Навоийда бир неча кун қизғин давом этган «Медиа ҳафталик» якунланди

09.05.2026 07:25

Миллий медиада кадрлар салоҳиятини юксалтиришнинг амалий натижалари: Навоийда якунланган ҳафталик соҳа вакиллари учун янги билим ва тажриба алмашинув майдони бўлди. 

Навоий вилоятида бир неча кун қизғин давом этган «Медиа ҳафталик» ниҳоясига етди.

Ҳафталикнинг сўнгги кунида бўлиб ўтган йирик Медиа форум лойиҳанинг ҳудуддаги сарҳисобига айланиб, ўзбек миллий ахборот маконини замон талаблари асосида янгилашга қаратилган қатор амалий чора-тадбирларни ўртага ташлади. 

Форумда ҳар бир ғоя, ҳар бир ташаббус ва ҳар бир медиа маҳсулот нафақат ички ахборот майдонимизни бойитиши, балки мамлакатимиз имижи ва халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани таъкидланди. 

Тадбир доирасида Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда «Алоқабанк» мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ёш контент-мейкерлар, блогер ва журналистларни тизимли қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал ўсишини таъминлаш учун тақдим этилаётган янги имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил сўз юритилди. 

 Ҳафталик доирасидаги назарий билимлар амалий рағбат билан уйғунлашиб кетди. Ўзларининг креатив ёндашуви ва изланишлари учун 12 нафар фаол контент-мейкер махсус пластик карталар билан тақдирланди. Янги ғояларга очиқлиги ҳамда медиа соҳасидаги замонавий билим ва кўникмаларини оширганининг муносиб эътирофи сифатида 200 га яқин иштирокчига сертификатлар топширилди. 

Навоийдаги мазкур «Медиа ҳафталик» турли авлод ва қарашдаги медиа вакилларини бир мақсад йўлида бирлаштирган, фикр ва тажриба алмашинувини янги босқичга олиб чиққан чинакам ижодий платформага айланди.

Энг муҳими, ушбу мулоқот ва илгари сурилган ташаббуслар яқин келажакда янада сифатли, глобал миқёсда рақобатбардош ва халқчил миллий медиамизни шакллантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар