Шу ҳафта давомида Самарқанд ИИБнинг ходими ҳамда Қорақалпоғистондаги Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари катта миқдорда порадан воз кечгани сабабли катта миқдорда пул ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.
Ҳар бир фуқаро учун пора олиш ва бериш жиноят ҳисобланади. Айниқса, ички ишлар тизимида ишловчи ходимлар учун бу унсур мутлоқо ёт бўлган тушунча бўлиши лозим. Пора олмаслик бу тизим вакилларининг бош вазифаларидан бири. Бугун Ўзбекистонда ўз вазифасини бажариб, порани рад этган ходимлар “қаҳрамон”га айланаётгани кўпчиликни таажжубга солмоқда. Демак порани рад этмаганлар бу тизимда ишлаб юрибдими, деган мулоҳаза туғулиши ҳам табиий. Аслида пора олмаганларни мукофотлаш эмас, пора олганларни жазолаш тизимини ҳаракатга келтириш керак.
Коррупцияга қарши энг биринчилардан бўлиб курашувчи ички ишлар ходимларининг рад қилган пора эвазига пул миқдори билан тақдирланилаётгани қанчалар мантиқли?
Rost24.uz ахборот сайти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга шу мавзу юзасидан савол берди.
— Энди бизда бир хиллар ўз ишини бажарса ҳам мукофотланмоқда-ку. Шунга ўхшаган иш бу ҳам. Рағбат маъносида дастлаб бераётган бўлиши мумкин. Пора учун мукофот беришни мен ҳам самарали усул, деб ҳисобламайман. Энди умумий бошқа қилган кўрсаткичлари учун эътироф сифатида қараш керакдир. Бир-иккита одамларнинг дунёқараши шу масалани олдини олади ,деб ўйлаб топган бўлса нисбий тушунча бу ҳам.
Қаҳрамонлик даражасига жамиятнинг ўзи чиқаради. Қаҳрамон эмас, ўзининг ишини қилибди бу ҳам, бу нормал ҳолат, деб фикр қилса уни ҳеч ким қаҳрамон деб ҳисобламайди. Лекин жамиятнинг ўзи чиқариб қўядида. Сиз билан бизга ўхшаган одамлар. Қаҳрамон деманг, ўзининг ишини қилибди, денг. Бўлди, қаҳрамон бўлмайди, – деди Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев.