Ўзбекистонда биргина бошқарув, раҳбар кадр бўш ўрнига ўрта ҳисобда 76 нафар талабгор топилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган тадбирда айтиб ўтди.
Отабек Ҳасановнинг айтишича, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги жорий этган очиқ портал орқали бошқарувчи, бўш вакант ўринларига ўрта ҳисобда 70 нафардан ортиқ талабгор топилади. Бироқ, Ўзбекистонда ҳукумат тепасида бир кишининг бир нечта лавозим, иш ўрнини эгаллаб турганини кузатиш мумкин.
Rost24.uz ахборот сайти мухбири айни шу масала юзасидан тегишли орган бўлган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятига мурожаат қилди. Ҳукумат тепасидаги Жамшид Қўчқоров, Илҳом Маматов, Баҳодир Қурбонов, Ботир Зокиров, Сардор Умурзоқов, Aзиз Aбдуҳакимов каби амалдорларимизнинг уч-тўрттадан лавозимлари борлиги маълум.
Шундай экан, Давлат фуқаролик хизматига қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш масалалари билан шуғулланувчи давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ўрни қаерда қолади?
Агентлик Президент фармонига кўра, давлат хизмати раҳбарлик лавозимларига меритократия тамойилига асосланган ҳолда очиқ ва шаффоф тарзда кадрларни тайинлаши лозим. Бугунги кунда Ж.Ортиқхўжаев ёки Илҳом Маматовнинг портал орқали иш излаб лавозимга тайинланганига ким ишонади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов ушбу саволга жавоб берди:
“Журналистикада сўзларга эътиборли бўлишимиз керак. 50 та масалани ҳал қилиб, битта масалани бажармасак, агентлик керакми, керак эмасми деб савол бериш масаласини ўйлаб кўриш керак. Биз сизга юқорида батафсил қилинган ишлар бўйича маълумот бердик, бу саволингизга жавоб 76 нафар деганимиз бу меҳнат вазирлиги бошқарма бошлиқ лавозимида эди. Лекин биз ҳозир дастлабки босқичда давлат бошқарувидаги қуйи ва ўрта бўғин раҳбарларига очиқ танлов эълон қиляпмиз. Нима учун? Бунинг учун ҳам тажриба керак. Биринчи биз қуйи тизимдан бошладик. Яъни хатоларимиз чиқди тўғирладик. Малака тарафлама муаммо чиқяпти ёки тестни шаффоф қиляпмизда, оғзаки суҳбатга келганда бузиляпти. Эскича тизим бўлиб қолмаслиги учун суҳбатлашадиган одамларни ўзини тарбиялашимиз керак. Чунки, имтиҳонларни очиқ тарзда ютуб каналига қўйганимиздан кейин ўзимизнинг камчиликларимизни кўряпмиз. Ҳаммаси замонавий бўлатуриб, суҳбат жараёни эскича бўладиган бўлса бўлмайди.
Биз агентлик босқичма-босқич бу жараёнларга келмоқчимиз. Барча давлат хизматчиларига бу жараён инобатга олиниши учун агентлик ҳаракат қилмоқда. Унинг учун ҳамма нарса бунга тайёр бўлиши керак, суҳбат ҳам ёзма жараёнлар ҳам.
Миллий кадрлар захира тизимидан бизга топшириқ берилган. Деярли барча раҳбарлик лавозимларига янги тизим жорий қиляпмиз. Бу дегани ҳар бир раҳбарни лавозимидан ташқари, яна 3 та лавозимга ўтказиш, ҳозирча ёпиқ, чунки у тизимдан ўтгандан кейин очиқ бўлади. Яъни ҳоким ва бошқа вазир ўринбосарларидан ҳам суҳбат жараёни, психологик томони, билими тест суҳбатлари ўтказилади ва шундан сўнг лавозимга тавсия қилинади”, дея таъкидлаб ўтди Отабек Ҳасанов.