Гўшт нархи кескин ошмоқда: импортга қарамлик ва ички муаммолар бозорни издан чиқармоқда

26.03.2026 20:23

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда гўшт нархлари сезиларли даражада ошди ва бу аҳоли харажатларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Аҳоли ва мутахассислар бу ҳолатни бир қатор ички ва ташқи омиллар билан изоҳлаяпти.

Маълум бўлишича, улгуржи гўшт нархлари бир ой ичида ўртача 7-8 фоизга ошган. Айрим ҳудудларда эса, бу кўрсаткич 10 фоизгача етгани қайд этилмоқда.

Тошкент шаҳрида бугунги кунда мол гўшти улгуржи нархи 75-108 минг сўм атрофида, чакана бозорларда суякcиз мол гўшти 180-200 минг сўмгача етиб борган.

Қўй гўшти ҳам арзон эмас – унинг нархи 85-110 минг сўм оралиғида. Шу билан бирга, импорт қилинадиган гўшт маҳсулотлари нархи ҳам ошиш тенденциясини кўрсатмоқда.

Расмий статистикаларга кўра, 2024 йил якуни билан таққослаганда, гўшт маҳсулотлари ўртача 15-18 фоизга қимматлашган. Бу эса, озиқ-овқат инфляциясининг асосий драйверларидан бирига айланган.

Нарх ошишига нима сабаб бўлмоқда? Мутахассислар гўшт нархининг ошишини бир нечта омиллар билан боғлайди:
- Россияда чорвачиликка таъсир қилган касалликлар сабабли экспорт ҳажмларининг қисқариши;
- Қозоғистон томонидан гўшт экспортига қўйилган вақтинчалик чекловлар;
- Импортга юқори даражада қарамлик;
- Озуқа (ем-хашак) нархларининг қимматлашуви;
- Логистика ва ташиш харажатларининг ошиши.
Айрим таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда истеъмол қилинаётган гўштнинг 20-25 фоизи импорт ҳисобига тўғри келади. Бу эса, ташқи бозордаги ҳар қандай ўзгариш ички нархларга тез таъсир қилишини билдиради.

Муаммо фақат импорт билан чекланиб қолмаяпти. Ички ишлаб чиқаришда ҳам қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, ем-хашак танқислиги ва унинг нархи ошиши чорвачилик харажатларини кўпайтирган.

Бундан ташқари, айрим ҳудудларда чорва сони ўсиш суръатлари талаб даражасига мос келмаяпти. Натижада, бозорда таклиф чекланиб, нархларга босим кучаймоқда.

Маълум бўлишича, ҳукумат томонидан гўшт нархларини барқарорлаштириш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, чорвачиликни қўллаб-қувватлаш дастурларини кенгайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ем ишлаб чиқаришни ошириш, импорт географиясини диверсификация қилиш, йирик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш чоралари кўриляпти.

Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, гўшт нархлари қисқа муддатда пасайиши қийин. Ташқи омиллар ва ички ишлаб чиқаришдаги муаммолар сақланиб қолар экан, бозордаги босим давом этиши турган гап. Бу эса, аҳоли харажатларида гўшт маҳсулотларининг улуши янада ошишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар