Ўзбекистонда маҳаллий авиақатновлар чипталарини арзонлаштириш мақсадида давлат томонидан субсидия ажратиш механизми жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилган.
Вазирлик расмийси 3–6 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 59-йиғилиши доирасида транспорт соҳасидаги бугунги мураккаб вазият ва авиақатновлар билан боғлиқ долзарб муаммолар ҳақида тўхталган. Унинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги геосиёсий можаролар халқаро авиация бозорига жиддий таъсир кўрсатган.
Жасурбек Чориевга кўра, минтақа портларининг ёпилиши нефть логистикасига салбий таъсир ўтказиб, ёнилғи нархининг кескин ошишига сабаб бўлган. Бу эса, авиакомпаниялар харажатларини сезиларли даражада кўпайтирган. Чунки авиация соҳасида умумий харажатларнинг қарийб 45 фоизи ёнилғи ҳиссасига тўғри келади.
“Ёнилғи нархи икки баробарга қимматлашди. Бу эса, табиий равишда авиачипталар қийматига ҳам таъсир қилди. Бундан ташқари, айрим йўналишларда учиш вақти ҳам узайди. Масалан, аввал Дубайга уч соатда етиб борилган бўлса, ҳозир 4–4,5 соат вақт сарфланмоқда. Airbus 320 самолётининг ҳар бир соатлик парвози ўртача 10–15 минг долларга тушади. Шу нуқтаи назардан қараганда, геосиёсий можароларнинг авиация соҳасига таъсири жуда катта”, деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, у Ўзбекистонда авиарейслар сонининг камлиги ва кичик сиғимли самолётлар жалб қилинмаётгани ҳақида ҳам изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунё бозорида самолётлар танқислиги кузатилмоқда. Хусусан, Boeing компанияси самолёт етказиб бериш ҳажмини қисқартиргани сабабли, ҳаво кемалари нархи кескин ошиб кетган.
Жасурбек Чориев айрим ҳолатларда самолётлар нархи 150 фоизгача қимматлашганини таъкидлаб, бу авиакомпаниялар учун иқтисодий жиҳатдан жиддий босим бўлаётганини билдирди. Унинг фикрича, қиммат самолётларни йўловчилар сони кам бўлган йўналишларга қўйиш ўзини оқламайди.
Вазир ўринбосари кичик самолётлар орқали чипталарни автоматик тарзда арзонлаштириш мумкин деган қараш ҳам тўғри эмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, кичик ҳаво кемаларида ҳар бир ўриндиқ таннархи каттароқ самолётларга нисбатан юқори бўлиши мумкин. Шу сабабли лоукостер авиакомпаниялар асосан бир самолётга кўпроқ йўловчи жойлаштириш ҳисобига арзон тариф таклиф қилади.
“Кўпчилик кичик самолёт – арзон чипта деган фикрда. Аслида эса, самолёт қанча катта бўлса, ўриндиқлар сони орқали харажатлар шунча самарали тақсимланади. Лоукостерлар ҳам айнан шу усулда ишлайди: сервисни қисқартиради ва самолётга кўпроқ йўловчи жойлаштиради”, деган у.
Шу билан бирга, вазирлик маҳаллий авиақатновларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизм устида иш олиб бораётганини маълум қилган. Жасурбек Чориевнинг сўзларига кўра, президент топшириғи асосида маҳаллий рейслар учун авиачипталарни давлат томонидан субсидиялашга оид қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ҳозирда ҳужжат бўйича якуний келишув жараёнлари давом этмоқда. Қарор қабул қилинганидан сўнг, маҳаллий йўналишларда йўловчилар учун чипта нархининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши мумкин.
Вазир ўринбосари субсидия натижасида чипталар қачон ва қанча миқдорда арзонлашиши ҳақида аниқ маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида янги халқаро аэропорт қурилиши июнь ойида бошланиши, лойиҳанинг умумий қиймати эса 4,5 миллиард долларга баҳоланаётгани ҳақида хабар берилган эди.