтатилган. Ака-ука Сариевлар милиция ходимларининг қонуний талабларига буйсунишдан бош тортишган, уларнинг машинаси текшириб кўрилганда 61,1 грамм... борлиги аниқланиб олинган” деб ёзишади. Кейинчалик Навоий вилоят ИИБ терговчиси Баходир Ғофуров томонидан ўтказилган холис терговда Ғофур Қаршиев менинг “25 май куни 18 грамм, 27 май куни 61,1 грамм топилди, деб махсус маълумот бергансиз. Қай бири тўғри? Иккаласиям тўғри бўлса, 79,1 грамм бўлади. 18 грамм қорадорини нега делода кам кўрсатгансиз?” деган саволимга жавоб тополмай ер чизди. Терговчининг “махсус маълумотлар” дафтарини олиб келинг!” деган сўроғига “архивга топшириб юборишибди” деб жавоб берди. Куласанми, буғилиб ўласанми бунга?
Ҳали бу гапларга, кулишу ғолиб бўлиб буғилишга анча бор. Беш кунлик қамоқ, уйингдаги тинтув, тергов, прокурорнинг эҳтиёт чораси, зўрлар билан олишганнинг аҳволи ҳақидаги миш-мишлар олдинда турибди, ошна.
Қечқурун мени ИИБ терговчиси Бахтиёр Эшназаров, ЖҚБ бошлиғи Ғофур Қаршиев, участка нозири Ботир Усмоновлар прокурор Абдуллаев ҳузурига олиб кетишди. Машинадан тушгач, терговчи менга бурилиб, “сиз ўжар одамсиз, лекин тақдирингиз ҳал бўлаяпти, прокурор таклифига йўқ деманг” деди. Улар берган яна бир имкониятни рад қилдим. Прокурор терговчи билан гаплашди. Мени қабул ҳам қилмади. Қайтиб келгач, бўш димломатимни, галстук, қайиш, ботинкам боғичларини олишди. Бинойидай маҳбусга айландим.
Ўша кечаси уйимни ҳам тинтув қилишган. Ҳайриятки, оила аъзоларининг маҳалла вакилларисиз текширувга йўл қўймагани, қариндошларнинг вақтида етиб келгани, эҳтимол, уларнинг навбатдаги мудҳиш режасини пучга чиқарган.
1998 йил 26 май. Йўлакдан камерага мўралаган қизғиш нур ёруғида Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур” китобини варақлайман. Унга хавф солиб турган фитна ва муқаррар ўлим хавфи олдида мени ҳеч нарса эмас экан. ЎзРЖКнинг 277-моддаси 2-қисми, 276-моддаси 1-қисми билан айблашаяпти. Фақат қорадорими десам йўқ, милиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган, ДАН ходими Холмурод Эргашевни ҳақорат қилган эмишман. Буни гувоҳлар Шерон Холиқулов ва Бойхўроз Исмоиловлар кўришган экан, шу...
Ҳар куни бир-икки марта терговчи ҳузурига сўроққа олиб чиқишади. Гувоҳлар билан юзлаштиради. Мен фитна атайлаб ташкил этилгани учун прокурор Абдуллаев ва унинг қўл остидаги сўроқ беришдан бош тортаяпман. Негадир “Ҳақиқатни ёзинглар, сизларни мен ҳимоя қиламан”деган садо қулоқларим остида тинмай жаранглайди, қалбимни ёритиб, вужудимни илитиб, руҳиятимга таскин-тасалли беради. Шунда нимадан куч-озиқ олаётганимни англадим. Алп елкасидан асрлар юкини итқитаётган, нурдай покланаётган заҳматкаш юрт бу. Бурчак-кунжакда тўқилган ўргимчак тўрларининг супургилик ҳоли бор, холос.
1998 йил 22 май. Яна терговга чақиришди. Хонада терговчи, ЖҚБ бошлиғи Ғофур Қаршиев, шифохона доришуноси, яна икки йигит “гувоҳ бўлса керак” ўтирган экан. “Машинангиздан топилган қорадорини ўлчаб кўрамиз”, дейишди. Ўлчаш учун торозига қўйилган қорадорини кўриб кўзларим “яшнаб” кетди. Сигарет пачкасидек келадиган, ялтироқ целлофанга ўралган сўлқилдоқ қорадори 61,1 грамм чиқди. Қойил?! Гувоҳлар кўрганларини тасдиқлаб беришди.
1998 йил 28 май. Чоп этилмаган мақоламда ноҳақ жабрланган деб тилга олинган Неъмат Мунавваровни шу ерда учратдим. Қўшни камерада экан. 2-3 кун бурун суд қилишга олиб келишибди. Кулгим қистади, кеча адолат истаб улар ҳимоячиси эдинг. Бугун сенга қўйилган айблар уникидан оғирроқ. Энди ўзинг адолатга, ҳимояга муҳтожсан, ошна.
Тушдан сўнг прокурор ҳузурига олиб кетишди. Ўнг қўлимга занжирли ҳалқа тақишгани ёмон бўлди. Одамларнинг, айниқса, бола-чақанг кўзига шу аҳволда кўриниш... Нимаям қилардинг. Прокурорнинг торгина қабулхонасида бироз ноқулайлик туғилди. Хонага кириб қолган солиқчи дўстим Ражаб Ўролов кўришиш учун қўл узатди-ю, занжирга кўзи тушиб ранги бўздай оқариб кетди. Прокурор билан яна муросамиз келишмади. У қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди, мен эса қарор остига: “Қарор ғайриқонуний, қўл қўйишдан бош тортаман” деб ёзиб қўл қўйдим.
Машинада милиционерларнинг менга муносабати анча ўзгарди. Улар негадир Белорусияда суд қилинаётган рус журналисти Павел Шеремет ҳақида гаплашишти.
1998 йил 29 май. Камерада мастликдаги безорилиги учун суд ҳукмини кутаётган уч навқирон “ҳамдардим” гумондордан айбланувчига айланим билан қутлашди...
— Тамом, – деди кичкинтой, – тайёрланаверинг, энди сизни ҳам Каттақўрғонга жўнатишади!
Бугун негадир терговга чақиришмади. Бунинг устига терговчи машинкасининг одатдаги чиқ-чиқи эшитилмайди. Амир Темурнинг туркман Алибек Жонқурбоний қўлида асир ётган саҳифаларини ўқиб ётиб мулгиб кетибман. Ажаб, сокин тун қўйнида, замин бағрида ётибман. Осмонда ой сузади. Атрофида бодроқдай сочилган чақноқ юлдузлар. Бир пайт ойдан бир даста нур ажралиб ёнимга келиб тўхтади. Зум ўтмай нурдан яралган нарвонга айланди. Вужудимни оромбахш илиқлик қоплайди. Шу пайт тарақлаган овоздан уйғониб кетдим. Навбатчи милиционер темир дарчани уриб мени чақираётган экан. Нега терговга чақиришмагани маълум бўлди. Прокурор ҳам, терговчи ҳам Тошкентга чақириб кетилибди. Ҳоким касалхонада ётган эмиш. Донишманд укамиз ётган жойида яна башорат қилди: “Эртага сиз чиқиб кетасиз, ака”.
1998 йил 30 май. Эрталаб яна терговга чақиришди. Терговчи ёнида акамни кўриб ажабланмадим. Кўп ўтмай прокурор Абдуғани Абдуллаев ҳам етиб келди. “Сизнинг ҳурматингиз учун укангизни чиқараяпман”, деди у акам билан кўришар экан.
Озодликнинг “эҳтиёт чораси орқали” деган кичкинагина шарти бор экан. “Қара, қандай яхши одам, тинч юрса буёғи ҳам тинчиб кетади деяпти”, дейди акам.
Ҳасан Қодиров билан хайрлашишимиз айниқса кўнгилли ўтди. “61 грамм билан ётганнинг чиқишини биринчи кўришим. Бола-чақангиз бор экан, нима қиласиз катталар билан олишиб, ука!”
Билмаган эканман. Бирам ширинсухан, бирам меҳрибон экан-ку, булар.
“Коса тагида ним коса” борлигини эртаси куни Тошкентга бориб билдим. Масалага ойдинлик киритишда Республика Прокуратураси анча саъй-ҳаракат қилибди.
Жиноят иши холис тергов ўтказиш учун Навоий вилоят прокуратурасига берилди. Терговнинг биринчи куниданоқ гувоҳлар – Шерон Холиқулов ва Бойхўроз Исмоиловлар ўзларидан ёлғон кўргазма олинганини баён қилишди. Холмурод Эргашев ҳам бўш келмади, “Қизишиб кетиб ҳақорат қилди, деб ёзганман”, деб туриб олди. Ғофур Қаршиев эса “махсус маълумотлар” дафтари архивга топширилган”ини маълум қилди...
Шундай қилиб Навоий вилоят ИИБ тергов бошқармаси 11301-жиноят ишининг Ялғош Сариевга тегишли қисмини таркибида жиноят аломатлари йўқлиги учун 83-модданинг 2-қисми билан ҳаракатдан ётқизди. Қорадори эса “ноъмалум шахс томонидан ташлаб кетилган” бўлиб чиқди ва Қўшработ туман ички ишлар бўлимига айбдорни аниқлаш топшириғи берилди... Шунгаям орадан қарийб бир ярим йил вақт ўтди. Кейин нима бўлди, дейсизми? Ҳасан Қодиров тинчгина пенсияга чиқиб кетди. Ҳоким қарори билан унга ўзи миниб юрган хизмат машинаси совға қилинди ва яна машина қайтариб олиб келинди. Прокурор Абдуғани Абдуллаев қайсидир гуноҳлари учун вазифасидан четлаштирилди. ИИБ ЖҚБ бошлиғи Ғофур Қаршиев, ДАН инспектори Холмурод Эргашевлар ўта оғир жиноят содир этишда айбланиб, терговга тортилдилар.
Қўшработда биз фош этолмаган жиноятчилик фактларининг бир қисми очилиб қолди. “Ун” операцияси учун ҳокимнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, туман матлубот ҳиссадорлик жамияти раиси, “Пахтабанк” бошқарувчиси, туман халқ таълими бўлими мудири, ҳисобчи ва кассири устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Жиноят изини йўқотиш мақсадида Очил Қодиров номли хўжалик ҳужжатлари топилмади. Бу ерда отлар сувга оққани ёки эски тракторга айланиб қолгани, “Қўшработ” хўжалигида пилладан “Тико” ясалагани, ҳоким томонидан 1.200.000 минг сўм олиб совға қилинган “Нексия”лар ҳақида ғаройиб эртаклар пайдо бўлди. Айниқса, “Акмал-МК” фирмаси юрист тадқиқотчилар учун “очилмаган қўриқ” бўлиб турибди. Қанийди, бу фирма олиб борган товарсиз пул операциялари, ўғрилик, кўзбўямачилик фактларини ошкор этадиган бир мард топилса? Қўшработликлар бунга уринган мухбир, ўнлаб ҳалол ва виждонли кишиларнинг бадном қилинганини, “қорадори операцияси”нинг бошида ким турганини жуда яхши билишади. Лекин жиноят албатта ошкор қилиниши шарт. Бу ҳақиқат бугун учун ҳам, эртанги кун учун ҳам албатта айтилиши керак.
Хўш, қорадорининг эгаси ким? Агар у мен бўлганимда муқаррар жазо олардим. Қандай тутқич бермас зот – инсми-жинсми у, қонунга чап бериб юраверса?! Қонун барчага баробар экан, адолат чала бўлмаслиги, бу оғу бошқа ҳалол одамларнинг ҳаётини бошқа захарламаслиги учун, кўз ёшлар ёноқларда қотмаслиги учун “У”нинг номи ошкор қилиниши лозим!!! Муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Қонун устиворлиги таъминланиши, ҳар-бир жиноят тегишли жазосини олиши керак”.
2000 йил.