Юмшоқ овқат ва комфорт муҳити инсон қиёфасини ўзгартирмоқдами?

08.05.2026 16:52

 Сўнгги юз йил ичида инсоният ҳаётида технология, тиббиёт ва озиқ-овқат соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Аммо бу ўзгаришлар фақат турмуш тарзига эмас, инсон танаси ва ҳатто бош суяги шаклига ҳам таъсир кўрсатаётгани аниқланмоқда.
Япониялик антропологлар томонидан ўтказилган тадқиқот мамлакат аҳолиси бош суяги шаклида сўнгги 100 йил давомида сезиларли ўзгаришлар рўй берганини кўрсатди. Олимлар бу ҳолатни генетик эмас, балки ҳаёт тарзи ва озиқланиш маданияти билан боғламоқда.
 
Масалан, қаттиқ овқатдан юмшоқ рационга ўтиш. Инсон юзи ва жағ суякларининг шаклланишида чайнаш жараёни муҳим роль ўйнайди. Илгари одамлар қаттиқ илдиз мевалар, дағал дон маҳсулотлари ва кам ишлов берилган гўштни узоқ вақт чайнашга мажбур бўлган. Бу эса чайнаш мушакларининг доимий фаол ишлашини таъминлаган.
Замонавий инсон эса асосан термик ишлов берилган, юмшоқ ва тайёр овқатларни истеъмол қилади. Натижада чайнаш мушаклари аввалгидек кучли ишламай қўйган.
Олимлар фикрича, мушаклар фаолияти камайиши юз суякларининг шаклига ҳам таъсир қилмоқда. Ёноқ суяклари ингичкалашиб, юз қисми нисбатан чўзилган кўриниш ола бошлаган. Бу жараён муайян маънода жисмоний машқ қилмайдиган одам мушакларининг кичрайишига ўхшайди, фақат бу сафар ўзгариш суяк тузилишида намоён бўлмоқда.
 
Нега пешона шакли ҳам ўзгармоқда? Тадқиқотнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири, японларда пешона қисми кенгайиш ўрнига, пастроқ ва текисроқ шаклга ўтаётганидир.
Мутахассислар бу ҳолатни мия ҳажмининг кичрайиши билан эмас, балки бош суягининг умумий архитектоникаси ўзгариши билан изоҳламоқда. Яъни, инсон бош суяги аста-секин юмалоқроқ шаклга кирмоқда.
Бу ўзгаришлар инсон организми ташқи муҳитга қандай тез мослаша олишини яна бир бор намоён қилади.
 
Шунингдек, эркак ва аёл қиёфаси ўртасидаги фарқ ҳам кучайиб бормоқда. Антропологларни ҳайратга солган ҳолат, эркак ва аёл бош суяклари ўртасидаги фарқнинг камайиш ўрнига, аксинча, янада яққоллашганидир.
Олимлар буни замонавий тиббиёт ва яхши озиқланиш билан боғламоқда. Илгари очлик, оғир меҳнат ва касалликлар организм ривожланишини чеклаб келган бўлса, ҳозир инсон танаси ўз генетик имкониятларини тўлиқроқ намоён қилиш имконига эга бўлмоқда.
Натижада, ҳар бир жинсга хос табиий анатомик хусусиятлар ҳам аниқроқ кўрина бошлаган.
 
Мутахассислар бу ўзгаришлар инсон ДНКсининг кескин эволюцияси эмас деб ҳисоблашмоқда. Улар фикрига кўра, асосий омил муҳит ва турмуш тарзи.
Юмшоқ овқатлар, доимий иссиқ хона, витаминларга бой рацион ва жисмоний меҳнатнинг камайиши инсон ташқи қиёфасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
 
Айтиш мумкинки, инсон бош суяги шаклланишида фақат генетика ёки озиқланиш эмас, балки болаликдаги парвариш усуллари ҳам муайян таъсир кўрсатади. Масалан, ўзбек жамиятида чақалоқларни узоқ вақт бешикка ётқизиш анъанаси туфайли айрим болаларда бошнинг орқа қисми нисбатан япалоқ шаклланиши кузатилиши мумкин. Чунки чақалоқ бош суяги ҳаётнинг илк ойларида жуда юмшоқ ва ташқи босимга мослашувчан бўлади. Албатта, бу ҳолат жиддий тиббий муаммо ҳисобланмайди, аммо у муҳит ва турмуш тарзи инсон ташқи қиёфаси шаклланишида қанчалик муҳим омил эканини кўрсатади.
 
Шундай қилиб, замонавий комфорт муҳити фақат ҳаётимизни енгиллаштирибгина қолмай, инсон танаси ва юз тузилишини ҳам аста-секин қайта шакллантирмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар