Ташқи реклама ва ахборот воситаларини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш мақсадида янги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Рақобат қўмитаси томонидан тайёрланган “Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қўмита маълумотига кўра, ҳужжат ташқи ахборот воситаларини тизимли тартибга солиш, ташқи ёзувларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек амалиётда турли баҳс ва келишмовчиликларга сабаб бўлаётган тушунчаларга аниқлик киритишни назарда тутади.
Лойиҳада “ташқи ахборот воситаси”, “ташқи ёзув”, “ахборот кўрсаткичи”, “пешлавҳа”, “эълон” ва “маълумотлар тахтаси” каби атамаларга ҳуқуқий таърифлар берилмоқда. Ҳужжатга кўра, ташқи ахборот воситалари ташқи муҳитга қаратилган, аммо тижорат мақсадини кўзламаган ахборот воситалари ҳисобланади. Шу сабабли уларга реклама ёки тижорий мазмундаги тасвир ва ёзувларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар фаолияти учун муҳим бўлган пешлавҳалар реклама объекти сифатида баҳоланмаслиги белгиланмоқда. Хусусан, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида жойлаштирилган ташкилот номи ёки фаолият йўналишини англатувчи ёзувлар — масалан, “дорихона”, “сартарошхона”, “супермаркет”, “миллий таомлар” ёки “қурилиш моллари дўкони” каби пешлавҳалар ташқи реклама ҳисобланмайди.
Янги тартибга кўра, тадбиркор эгаллаб турган бинода унинг номи, фаолият тури ёки маҳсулоти ҳақидаги ахборотни жойлаштириш учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди. Шунингдек, бундай ахборотлар учун қўшимча рухсатнома олиш ёки тўлов амалга ошириш мажбурияти ҳам бўлмайди.
Ҳужжатда реклама тушунчасига ҳам аниқ таъриф берилган. Унга кўра, маҳсулот ёки хизматга эътибор жалб қилиш, унга қизиқиш уйғотиш ва бозорда фойда олиш мақсадида илгари суришга қаратилган махсус ахборот реклама ҳисобланади.
Қайд этилишича, хусусий мулк ҳисобланган биноларда ташқи реклама конструкцияларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи реклама жойи паспортини расмийлаштириш маҳаллий ҳокимликлар ваколатига киради. Тошкент шаҳрида эса, бу вазифани ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти амалга оширади.
Рақобат қўмитаси реклама мазмунининг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини назорат қилади. Яъни, давлат назорати реклама конструкцияси эмас, балки унинг контенти устидан олиб борилади.
Қўмита тадбиркорлар, ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни мазкур лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирган. Таъкидланишича, келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар ҳужжатни янада такомиллаштиришда инобатга олинади.
Мазкур ташаббус давлат раҳбари томонидан ҳам маъқулланган ва уни амалиётга жорий этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берилган. Лойиҳа муҳокамаси 25 апрелдан бошланган бўлиб, 10 майга қадар давом этади.