“Док-1 Макс” иши, 33 минг доллар пора, шаффофлик кўринмаётган тизим – Антикоррупция агентлиги фармацевтикадаги хавфли “тирқиш”ларни очиқлади

07.05.2026 16:49

Ўзбекистонда ўнлаб болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” фожиаси ортидан фармацевтика соҳасидаги коррупциявий хавфлар яна кун тартибига чиқди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган таҳлиллар тизимдаги муаммолар фақат битта дори билан чекланмаслигини, аксинча, бутун соҳада шаффофлик ва назорат етишмаслиги сақланиб турганини кўрсатяпти.

Агентлик фармацевтика соҳасидаги коррупция оддий иқтисодий жиноят эмаслиги, у инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид солишини таъкидламоқда. “Док-1 Макс” билан боғлиқ мудҳиш воқеа эса, тизимдаги камчиликлар қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб берди.
Таҳлилларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қошидаги Экспертлар кенгаши фаолиятида жиддий ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Хусусан, кенгаш аъзоларини танлаш ва тайинлаш тартиби қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган. Шу билан бирга, кенгашнинг айрим аъзолари бир вақтнинг ўзида марказда раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлагани манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлган.

Агентлик мисол сифатида марказ бўлим бошлиғи Нодирбек Мусаевни келтирган. У “Док-1 Макс”ни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида ҳам иштирок этган, ҳам кенгаш аъзоси сифатида қарор қабул қилишда овоз берган.


Тизимда шаффофлик деярли йўқ, демоқда текширувлар. Экспертлар кенгаши аъзолари рўйхати, қабул қилинган қарорлар, чораклик ва йиллик ҳисоботлар жамоатчилик учун очиқ эмас. Дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёни ҳам ёпиқ ҳолда амалга оширилади.

Таҳлилларда коррупциянинг аниқ кўринишларига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган “Кураракс 200” ва “Кураракс 400” дори воситалари бўйича шубҳалар пайдо бўлганидан кейин инспекцион текширув ўтказиш белгиланган. Аммо компания раҳбари Р.Сингҳ томонидан масъул ходимларга 33 минг доллар пора берилгани ва текширув бекор қилингани айтилмоқда.

Агентлик бу ҳолатни давлат назоратининг заифлиги ва инсон омили ҳаддан ташқари кучли бўлган тизим оқибати сифатида баҳоламоқда.

Шунингдек, инспекцион текширувлар амалда халқаро стандартларга зид тарзда ташкил этилгани қайд этилди. Ҳозирда дори ишлаб чиқариш шароитларини текшириш ваколати “Зарур амалиётлар маркази” давлат унитар корхонасига берилган. Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа стандартларига кўра, бундай ваколат бевосита давлат назоратида, яъни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бўлиши керак.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги соҳани ислоҳ қилиш учун бир қатор таклифларни илгари сурди. Улар орасида дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш, аризаларни фақат my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш, экспертлар кенгаши йиғилишларини онлайн трансляция қилиш каби чоралар бор.

Шунингдек, кенгаш таркибига мустақил олимлар ва амалиётчиларни жалб қилиш, йиллик ҳисоботларни очиқ эълон қилиш ҳамда инспекцион текширув ваколатини тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига қайтариш таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида “Док-1 Макс” сиропидан заҳарланиш ортидан Ўзбекистонда катта фожиа юз берган эди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу дори 68 нафар бола ўлимига сабаб бўлган, яна 16 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

2026 йил февраль ойида ушбу иш бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Ҳиндистон фуқароси ва Quramax Medical компанияси раҳбари Сингҳ Рагвендра Пратар 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев 18 йил, унинг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев эса 16 йилдан қамоқ жазосини олди.

Суд қарорига мувофиқ, ҳалок бўлган 68 нафар боланинг оилаларига 1 миллиард сўмдан, жабрланган ва ногирон бўлиб қолган болаларнинг қонуний вакилларига эса 500 миллион ва 200 миллион сўмдан товон пули ундирилиши белгиланган.
“Док-1 Макс” фожиаси Ўзбекистон фармацевтика тизими учун қаттиқ огоҳлантириш бўлди. Бироқ, агентлик таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, агар соҳадаги коррупциявий “тирқиш”лар ёпилмаса, бундай фожиалар такрорланиш хавфи ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Агентлик тутган ойнадан қўрқинчли тасвирлар кўринмоқда. Болаларимиз, келажагимиз кимларнинг қўлида қолиб кетганини кўришнинг ўзи даҳшатли.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар