Илмда сон кўпаймоқда, сифатчи? Аюпов танқидига ОАК раддияси қанчалар асосли?

22.04.2026 20:57

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов «Jadid.uz» сайтига берган интервьюсида мамлакатда илмий даражаларни олиш жараёни, плагиат ва “қоғозбоз” илм масалаларига кескин тўхталиб ўтди. Унинг фикрлари жамоатчиликда катта муҳокама уйғотди. Орадан кўп ўтмай, Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан расмий муносабат – раддия эълон қилиниб, олимнинг айрим фикрлари асоссиз экани таъкидланмоқда.

Бу икки позициядан кўриниб турибдики, Ўзбекистон илмий тизимида ҳамон икки қарама-қарши куч – танқидлар орқали тозаликка эришиш йўлидагилар ва ҳаммаси яхши эканига ҳаммани ишонтириш учун ҳали ҳам уриниб яшаётганлар орасида жиддий саволлар мавжуд.

Аюпов: “Илмий ишлар кўпайди, лекин мазмун йўқолмоқда”
Шавкат Аюповнинг асосий даъвоси шундаки, сўнгги йилларда илмий даража олувчилар сони кескин ошган, аммо бу ўсиш сифат билан эмас, кўпроқ формаллик билан боғлиқ.
У қисқа вақт ичида PhD ва DSc олаётган мансабдорлар кўпайганини, илмий ишлар орасида юзаки ва таржима қилинган (плагиат) тадқиқотлар кўп учраётганини, айрим ишлар ҳатто хориждан олиб, таржима қилиниб ҳимоя қилинганини таъкидламоқда.
Бу фикрлар жиддий айблов бўлиб, улар нафақат тизимга, балки бутун илмий муҳитга бўлган ишончга таъсир қилади.

ОАК: “Ўсиш – табиий ва объектив жараён”
ОАК эса бу танқидларга жавобан қатор рақамлар ва далилларни келтирди. Унга кўра, 2000 йилда аҳоли 24 млн бўлган бўлса, ҳозир 38 млндан ошган, олий таълим муассасалари сони 62 тадан 200 дан ошган, талабалар қамрови 8%дан қарийб 50%га етган ва докторантлар сони бир неча баробарга кўпайган. Комиссия фикрича, илмий даражалар сони ошиши табиий демографик ва институционал ўсиш натижаси.
Шу билан бирга, ОАК плагиат назорати кучайганини, диссертациялар 1,5 млрд манба асосида текширилаётганини ва кўплаб ишлар қайта ишлашга қайтарилаётганини таъкидлайди.

Аммо, ОАК бу ерда сон ва сифат ўртасидаги номутаносибликни негадир ҳисобга олмаяпти.
Расмий рақамлар ўсишни кўрсатяпти, аммо халқаро майдондаги кўрсаткичлар бошқа манзараларни очмоқда.

Масалан, Retraction Watch маълумотларига кўра, мақолалар қайтарилиши (retraction) бўйича Ўзбекистон 30 таликдан жой олган. Қайтарилган мақолаларнинг бир қисми плагиат ва сифат муаммолари билан боғлиқ.
Яна бир оғриқли муаммо, пул эвазига сифатсиз ёки текширилмаган мақолаларни чоп этадиган (predatory) журналлар масаласи. Илмий ҳамжамиятда тан олинмаган, аммо пул эвазига мақола чоп этадиган бундай журналларда Ўзбекистондан чиққан мақолалар сони юқори экани ҳақида халқаро таҳлилларда қайд этилган. Айнан шу ҳолат илмий натижаларнинг реал қийматини пасайтиради.

Илмий даража фақат диплом эмас, балки билим сифати индикаторидир. Агар даражалар осон берилаётган бўлса, тадқиқотлар чуқур мулоҳаза юритишни талаб қилмаса, мақолалар шубҳали журналларда чиқса, унда бутун тизимда «инфляция» юзага келади. Яъни, дипломлар кўпайиб, қиймат эса тушиб кетади, бу шундоқ кўриниб турган оддий нарса.

Ва биз бунинг оқибатларини кўряпмиз мана, халқаро рейтингларда пасайиш, ўзбек олимларига ишончнинг камайиши, илмий натижаларнинг амалиётга таъсири сусайиши.

Мансабдорлар феномени ҳақиқатми ёки муболаға?

Аюпов кўтарган энг баҳсли масалалардан бири, мансабдорларнинг тезкор илмий ўсиши эди. ОАК буни қонун доирасида амалга оширилаётган жараён деб ҳисоблайди. Лекин бу ерда муҳим нарса шундаки, агар тизим формал талабларни бажаришга айланиб қолса, унда ҳатто қонуний жараён ҳам сифатни таъминламайди.

ОАК рақамлар билан тизимдаги ўсишни асослайди, ҳа, бу ҳақиқат. Аммо, Аюпов сифат муаммосини кўтаряпти, сиз буни сонлар билан енголмайсиз, жаноблар. Бу инкор қилиб бўлмайдиган, жаҳон статистикаси исботлаб турган реаллик.

Ҳар қанча тортишилса ҳам ҳал бўлмайдиган ҳақиқат шундаки, Ўзбекистонда илм-фан сон жиҳатидан ўсмоқда, аммо сифат масаласи бизнинг юзимизни рейтингларда очиб беряпти.

Ўзбекистон университетлари жаҳон рейтингларида

2026 йилги QS World University Rankings натижаларига кўра, Ўзбекистондан 7 та университет дунё рейтингига кирган. Уларнинг энг юқори натижаси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари миллий тадқиқот университети (TIIAME) томонидан қайд этилган бўлиб, у 469-ўринни эгаллаб, илк бор топ-500 таликка кирган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Миллий университети 721-730 ўрин, Тошкент давлат техника университети эса 901-950 ўринда.
Бутун мамлакатда 1 та университет – топ-500, 2-3 та университет топ-1000 ичида барқарор. Қолганлари 1000 дан паст.

Times Higher Education рейтингларида эса, вазият янада ёмонроқ, ҳозирча ўзбек университетлари асосан предмет (subject) рейтингларида 300-1000 оралиғида қайд этилган. Яъни, умумий (overall) рейтингларда юқори позициялар мутлақо мустаҳкам эмас.

Минтақавий рақобатда ҳам Ўзбекистон ҳолати сон бўйича биринчи, аммо сифат бўйича вазият бундай эмас.
Масалан, Қозоғистон QS World University Rankings да бир нечта университетлар топ-300–400 оралиғида. Айтайлик, Al-Farabi Kazakh National University 250–300 диапазонида қайд этилган.

Муаммонинг асосий сабаблари нимада? Илмий мақолалар ва иқтибослар (citation) ҳажмининг пастлиги, халқаро профессор-ўқитувчилар улушининг чеклангани, илмий тадқиқот ва индустрия интеграциясининг етарли эмаслиги, шунингдек университетлар бренди ва академик нуфуз (academic reputation)нинг пастлиги мазкур ҳолатни юзага келтирган, аниқроғи, сон ва сифат орасидаги фарқни ушлаб турибди.

ОАК танқидларга раддия бериш билан чекланмай, балки мавжуд муаммоларга қарши биргаликдаги курашни, ҳамкорлик ва маслаҳатлашувни танласа, илм-фан йўлидаги тўсиқларимиз тезроқ бартараф бўлган бўлар эди. Зеро, имкон борича эртароқ бошланган халқаро интеграция, академик автономия ва илмий инвестициялар бизни жаҳон рейтингларида етакчи ўринларга олиб чиқади, бунинг учун Ўзбекистонда илмий салоҳият етарли.

М.Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар