Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бошқарувчилар Кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Молиявий бўлмаган хизматлар КЎБ ўсиши катализатори сифатида” мавзусида сессия ташкил этилди.

Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБнинг йиллик йиғилиши ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини барқарор ривожланиш ва иқтисодий интеграциянинг асосий масалаларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Тадбирларда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг ҳақиқий воситаларини намойиш этадиган бизнес сессиялари ва амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Молиявий бўлмаган хизматлар КЎБ ўсиши катализатори сифатида” сессияси банкнинг молиявий бўлмаган хизматларининг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришдаги ролига бағишланди. Иштирокчилар томонидан нима учун молиялаштиришнинг ўзи етарли эмаслиги ва ўқитиш, менторинг, маслаҳат ва бозорга киришга доир барқарор бизнес моделларини қандай шакллантириши каби муҳим мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Хусусий сектор молия институтлари бўйича директори Суҳайл Ёқуб Хон модераторлигида ўтган сессияда банк Бошқаруви раиси Саҳи Аннакличев томонидан номолиявий хизматларга эътибор қаратилган ҳолда банкни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг яхлит экотизимига айлантириш стратегияси тақдим этилди.
Ўз навбатида, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари ва тадбиркорлар томонидан халқаро тажриба, жаҳон ва Европа бозорларига чиқиш ҳамда йирик лойиҳаларга доир тақдимотлар қилинди.

Шунингдек, маърузачилар томонидан банк трансформацияси ва КЎБни расмийлаштириш дастурлари, шунингдек, хизматларнинг экотизими ва банкнинг рақамли платформасини ривожлантиришга қаратилган жорий ва истиқболдаги номолиявий хизматлар ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Молиявий бўлмаган хизматлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг стратегик воситаси эканлигини намойиш этиш, инвестициялар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, компанияларнинг ўсишини тезлаштириш ва уларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини ошириш мақсадида ташкил этилган сессия муҳокамаларга бой бўлди.
Саҳи Аннакличев, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқаруви раиси:
— Бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлиги ва мослашувчанлигининг асосидир ва бизнинг асосий вазифамиз ҳам молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, энг муҳими, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг тўлиқ экотизимини яратишдир. Ривожланиш банкининг қиймати молиявий кўрсаткичлар билан эмас, балки қанча одам ўсиши ва ўзини англашига ёрдам бергани билан ўлчанади. Шунинг учун биз молиявий бўлмаган хизматларни кейинги асосий босқич — бизнесни мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва янги бозорларга чиқишга ёрдам берадиган восита деб биламиз.

Умуман олганда, сессия иштирокчилари молиявий бўлмаган хизматлар капиталга кириш билан бир қаторда муҳим роль ўйнайдиган комплекс ёндашувсиз кичик ва ўрта бизнесни барқарор ривожлантириш мумкин эмаслигига рози бўлишди. Билим, рақамли воситалар ва глобал бозорларга интеграция орқали тадбиркорларнинг имкониятларини кенгайтириш янада рақобатбардош ва барқарор иқтисодиётни шакллантиради. Бундай ташаббуслар алоҳида компанияларни кучайтиради ва бутун бизнес муҳити учун мультипликатив эффект яратади.
Шу билан бирга, анжуман доирасида бир қатор учрашувлар ташкил этилди. Мазкур мулоқотлар давомида банкнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, шунингдек, замонавий молиялаштириш механизмларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Foresight компанияси (Грузия) билан инвестицион шерикликни ривожлантириш истиқболлари, Abu Dhabi Commercial Bank (БАА) билан савдони молиялаштириш ва ғазначилик операциялари йўналишида ҳамкорлик ўрнатиш, Kuveyt Türk Participation Bank (Туркия) билан ислом молияси тамойиллари асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Raiffeisen Bank International (Австрия) билан савдо молияси, ғазначилик хизматлари ҳамда институционал ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Осиё тараққиёт банки Молия, инсон ва ижтимоий ривожлантириш ҳамда давлат бошқаруви секторлари бош директори Кристин Энгстром ва Хусусий сектор операциялари департаменти Хусусий сектор молия институтлари бўйича директори Суҳайл Ёқуб Хон билан ўтказилган учрашувларда стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, жумладан Савдони енгиллаштириш дастури (Trade Facilitation Program) доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, узоқ муддатли молиялаштириш линияларини жалб қилиш, қисман кредит кафолатлари механизмларидан фойдаланиш ҳамда аралаш молиялаштириш инструментларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Standard Chartered Bank (Буюк Британия) билан халқаро молия институтлари кафолатлари остида молиялаштиришни ташкил этиш ва еврооблигациялар чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари, Commerzbank AG (Германия) билан савдо молияси ва аккредитив операцияларини ривожлантириш, Француз тараққиёт агентлиги (Франция) билан барқарор ривожланиш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, ҳамда ICBC Standard Bank (Буюк Британия) билан структуравий молиялаштириш ва еврооблигациялар чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувлар якунларида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ресурс базасини диверсификация қилиш, илғор молиялаштириш инструментларини жорий этиш ҳамда узоқ муддатли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга келишиб олинди.