“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ: нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими амалда” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасидаги амалий натижалар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.

Унда ушбу ташаббусларнинг асосий мақсади – мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, “яширин иқтисодиёт” ҳажмини қисқартириш, юқори хавф мавжуд бўлган олди-сотди муносабатларида замонавий рақамли ечимларни жорий этиш, шунингдек аҳоли ва бизнес субектлари учун янада қулай, тезкор ҳамда шаффоф молиявий хизматларни яратишдан иборатлиги маълум қилинди.
Фармон ижроси доирасида амалга оширилган инвентаризация ва мониторинг ишлари натижасида 56 та нотариал идора қамраб олиниб, улар билан мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шунингдек 238 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси мониторинг қилиниб, улардан 224 таси банк мижозларига тегишли бўлган. Бундан ташқари, 177 та алкогол маҳсулотлари савдо нуқтаси, 34 та тамаки маҳсулотлари савдо нуқтаси ҳамда 4 та истироҳат боғи ва болалар ўйингоҳлари фаолияти ҳам ўрганилгани айтилди.

Банк томонидан кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида хавфсиз ҳисоб-китобларни таъминлаш мақсадида эскроу ҳисобварақлари тизими кенг жорий этилган. Ушбу тизим учун 2026 йил 30 мартдан бошлаб махсус тарифлар ва комиссиялар тасдиқланиб, амалиётга киритилган. Шу билан бирга, зарур бизнес-жараёнлар, ариза шакллари ҳамда намунавий шартномалар ишлаб чиқилган.

2026 йил 1 апрелдан 29 апрелга қадар бўлган даврда 4 215 та эскроу ҳисобварағи орқали муваффақиятли хизмат кўрсатилганлиги таъкидланди. Ушбу операциялар бўйича умумий транзакция ҳажми 104,8 миллиард сўмни ташкил этган.
Ўз навбатида, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида замонавий тўлов шакллантириш мақсадида ягона QR-kod тизими жорий қилинганлиги айтилди. Мавжуд эскирган терминаллар янгиларига алмаштирилиб, "UZCARD" ва "HUMO" карталари орқали узлуксиз ҳамда барқарор тўловларни қабул қилиш таъминланган. Шу билан бирга операторларни реал вақт режимида хабардор қилувчи telegram-bot ишга туширилган ҳамда 24/7 техник кўмак хизмати ташкил қилинган. Жойлардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш учун махсус телеграм ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилганлиги эътироф этилди.

Шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш мақсадида, банк томонидан қатор акциялар ва бонус дастурлари йўлга қўйилганлиги айтилди.